Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Зангиотага кунига ўртача 25 нафар бола ётқизиляпти» — бош шифокор

«Зангиотага кунига ўртача 25 нафар бола ётқизиляпти» — бош шифокор

Фото: ССВ матбуот хизмати

Европанинг қатор мамлакатларида пандемиянинг янги тўлқини авж олмоқда. Биргина Россияда кунлик касалланиш кўрсаткичлари 25 минг нафарга етиб, ўлимлар сони антирекорд даража —  илк бор 900 нафардан ошди.

ССВ матбуот хизматига кўра, Ўзбекистонда эпидемиологик ҳолатнинг барқарорлашуви хотиржамликка берилиш учун  асос бўлолмайди.

Тошкент вилоятидаги Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар фақат Зангиота 1-сон ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида қабул қилиняпти. 

— Марказимиз 2 минг ўринга мўлжалланган, — дейди А. Ҳусанов. — Ҳозир бу ерда 1 минг 600 нафар бемор муолажа оляпти. Уларнинг 26 фоизи олтмиш ёшдан ошган фуқаролар бўлса, 160 нафарга яқини болалардан иборат. 

Жами беморларнинг 77 фоизи ўрта оғир, 20 фоизи оғир, 3 фоизи эса ўта оғир ҳолатда. Айни пайтда 153 нафар бемор жонлантириш бўлимида даволаняпти. Кунига ўрта ҳисобда 100-150 нафар беморни қабул қилиб, уларни 7-10 кун давомида саломатлигини тиклаш чораларини кўряпмиз.

Марказ шифокорларининг қайд этишича, касалланиш кўрсаткичларини бундан ҳам пасайтириш мумкин. Бунинг энг самарали йўли — ўз вақтида эмланиш!

Қолаверса, кўча-кўйда, жамоат жойларида фуқароларнинг карантин қоидаларига етарли даражада эътибор қаратмаётгани ҳам эпидемиологик вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Статистик кўрсаткичлардан ҳам аёнки, оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморларнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлар. Уларда касаллик асоратлари оғир кечиши ва тузалиш муддати узайиб кетиши кузатилмоқда. Бундай беморлар билан суҳбатлашилганда, улар вакцина олишни пайсалга солиб келганидан афсусда эканликларини айтишган.

Иккинчи салбий ҳолат шуки, СOVID-19ни юқтириб олаётганлар орасида болалар сони ҳам ортиб бормоқда. Мисол учун, айни кунда Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига кунига ўртача 25 нафар ўғил-қиз ётқизиляпти. Чунки юртимизда кенг тарқалган дельта штамми болаларни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.

— Европа давлатлари илғор тажрибалирдан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам 12 ёшгача бўлган болаларни эмлашга киришилган, — дейди А. Ҳусанов суҳбат давомида. — Шу кунгача 117 минг нафардан зиёд фарзандларимиз вакцина олиб улгурди. Уларнинг ҳеч бирида ножўя таъсирлар кузатилгани йўқ. Шундай экан, бу амалиётни янада оммаллаштириш барчамиз учун фойдали. Чунки болажонларимиз нафақат бемор, балки вирус ташувчи бўлиб қолишлари мумкинлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз зарур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг