Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юлдуз Усмонова vs ИИВ: нималар бўляпти ўзи?

Юлдуз Усмонова vs ИИВ: нималар бўляпти ўзи?

Фото: «YouTube»

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқ орқали ички ишлар органлари ходимларини тикка ҳақоратлагани ортидан унга нисбатан суриштирув ишлари бошланганди.

Кеча бу ҳақда хабар тарқатган Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати бугун Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судида хонаданинг «иши» кўриб чиқилажагини ҳам маълум қилганди.

Бироқ суд бўлмади.

Суд биносида ҳозир бўлган ҳамкасбларимизнинг айтишича, соат 14:00 га белгиланган суд мажлиси тушунарсиз сабаблар билан аввалига бир соатга ортга сурилган. Бироқ шундан кейин ҳам суд бўлмаган. Соат 18:30 гача кутган оммавий ахборот воситалари ходимлари қачонки «иш вақти тугади, бино ёпилади» дейилгандан кейингина туман маъмурий суди биносини тарк этишган.

Манбамизга кўра, Юлдуз Усмоновага оид «дело»нинг ўзи ҳали судга етиб келмагани айтилмоқда. Хонанда қандай ҳуқуқбузарликда айбланаётгани хусусида ҳам аниқ маълумот йўқ. Катта эҳтимол билан унга «ҳақорат қилганлик» айби қўйилиши мумкин.

«Юлдуз Усмонова можароси»га оид тушунарсиз ҳолат шундангина иборат эмас. Кеча ИИВ тарқатган ахборотда у «...жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, ўта маданиятсизлик билан турли ҳақоратомуз сўзларни гапираётгани»га қарамай, хонандага «...белгиланган тартибни тушунтиришга уринган ходимлар, зиддиятли вазият кескинлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида, ушбу аёл билан мулоқотни тўхтатиб, ўз хизмат вазифаларини давом эттирган»ликлари қайд этилади. Яъниким, ходимлар ўша пайтда оддий фуқароларга нисбатан қилишгани каби «ўта маданиятсизлик билан турли ҳақоратомуз сўзларни гапираётган» хонанданинг қўлини қайириб, машинага тиқиб (шу жараёнда оч биқинига бир-икки тушириб), керакли жойга олиб кетишмаган! Балки «мулоқотни тўхтатиб, ўз хизмат вазифаларини давом эттиришган». Шундан кейин ҳам тинчимаган «...Ю.Усмонова ижтимоий тармоқ орқали «онлайн» тарзда ички ишлар органларини обрўсизлантирувчи, асоссиз ҳақоратлар акс эттирилган видеороликни тарқатган».

Ниҳоят, пичоқ суякка етгач, хонандага нисбатан суриштирув ишлари бошланади.

Суриштирув ишлари якунланиб, «дело» тайёр бўлгани ростдирки, бугун ИИВ ахборот хизмати «Юлдузнинг суди бўлади», дея ОАВ ходимларига хабар беради. Бироқ, кўриб турганингиздек, суд мажлиси бўлмади. Бундай тушунарсиз ва сирли вазиятга мантиқли изоҳ ҳам берилгани йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг