Ёзувчи Худойберди Тўхтабоев вафот этди

Ўзбек адабиётининг етук намоёндаларидан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори Худойберди Тўхтабоев 2021 йил 21 март куни бу ёруғ оламни 89 ёшида тарк этди.
Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакили Худойберди Тўхтабоев 1932 йил 17 декабрда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, ТошДУ филология факултетининг логика-психология бўлимида ўқиган.
Худойберди Тўхтабоев олий ўқув юртини тугатгач, «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» рўзномаларида, «Гулистон», «Гулхан», «Шарқ юлдузи», «Ёш куч» ойномаларида, «Камалак» нашриётида ишлади, «Олтин мерос» республика жамғармасига раҳбарлик қилган.
Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Шошқалоқ» 1961 йилда эълон қилинди.Худойберди Тўхтабоев Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» (1982) унвони совриндори, Ўзбекистон халқ ёзувчисидир (1991).
«Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб» ( жами 24 тилга таржима қилинган), «Сариқ девнинг ўлими», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар», «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида», «Мунгли кўзлар», «Сир очилди», «Омонбой ва Давронбой саргузашти», «Жаннати одамлар», «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар» ва бошқа кўплаб севимли асарлар муаллифи.
Xabar.uz ёзувчининг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter