Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зиёратми, тижоратми ёки шаккоклик?

Зиёратми, тижоратми ёки шаккоклик?

Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари билан Самарқанд шаҳрига зиёратга бордик. Дам олиш куни бўлганлиги сабабли зиёратгоҳларда одам кўп.

Зиёратни Имом Бухорий мажмуасидан бошладик. Зиёратгоҳга кираверишда турникет қўйилиб, чипта сотилиши йўлга қўйилган экан. Аммо бир-бирини итариб, олға юришга интилаётган ёшу қари зиёратчилардан пул йиғиб олиш билан кифояланилмоқда.

Ичкарида тумонат одам. Кимдир улуғ аллома мақбараси деворларини силаганча кафтини юзига суртар, кимдир қабрни айланиш билан овора. Мажмуадаги булоқдан сув олиш учун бир-бирига навбат бермай қўлларидаги идишларни тўлдиришга интилаётганлар қанча. Фақатгина саноқли зиёратчиларгина айвонларда ўрнатилган ўриндиқларда ўтириб, Имом Бухорий руҳига атаб тиловат қилмоқда эди.

Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбарасидамиз. Одам тирбандлигидан назоратчиларнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, мактаб ва коллеж ўқувчилари бир-бирининг устига чиққудек бўлиб ичкарига интилади. Амаллаб киргач эса бу ерда абадий қўним топган буюк бобакалонимиз ва унинг авлодлари қабрлари фонида дарҳол селфи қилиб, расмга туша бошлашди.

Иккита қиз ҳиринглаганча мақбара четида туғ остидаги қабр устига чиқиб, суратга туша бошлашди. Асабийлашиб берган танбеҳимдан сўнг тўпланганлар ичида тезда ғойиб бўлишди.

Ўқувчиларни бироз кузатдим, на уларни олиб келган муаллимлар, на уларнинг ўзлари ўтганлар ҳақига дуо қилишди. Шундай ҳолатни Шоҳизинда ёдгорлик мажмуасида ҳам кузатдик. «Самарқанд марвариди» деган номга сазовор бўлган Шоҳизинда ансамбли нафақат тарихий-меъморий ёдгорлик, балки машҳур алломалар, авлиёлар, маликалар, лашкарбошиларнинг абадий оромгоҳи ҳамдир. Қаерга ва нима учун келганини тушунмаган, тўда-тўда бўлиб қўлтиқлашган ёшлар бирма-бир мақбараларга мўралашар, ҳиринглаганча расмга тушишарди.

Энг ачинарлиси, уларнинг ҳеч бири шу ердаги назоратчилар ёки катта ёшдаги инсонларга мурожаат қилиб, бу ерда ким ётгани-ю ёдгорлик қачон ва нима мақсадда қурилганини сўрагани йўқ.

Бибихоним жоме масжидининг кунчиқар томонида бундан олти асрлар илгари барпо қилинган мўъжазгина меъморий обида қад ростлаб турибди. Бу обиданинг гумбази остида Амир Темурнинг суюкли хотини, зукко, тадбиркор, оқила катта хоним – Сароймулкхоним – Бибихоним абадий уйқуда ётибди.

Бибихоним мақбараси зиёратида эса деворга ўз номини «абадий» муҳрлаётган қизнинг олдида турган мураббийи «Йигитингнинг номини ҳам қўшиб ёз» деганини эшитиб, чидаб тура олмай, унга гапиришим билан ўз номларини девор ва панжарага ёзаётган қизларни ҳайдаганча бизнинг гуруҳимиздан узоқлашишга ҳаракат қилди.

Бибихоним масжидида эса ўқувчилар қўлидаги чипси қоғозини, писта пўчоқларини у ёқ-бу ёққа аланглаб, мармар тошдан битилган тарихий лавҳ остига отиб юборишди.

Афсуски, зиёратдан барчамиз кўнглимиз ўта хижил, тушкун кайфиятда қайтдик. Талабаларим рус гуруҳи бўлишига қарамай, уларга қаерга бораётганимизни, зиёрат тартиб-қоидаларини тушунтирган эдим. Улар зиёрат одобидан четга чиқмай, ҳар бир зиёратгоҳда унинг тарихи билан бирга, ўтганлар руҳини шод айлаш учун қилган тиловатимизга қўшилишга ҳаракат қилишди.

Аммо саёҳат давомида кўрганларимиз, кўпчилик ёшларнинг ўзини тутишини кўриб, наҳотки уларни олиб келган етакчилар бу ҳақда уларга тушунча бермаган бўлса деб ўйладим.

Бугунги кунда зиёрат туризми жаҳонда кенг тарқалган бўлиб, ҳар йили бутун дунёда 350 миллионга яқин одам турли ёдгорликларни томоша қилиш учун саёҳатга отланиб, 3 миллиарддан ортиқ сафарни амалга оширишади.

Замонавий зиёрат туризми тижорат ва унинг самарадорлигини баҳолашнинг иқтисодий мезонларини ифодалайдиган оммавий туризмнинг барча моделларини ўзида мужассам этади.

Юртимизда ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки муқаддас қадамжолар, зиёрат ва ибодат объектларига эга бўлган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Биргина 2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакат ичида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида 10 миллиондан ортиқ юртдошимиз Самарқанд, Бухоро, Хива каби дунёга машҳур шаҳарларга саёҳат қилди.

Албатта, бу жуда яхши, аммо аҳолининг аксарият қисми, хусусан, ёшлар – мактаб ва коллеж ўқувчилари бой тарихий меросимиз билан танишиш, улуғ бобокалонларимиз номини ёд, руҳини шод этиш ўрнига борган жойларини ифлослантириши, ножўя хатти-ҳаракатлар қилиши уят ва ачинарли ҳолатдир.

Бунинг олдини олиш мақсадида аввало ўзимиз аҳоли, хусусан, ўқувчиларни зиёрат тартибидан хабардор қилиш, саёҳатларни юксак маданият билан ташкил этишга эътибор қаратишимиз лозим.

Зиёрат одобини бузган, тарихий обидаларга, жиҳозларга шикаст етказган ҳар бир шахсга тегишли чоралар кўриш керак.

Қадимий бинолар ҳар қандай шовқин, кучли ёруғлик таъсирида тез емирилади. Шу сабабли бундай иншоотлар ичида савдо-сотиқни тақиқлаш, тарихий аҳамиятга молик мадраса, мақбараларни фақатгина ташқаридан кўришга рухсат бериш, диний ибодатларга зид бўлган амалларнинг бажарилишига йўл қўймаслик лозим.

Наргис Қосимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг