Зойир Мирзаев вилоятдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ахборот берди
Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида президент Шавкат Мирзиёев Зойир Мирзаевни Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тавсия этгани ҳақида хабар берилганди.
Номзод ўз тақдимотида вилоятдаги энг долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тўғрисида ахборот берди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида 150 минг нафар аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш, 40 мингта оилани камбағалликдан чиқариш, 15 мингта тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш, 6,5 мингта хизмат ва савдо объектлари ташкил этиш режалаштирилган.
Шулардан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга:
- жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун қўшимча равишда 200 миллиард сўм, келгуси йил учун яна 850 миллиард сўм йўналтириш;
- тадбиркорлик паст ривожланган Пискент, Бўка, Бекобод ва Оққўрғон туманларида 2025 йил 1 январга қадар ер, мол-мулк, айланмадан олинадиган солиқларни 1 фоиз, фойда солиғи ставкасини 50 фоиз миқдорида белгилаш, сотилмасдан турган давлат мулки объектлари бошланғич қийматини 2 баравар камайтириш;
- йил якунигача 34 та маҳаллада Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказларини ташкил этишни топширди.
Зойир Мирзаев вилоятда саноатни ривожлантириш бўйича таклиф ва режаларини баён қилди.
Давлатимиз раҳбари бор имкониятлардан самарали фойдаланса, вилоятда саноатни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мумкинлигини қайд этди.
Мутасаддиларга:
- саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 250 миллиард сўм ажратиш;
- Ангренда каолин хом-ашёсини чуқур қайта ишлаб, фарфор ва керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш;
- Бекобод туманида чегара олди савдо зонасини ишга тушириш;
- вилоятдаги 100 та маҳаллий корхонани экспортчига айлантириш дастурини амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Аграр соҳадаги муаммоларга тўхталар экан, номзод полиз, картошка, мева ва узум ҳосилдорлиги қолган ҳудудлардан 1,5-2 баравар пастлиги, сақлаш ва қайта ишлаш қувватлари камлиги натижасида 35 фоиз маҳсулот йўқотилаётганини қайд этди.
Президентимиз вилоятдаги деҳқончилик ва чорвачиликка масъуллар бор имкониятнинг 50 фоизидан ҳам фойдаланмаётгани, ер майдонлари катта бўлса ҳам, мева-сабзавот экспорти кўпаймаётгани, гўшт етиштириш пойтахт ва вилоят эҳтиёжлари учун умуман етарли эмаслигини кўрсатиб ўтди.
Шу муносабат билан:
- Оҳангарон туманининг тоғ-олди ҳудудларида камида 50 минг гектар ерларни ўзлаштириш дастурини ишлаб чиқиш;
- 9 минг гектарни деҳқон хўжаликларига тарқатиш;
- Тошкент, Паркент, Янгийўл, Қибрайда логистика марказларини ишга тушириб, уларга 50 миллион доллар йўналтириш;
- Тошкент, Паркент ва Қибрай туманларида йил якунига қадар 4 миллион дона мева ва ток кўчатлари тайёрлайдиган питомникларни ташкил қилиш топширилди.
Умуман, аҳоли томорқасидан йилига 2-3 марта ҳосил олиш йўлга қўйилмаса, қишлоқларда муносиб ҳаёт ташкил этиш бўйича қўйилган мақсадга эришиб бўлмаслиги таъкидланди.
Номзод ўз тақдимотида инфратузилмани ривожлантириш масалаларига тўхталди.
Айтилган муаммо ва таклифлардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари 840 та маҳаллада ички йўллар, 579 тасида ичимлик ва оқова сув, 589 тасида электр ва газ таъминоти, 396 тасида мактаб, боғча ва поликлиника таъмирлаш бўйича икки ҳафтада дастур қабул қилиб, бу борадаги ишларни жадал бошлаш вазифасини қўйди. Жумладан:
- Ташаббусли бюджет доирасида энг кўп овоз олган лойиҳалар учун 150 миллиард сўм ажратиш;
- Осиё тараққиёт банкининг Тошкент вилоятида ичимлик ва оқова сув лойиҳасининг 185 миллион долларлик 3-босқичини бошлаш;
- ички йўлларни таъмирлашга давлат бюджетидан 155 миллиард сўм, қўшимча маҳаллий бюджетдан 70 миллиард сўм ажратиш топширилди.
Президентимиз Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл ва Оҳангарон шаҳарларига замонавий электропоезд қатновини йўлга қўйиш вақти келганини таъкидлаб, транспорт вазирига тегишли қарор лойиҳасини киритишга кўрсатма берди.
Туризм соҳасининг ҳолати таҳлил қилинар экан, туристларнинг 80 фоизи Бўстонлиқ туманига бориши, бошқа туманларда инфратузилма ва хизматлар паст даражада эканлиги, ички ва хорижий туристлар сони 1,5 миллион нафарга ҳам етмаслиги таъкидланди.
Президент туризм хизматларини кўрсатишда асосий юк Бўстонлиқ туманига тушаётгани, шу билан бирга Бўстонлиқда бошланган лойиҳалар натижаси ҳали кўринмагани, лойиҳалар ўз ҳолига ташлаб қўйилганини таъкидлади.
Паркент, Ангрен ва Оҳангарон тоғли ҳудудларида замонавий туризм кластерларини ташкил этиш ишларини бошлаш вақти келди, деди давлатимиз раҳбари.
Вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига бир ой муддатда ўз ҳудудида туризмни қандай ривожлантириши бўйича аниқ иш режасини ишлаб чиқиб, ишларни бошлаш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Хорижий экспертни жалб қилиб, вилоят туризмини ривожлантириш “мастер-режа”сини ишлаб чиқиш топширилди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклиф ва режалар баён қилинди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ўз вақтида тайёрлаш зарурлигини таъкидлади, таъмирлаш ишлари ўқув йили бошланишидан ўтиб кетмаслиги ҳақида мутасаддиларни қаттиқ огоҳлантирди.
Олмалиқ шаҳридаги 80-сон махсус мактаб ва Ангрен шаҳридаги 73-сон мактаб-интернатни келгуси йилда таъмирлаш вазифаси қўйилди.
Хорижий экспертни жалб қилиб, 15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети фаолиятини кейинги ўқув йилида йўлга қўйиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига йил якунига қадар 500 нафар оғир беморларни республика марказларида соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди.
Вилоят марказида барча тиббий хизматларни кўрсатадиган ягона марказ йўқлиги қайд этилиб, мутасаддиларга хорижий лойиҳачиларни жалб қилиб, келгуси йилдан Нурафшон кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter