Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЙПХга навбатдаги «тарсаки»: ҳайдовчи яна бир судда ютиб чиқди

ЙПХга навбатдаги «тарсаки»: ҳайдовчи яна бир судда ютиб чиқди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкентлик фуқаро Е.Журов машинанинг орқа ён ойнасига парда тақиш масаласида судда ютиб чиқди.

Шу йилнинг 3 август куни Е.Журов «Нексия» русумли автомашинани бошқариб кетаётганда ЙПХ инспектори тўхтатади ва автоуловнинг орқа ён ойналарига берухсат парда қўйиб олганлик айби билан унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид баённома расмийлаштиради. Инпектор бу жараёнда ҳайдовчининг гапларига қулоқ солиб ўтирмагани эҳтимоли катта. Шунингдек, Е.Журовнинг баённомага имзо қўйишдан бош тортгани ҳам.

Шу тариқа Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг (МЖтК) 126-моддаси 1-қисми билан безатилган «дело» судга оширилди. Биласиз, мазкур модда «Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш» дея номланиб, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахс энг кам иш ҳақининг йигирма беш баравари миқдорида жарима тўлашга мажбур этилади.

Йўқ жойдан шунча жарима тўлаш кимга ёқади? Қолаверса, орқа ён ойналардаги парда, 126-модда баёнида кўрсатилганидек, ҳайдовчининг «теварак-атрофни кўришини» чекламаса...

Қисқаси, уч кун аввал — 16 октябрь санасида Яшнабод туман маъмурий суди судьяси У.Мадиева мазкур «иш»ни эзғилаб-эзғилаб кўрди ва... ҳайдовчи фойдасига қарор чиқарди. Яъники, Е.Журовнинг хатти-ҳаракатларида МЖтКнинг 126-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик йўқ.

Мазкур суд қарорини ЙПХ инспекторларига туширилган навбатдаги «тарсаки» дейиш мумкин. Зеро, кейинги пайтларда машинанинг орқа ён ойналарига парда илиш қоидабузарликми ёки йўқми деган маънода чунонам баҳс-мунозара бўлмоқда. Аксарият билгичлар «бунда ҳуқуқбузарлик йўқ» дейишига қарамай, ЙПХ ходимлари ҳамон ўз билганича иш тутишмоқда...

Мазкур мисол шу гапга яна бир далил.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг