Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зоир Мирзаев Тошкент вилояти собиқ ҳокимининг фармойишини бекор қилди

Зоир Мирзаев Тошкент вилояти собиқ ҳокимининг фармойишини бекор қилди

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Зоир Мирзаев Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг 2021 йил 3 ноябрдаги 179-10-0-Ф/21-сонли фармойишини бекор қилди.

Унинг фармойиши билан Нурафшон шаҳрида катта миқдордаги маблағга ҳайкал мажмуаси ва кутубхона биноси қурилиши жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг тегишли фармойиши билан вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан, вилоят ҳокимининг 2021 йил ноябрь ойидаги фармойишига мувофиқ ажратилган 34 400 000,0 минг (ўттиз тўрт миллиард тўрт юз миллион) сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетига тикланган ҳолда — вилоятдаги ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида вилоят ҳокимлигига 1 650 000,0 минг (бир миллиард олти юз эллик миллион) сўм маблағ ажратилди.

Бунда, Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 3 ноябрдаги 179-10-0-Ф/21-сонли (Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда «Nurafshon Business City» ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилиши тўғрисидаги) фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилди.

18 ноябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Зоир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг