Зиёрат қилмоқчимисиз? Тошкент вилояти қадамжолари билан танишинг
Юртимизда турли зиёратгоҳ ва обидалар сероб. Карантин талаблари юмшатилгач, инсонлар уйдан чиқиб, кўнгилли саёҳат қилишни истайдилар. Тошкент вилоятида ҳам зиёратгоҳлар ва қадамжолар талайгина. Эътиборингизга улардан энг машҳурларини тақдим этамиз.
Хазрат Али Бува зиёратгоҳи
Паркент тумани Кумушкон қишлоғи «Чашма» маҳалласининг энг юқори қисмида жойлашган. Дастлаб 1982 йилда Кумушкон қишлоғи аҳолиси томонидан ҳашар йўли билан 1 та хонақоҳ ва 1 та айвон барпо этилган. 2010 йилда маҳаллий усталар томонидан қайтадан таъмирланган. Зиёратгоҳда 3 та хонақоҳ, 1 та айвон мавжуд. Қишлоқ одамларининг ривоят қилишича, Пайғамбаримизнинг куёвлари Ҳазрати Али шу жойда намоз ўқиган эмиш. Айрим ривоятларга кўра, унинг қамчисидан, яна баъзи бирларида қайд этилишича, ҳассасидан чинор дарахти кўкариб чиққан. Бу чинор ҳозир ҳам яшнаб турибди. Ушбу муқаддас жойда 5 та булоқ бор. Булоқлардан чиқаётган сув кумушга тўйинган бўлиб, таркибидаги 60 дан ортиқ микроэлементлар ошқозон-ичак касалликлари учун шифо саналади.
Қирқ қиз булоғи
Олмалиқ шаҳридан 6 километр ғарбга юрилганда Кўл ота қишлоғи бор. Унинг юқори томонидаги тоғ тагида 40 та булоқ қайнаб ётибди. Сувларининг таъми ҳар хил. Замонавий тиббиёт уларнинг турли дардларга даво эканини тасдиқлаган. Бу ер ҳозирги пайтда зиёратгоҳга айланган.
Маҳаллий афсоналарга кўра, VIII асрларда бу жойларда бир подшоҳ ҳукм сурган. Унинг ёлғиз қизи бўлган экан. Бир куни ёв бостириб келади. Подшоҳ лашкарлари билан ёвга қарши чиқади. Бироқ ёв сон-саноқсиз эди. Енгилишини сезган подшоҳ қизига чопар юбориб, яширинишни амр этади. Қиз қирқ канизаги билан тоққа қочиб кетаётиб, душман лашкарларига дуч келади. Ор-номусини сақлаб қолиш учун қизлар ўзларини чуқурликдаги кўлга отадилар ва ҳалок бўладилар. Орадан йиллар ўтиб, кўлнинг қуйи қисмида Кўл ота қишлоғи бунёдга келади. Маҳаллий аҳоли бу ерга келиб, булоқларни санаб кўришса, жами қирқта экан. Шунда улар ота-боболари айтиб кетган ҳикояни, яъни кўлга ўзларини ташлаб, ҳалок бўлган қирқ қиз ривоятини эслашади ва унга Қирққиз булоқ дея ном беришади.
Анбар биби мақбараси зиёратгоҳи
Анбар биби мақбараси (ХIV-ХV асрлар) Занги ота умумий мажмуа таркибига кирган тарихий архитектура ёдгорлигидир. Анбар она номи тарихда «Меҳрибон ва саховатли улуғ она» тимсолида муқаддас саналган. Мақбарадаги хилхоналарда жойлашган қабрнинг бирига Анбар биби ва иккинчисига Сулаймон Ҳаким ота Боқирғонийнинг онаси дафн этилганлиги аниқланган. Анбар биби мақбарасининг ҳозирги кунгача асл қиёфаси деярли сақланиб, унинг қадимги гумбази қайта тикланиб, умумий кўриниши қайта таъмирланган. Занги отанинг аҳли аёллари Анбар бибининг асли исми шажарада ёзилишича, Райҳона ва қизлари Қорасоч, унинг асл исми Ойжон бўлиб, вафотларидан сўнг икковлари бир қабристонда дафн қилинганлар.
Заркент ота зиёратгоҳи
Паркент туманидаги Заркент қишлоғининг юқорисида – Чотқол тоғ ён бағрида жойлашган «Заркент бобо», «Қуш қўнмас авлиё» номлари билан машҳур бўлган зиёратгоҳ. Бу ердаги табиий булоқ Заркент қишлоғини ичимлик сув билан таъминлайди. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ушбу зиёратгоҳнинг ўзига хос ноёб хислати мавжуд. Биринчиси, бу жойдаги дарахт ва буталарга булбулдан бошқа қуш қўнмайди. Ривоят қилинишича, асли Шомда туғилган ва замонасининг илмли кишиси бўлган Сайид Жаъфар Ғозий Заркентга келади. Бу ерда у кишига Ҳизр алайҳиссалом учрайди. Сайид Жаъфар Ғозийнинг ташналигини қондириш учун ҳассасини тошга уради ва булоқ пайдо бўлади. Ғозий душманлари таъқибидан халос бўла олмагач, ушбу булоқ атрофидаги бутазорга кириб кетган ва қайтиб чиқмаган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу булоқ сувидан ичган одамлар бўқоқ касали билан деярли оғримас экан.
Сардоба зиёратгоҳи
Озодлик қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган гумбаз шаклида қурилган тарихий обида. Сардоба соҳибқирон Амир Темур томонидан қурдирилган. Бундай сардобалар Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ҳам аниқланган. Қадимда сардоба атрофидан карвон йўли ўтган бўлиб, у ерда қишлоқ жойлашган. Кейинчалик қишлоқ бузилиб, уни одамлар тарк этганда шу сардоба ва унинг ёнидаги катта қабристон қолган. Сардобага маҳаллий аҳоли Қайнарбулоқ дея ном берган.
Ривоятларга кўра Амир Темур аскарларига доимо икки ёки уч донадан ғишт олиб юришларини буюрган. Булоқ бўйларида дам олганда ўша ғиштлардан сардоба қурдириб дам олиш учун маскан ҳозирлар экан. Бу ҳам айнан шу усулда бунёд этилган деган фикрлар мавжуд.
Зангиота ёдгорлик мажмуи
Ўрта Осиёдаги ноёб обидалардан бири Занги ота номи билан машҳур бўлган сўфийлик тарғиботчиси шайх Ойхўжа ибн Тожхўжа шарафига шундай аталади. Гумбазли дарвозахона орқасида иккита пастак минора, уларнинг жануби-ғарбида XX аср бошларида курилган шийпон ва минора бор. Унинг жануби-ғарбида гумбазли, ғишт устунли, деворлар ёзувлар билан безатилган пешайвонли масжид, ҳовлининг қолган уч томонида бир қаватли ҳужралар жойлашган. Занги отанинг асли туғилган ва яшаган маскани Шош вилояти бўлиб, Тошкент билан Қовунчи оралиғидаги Занги ота номли қишлоқ.
Занги отанинг бутун ҳаёти Мовароуннаҳр халқларининг энг оғир даврига тўғри келади. Шундай оғир бир пайтда Занги ота ва унинг шогирдлари халқ оммасини қаҳрамонлик, ватанпарварлик, меҳр-шафқат каби энг олий умуминсоний ғоялар билан озиқлантирди. Занги отанинг бу хизматлари вақти келиб Амир Темур томонидан муносиб тақдирланди. Занги отанинг қабри устида мақбара қад ростлади. 1420 йилда эса Мирзо Улуғбек унинг устига ҳозирги пештоқни бунёд эттирди.
Шодмалик бобо зиёратгоҳи
Ю.Буряков «Тошкент областининг археологик ёдгорликлари»да мазкур зиёратгоҳни Оҳангарон дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган икки хонали ерости сағанаси, ҳовузли чорбоғ ва кейинги вақтларда қурилган турли-туман иморатлардан иборат комплекс эканлиги ҳақида ёзган. Шунингдек, профессор Михаил Евгеньевич Массоннинг гувоҳлик беришича, Шоабдумалик бобонинг қабрлари сақланаётган сағанада жуда кўп қўлёзма ва китоблар бўлиб, улар аввалига текширувчилар томонидан олиб кетилган ва бу қўлёзмалар ҳозир Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари фондида сақланади. Масссоннинг гувоҳлик беришича, бу қўлёзмаларнинг аксарияти Шайх бобонинг дастхатлари билан ёзилган ноёб асарлар бўлиб, уларнинг кўплари илоҳиёт сирлари, туш таъбирлари, тақдир йўналишлари, маърифат талқини, қуръон тафсирлари ва бошқа соҳаларга боғишланган ўттиздан ортиқ қўлёзмалар бўлган. Сағана шарқ меъморчилигининг ажойиб намунаси бўлиб, ер остида кўмилган, унинг асоси 27х28,5 метрни ташкил этган. Сағананинг узунлиги эса 1,87 метрни ташкил қилади, унда ҳозир ҳам Шайх бобонинг суяклари сақланади.
Киндиктепа ёдгорлиги
Киндиктепа қадимги ёдгорлиги - Туябўғиз сув омборининг сув босган ҳудудида (Тошкент денгизида) оролчалар кўринишида қад ростлаган. Милоддан аввалги 2 минг йил олдинга бориб тақалади. Тошкент туманидаги ягона Бурғулуқ маданияти қадимги ёдгорлик обидаси археологлар томонидан топилган. 1970-72 йилларда қазилма ишлари олиб борилган. Сайёҳларни чорлаш мақсадида Оҳангарон соҳилида дам олиш масканлари ҳам барпо этилган.
Албатта, зиёратгоҳларга борганда карантин қоидаларига риоя қилишни унутманг. Шунингдек, зиёрат одобларига ҳам риоя қилинг. Саёҳат давомида қизиқарли тарихий маълумотлар, гўзал табиат манзаралари, тоза ҳаво, ўқилган тиловатлардан сўнг албатта, кўнглингиз таскин топади, асабларингиз дам олади. Зиёратингиз қабул бўлсин.
Нодирабегим Иброҳимова,
Тошкент вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати ходими.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter