«Заҳириддин Муҳаммад Бобур» махсус стипендияси ва кўкрак нишони таъсис этилди
Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номидаги махсус стипендия ҳамда кўкрак нишони жорий этилиши юзасидан Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондонининг буйруғи имзоланди.
Ушбу махсус стипендия билан З.М.Бобурнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, фаолиятини ёритиш, илмий тадқиқ қилиш ва тарғиб этиш йўналишида изланиш олиб бораётган, адабиёт ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналишида алоҳида фаоллик кўрсатаётган ва конференцияларда (танловларда) қатнашган, муаллифлик асосида нашр этилган ишлари (асарлари) мавжудлиги мезонларга асосан ҳар йили 20 майга қадар институтда таҳсил олаётган 1-3 босқич курсантлари рағбатлантирилади.
«Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номидаги кўкрак нишони никель ҳамда тилла қопланган мис қотишмасидан тайёрланган бўлиб, саккиз қиррали тилла рангли юлдуз шаклига эгадир.
Кўкрак нишонининг марказида ҳаво ранг эмаль билан қопланган, орқа томонидан қуёш нурлари таралаётган фонда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг саркардалик маҳорати ва салтанат соҳиби эканлигини англатувчи суворий қиёфасидаги олтин рангда бўлган суръати жойлашган бўлса, унинг юқори қисмида икки томонидан қабариқ саккиз қиррали юлдуз билан ажратилган қабариқ ҳарфларда «BOBUR» деган ёзув мавжуд.
Кўкрак нишонининг орқа томонида эса Давлат герби тасвирланган.
Унинг қадағичидаги қизил, мовий, сариқ ранглардаги шойи лента ҳам ўз маъносига эга бўлиб, у Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган давлат байроғининг рангларини тасвирлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter