«Ёшлар» уйларига навбатда турганлар учун зўр янгилик: очиқ электрон навбат тизими ишга туширилди
«Ёшлар» уйларини тақсимлашнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган «Ёшлар» уйларини сотиб олишнинг электрон навбат тизими тест режимида ишга туширилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгашидаги манбаси хабар берди.
Очиқ электрон навбат тизими Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш йўли билан уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Бундан буён Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳузуридаги Республика комиссияси томонидан «Ёшлар» уйларини сотиб олиш учун ҳисобга қўйилган номзодлар электрон навбатда қайд этилади ҳамда худудлардаги уйларнинг топширилиш жараёнига қараб номзоднинг навбат рақами тизимли равишда ўзгариб боради. Ушбу тизим ёш оила вакилларига уйидан чиқмаган ҳолда ўз навбатини унга берилган махсус ID код асосида мунтазам равишда кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
Электрон навбат билан yoshlaruyi.uz веб-сайти орқали танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, номзодлар ўзларига берилган махсус ID-KOD рақамини Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари орқали билиб олишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter