Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зулфия мукофоти ғолиб ўрнига бошқа бир қизга топширилгани айтилмоқда

Зулфия мукофоти ғолиб ўрнига бошқа бир қизга топширилгани айтилмоқда

«НеМолчи.уз» лойиҳаси кўнгиллиси, Алия Темурийзода тахаллуси билан ижод қилувчи Шаҳноза Эшмирзаева ўзининг Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2020 йилги тақдирланувчиларидан бири бўлганини, лекин йўл қўйилган адолатсизлик сабаб, исм-шарифи тақдирланувчилар сафидан тушиб қолиб, ўрнига бошқа бир қиз мукофот совриндори бўлганини айтмоқда.

«Мен халқаро адабий танлов ғолибаси, Евроосиё ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Халқаро китоб форумининг 6 карра финалчиси, ижоди хорижий адабий тўплам ва нашрларда ёритиб келинаётган ижодкор, Ўзбекистон белгиси кўкрак нишони соҳибаси, қатор республика танловлари ғолибаси (вилоят ё туман босқичи ғолиби бўлиб, республика босқичи иштирокчиси мақомидан фарқли равишда) сифатида Республика финал босқичида юқори баҳо тўплаган эдим. Тақдирланган қиз эса, асосан вилоят ва туман миқёсида ютуқларга эришган, шунингдек, Ҳиндистонда йога фестивалига бориб-келганини адабиёт оламидаги ютуқ деб ҳисоблайдиган бир қизча эди», деб ёзди у.

Унинг айтишича, натижалар ҳақида хабар топгач, апелляция бериш мақсадида, ўша вақтда Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия раиси бўлган Эльмира Боситхоновага қўнғироқ қилади ва муддаойини айтади. Боситхонова унга ҳали ҳужжат эълон қилинмаганини, йўқ ҳужжатга апелляция бера олмаслигимни, Тошкентга борса, Республика саралаш босқичи ёзиб олинган видеотасвирларни «кўтариши»ни, бу видеотасвирлар баҳоланган натижалар билан биргаликда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида сейфда сақланаётганини айтади.

«Ҳужжат эълон қилингач, апелляция бериш учун Тошкентга бордим. Собиқ Хотин-қизлар қўмитаси жойлашган бинода 2020 йил 9 март куни Эльмира Боситхонова билан учрашдим. Ўша даврада Гулжамол Асқарова ҳамда ҳакамлар сафида бўлган Қутлибека Раҳимбоева ҳам бор эди. Қутлибека Раҳимбоева Эльмира Боситхоновага мен юқори баҳо олиб, тақдирланишга тавсия этилганимни, тақдирлашда хатоликка йўл қўйилиб, бошқа бир қиз тақдирланганини айтди. Эльмира Боситхонова «Агар шундай бўлса, баҳоларини кўринглар, хатоликка йўл қўйилган бўлса, апелляция аризасини ёзсин, 16 март куни келса, кўриб чиқамиз,» – деб айтди. Мен аризани ёздим ва кетдим.

2020 йил 11 март куни Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси таркибида ҳам, ҳакамлар сафида ҳам мавжуд бўлган Мунаввара Усмонова менга олган баҳоларимни кўрсатди. Адабиёт йўналишида 27 балл билан Республика бўйича 3-ўринда эдим, яъни, тақдирлашга тавсия этилгандим. Тақдирланган номзод қиз эса жуда паст баҳо олган, ҳакамларнинг айтишича, берилган саволларга ҳам жавоб бера олмаган экан. 16 март куни боришимни айтиб, кетдим. Баҳоларимни кўргач, кўнглим хотиржам бўлиб, бир-икки ҳафтада аризам кўриб чиқилиб, апелляция билан ишим ижобий томонга ҳал бўлишига ишонардим», — эслайди Алия Темурийзода.

Лекин 16 март куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги биносига борганида, уни ичкарига киритишмайди. Эртасига Вазирлар Маҳкамасининг юристи ишга аралашади, Эльмира Боситхонованинг қабулига олиб киришади. Боситхонова юртимизда эпидемиологик вазият юзага келганлиги боис, карантин эълон қилинганини, вазият боришига қараб, узоғи бир-икки ҳафтада иши ҳал бўлишини айтади. Шунингдек, унга 317 та номзод қизнинг ижодий ишлари ва ютуқларини Президентнинг шахсан ўзи чуқур ўрганиб чиқиб, тақдирланувчиларни ўзи танлаб олганини айтади! Ёрдамчиси (16 март куни ичкарига киритмаган аёл) апелляция ўтказилишидан 2 кун аввал хабар бериб, чақириб олишларини айтиб, кузатиб қўяди.

«Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Сенатига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига адолатни тиклашда ёрдам сўраб, аризалар ёздим.

Шу билан кучайтирилган карантин бошланди. Мен бирор умид учқуни милт этиб кўзга ташланишини кутардим. Гап унинг мукофотлигида, олий таълим олиш имтиёзи борлигида эмас. Мен адолат истардим, шу оддийгина бир вазиятда ҳам йўл қўйилган адолатсизлик, ноҳақлик, кўзбўямачилик кўнглимни оғритарди», дейди Алия.

Май ойида Зебо Нурманова исмли вазирлик ходимаси (Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия котиби) қўнғироқ қилади ва аризаси ўрганилаётганини айтади. Лекин матбуот котибининг телеграм каналида номзод қизларнинг эълон қилинган аннотация (эришган ютуқлар ҳақидаги маълумот)лари ичида нега унинг эришган ютуқлари рўйхати қисқартириб ташланганини, халқаро танлов ғолибаси, Евроосиё ижодкорлар уюшмаси аъзоси экани каби жаҳон миқёсидаги ютуқлари буткул ўчириб ташланганини изоҳлаб беролмайди. Номзод мукофотга тақдим этган файл ва унинг қоғозга чиқарилган нусхаси буткул бошқа бўлиб чиқади.

«Шундан сўнг, шунча пайт бирор марта ҳеч қаерда тилга олинмаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясидаги қандайдир экспертлар гуруҳи 317 та номзоднинг ишини кўриб чиқиб, баҳолагани ҳақида гап топилиб қолди. Агар улар бизни баҳоласа, нега ёзувчи-шоирларни, яна баҳолаш жараёнини «шаффоф» деб оғиз кўпиртириб, видеотасвирга олишди? Талаб қилиб ҳам бирор марта кўролмадим шу видеотасвирларни, менга кўрсатишмади. Ҳолбуки, 2020 йил 15 февралдаги Зулфиячи қизлар форумида Эльмира Боситханова алоҳида урғу бериб, бу йилги баҳолаш шаффоф ўтгани, баҳолаш жараёни ҳаммаси видеотасвирга тушириб олингани такрор-такрор таъкидлаган эди. Қани, қаёққа кетди ўша гаплар, ўша шаффофлик? Қўлимда шунча далил туриб, ҳақлигимни исботлай олмаяпман-ку, яна қанақа шаффофлик ҳақида гап бўлиши мумкин?!», — деб ёзади Алия Темурийзода.

Июнь ойида Зебо Нурманова бўшаб кетгани сабабли, шу иш билан шуғулланаётган бошқа бир ходима (Азиза Маҳмудова) билан боғланиб, апелляция тақдири билан қизиқади. У тез фурсатларда маълумот беришини айтади. Лекин ҳанузгача бирорта ҳужжат, бирорта қоғоз қўлига етиб келмайди. Ора-сирада Давлат органларига ёзган аризалари уларга етиб борса, комиссия аризаларни туман ва вилоят комиссияларига йўналтириб, «қўғирчоқ театри» қўйишади. Ҳолбуки, мурожаатчи аризаларида муаммо юқори бўғин – Республика комиссиясида эканини, қуйи бўғин – туман ва вилоят комиссияларига эътирози йўқлигини ёзган.

«Сентябрь ойида яна апелляция тақдири билан қизиқдим. Бу иш ёпилиб кетганини, такрорий ариза ёзишим кераклигини айтишди. Такрорий ариза ёздим. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири менинг вазиятим билан қизиқиб қолганини ва қабулига чақирганини айтишди. Ўша пайтда соғлиғим яхши бўлмагани сабаб (2-бор ковид хасталигидан даволанаётган эдим.) қабулга бора олмадим. Аризам етиб бориши ҳам ноябрь ойи охирига тўғри келди. Ҳеч қанақасига менга ёрдам беришни истамаётган комиссия ходимлари блогер Ақида Ҳанум аралашуви билан мени ёшим 30 га етганига қарамасдан, мукофотга ҳужжат топширишимни, туман ва вилоят саралаш босқичларидан синовсиз ўтказилишимни ва адолат тикланиб, 2021 йилги тақдирлашда тақдирланувчилар сафида менинг исм-шарифим ҳам бўлишини айтишди. Мукофот Низомида «14 ёшга етган ва 30 ёшдан ошмаган» деган шарт мавжуд. Маълумот учун, шу йил декабр ойида 31 ёшга кираман, яъни, ҳали 30 ёшдан ошган ҳисобланмайман. Энди ҳаммаси яхшилик билан якун топганига ишонгандим, йиртиққа ямоқ ҳолида бўлсаям, адолат тикланишига ишонгандим.

Лекин «қўзғолон» бироз тинчиганидан сўнг яна мукофот комиссиясидагилар ўз билганларича иш тутишни бошладилар – туман босқичи ўша пайт ўтиб кетган, ҳужжатларим вилоят комиссиясида бир ойдан кўпроқ чанг босиб ётди. Лекин негадир вилоят босқичидан хабар йўқ эди» — қайд этади у.

Суриштирса, бу йил вилоят босқичига номзодлар чақирилмай, фақат ҳужжатлари кўрилишини айтишади. 2021 йил февраль ойида суриштириб, билганим шу бўладики, Республика комиссиясидагилар уни 30 ёшга кириши муносабати билан ҳужжатларини қайтариб беришни ва у қатнашмаслигини амр этишибди.

«Хуллас, шунақа гап (кўзбўямачилик)лар. Менга бировнинг ўрнига мукофот беришларини истамаган эдим, албатта. Лекин, ҳеч бўлмаса, апелляцияни ўткизиб беришсин, ҳақиқатни юзага чиқаришсин. Ҳеч ким кўрмаган ва эшитмаган ўша экспертлар гуруҳи нимага асосланиб у қизни тақдирлашганини кўрсатиб, ҳақликларини исбот қилиб беришсин? Апелляция ўтказиш мумкин эмас, деган гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки, норозилик бўлса, видеотасвирлар кўриб чиқилиб, адолат тикланиши ҳақида кўп ва хўп бонг уриб бўлинди, Эльмира Боситханова ҳам апелляция ўтказилишини менга бир неча бор такрорлади, ваъда берди. Шундай экан, буни нега пайсалга солишади, ноҳақ бўлсам, шу апелляцияни ўтказиб, мени уялтириб чиқариб юборишсин қўлларидан келса?!

... Хуллас, бу ерда адолатни тиклаш учун фақат Президентнинг шахсан ўзига мурожаат қилишдан бошқа бирорта йўл топишнинг иложи йўқ экан. Мен таслим бўлмайман!» — деб ёзади Алия Темурийзода.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг