Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўргак кўрмаган норасидалар

Йўргак кўрмаган норасидалар

Фото: «rich-health.ru»

Демократик мезонлар устувор саналган жамиятда инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати муқаддас деган тамойилга амал қилинади. Инсоннинг ҳаётига дахл қилувчи, шаъни, қадр-қимматини таҳқирловчи хатти-ҳаракат содир этганларга нисбатан суд қонуний ва адолатли жазо тайинлайди, жазонинг муқаррарлигини таъминлайди.

Аянчли ҳодиса

Муқаддас Маманова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эрталаб ишга келиб, ўзи­га ажратилган коридор ва хоналарни йиғиштирди, супуриб-сидирди. Сўнг ҳар доимгидек тиббий чиқиндиларни ёқиб юбориш учун муфель пе­чи олдига борди-ю, даҳшатдан бир зум қотиб қолди: печь ичидан оловда куйдирилган чақалоқнинг қўли кўриниб турарди...

Туғруқхона ҳамшираси қў­лидаги чиқинди солинган идишни шу ерда қолдириб, навбатчи шифокор ҳузурига югурди. Қ.Муродова воқеа жойига тезда етиб келди. Туғруқ мажмуаси бош шифокорига ва ички ишлар идорасига қўнғироқ қилиб, муддатидан олдин туғилган чақалоқларни ёқиб юборишга уринилганлиги ҳақида маълумот берди.

Кутилмаган совуқ хабар ич­ки ишлар ходимларини оёққа турғазди. Самарқанд шаҳар 2-туғруқ мажмуасидаги муфель печи текшириб кўрилганда, унинг ичидан яна иккита чақалоқ мурдаси топилди...

Одам боласининг қўлидан яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам келади. Аммо бу даражадаги қа­боҳат, разиллик, бағритошлик, меҳрсизлик кимнинг иши? Чала ёнган тўрт чақалоқ... кимлар эди?

Тезкор суриштирув чоғида ана шу саволларга бирма-бир жавоб топилди.


Мавзуга оид: Самарқанддаги туғруқхонада ўнлаб чақалоқлар ваҳшийларча ўлдирилганлиги аниқланди


Енгилтаклик жабри

Номус, шарм-ҳаё, ибо аж­додлардан бизга мерос ўтган. Жамиятимизда қиз ҳам, йигит ҳам бахтли бўлиши биринчи галда ўзига боғлиқлигини англаши, ҳаётда босиқ ва мулоҳазакор бўлиши, ҳаё ва андишани унутмаслиги зарурлиги борасида фар­занд­­ларига муносиб тарбия бераётган оилалар кўп. Бинобарин, худди шундай руҳда тарбия топаётган минглаб ёшларимиз бор.

Бироқ Собирани бундайлар сафига киритиб бўлмайди. Аслида Собир деган шарафли исм «сабр қилувчи» маъносини беради. Афсуски, у ўзининг бахтига ўзи лой чаплади. Агар ўзига талабалик бахти насиб этганига шукур қилиб, ҳаётга енгил-ел­пи қарамаганида бу кўйга тушмасди.

Гап шундаки, бир хонада ижарада турувчи дугонаси Наиманинг таниши Улуғбек уларнинг олдига тез-тез келиб турарди. Шундай кезларнинг бирида у Собирани хонадоши Акрам билан таништирди.

Танишганларидан сўнг даст­лаб Акрам билан Собира телефонда бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўраб туришди. Кейинчалик Самарқанднинг сўлим хиёбонларида учраша бошлашди. Шу тариқа уч-тўрт ой ўтди. Бу пайтда улар ўртасидаги муносабат анчайин қа­линлашганди.

Собиранинг ёдидан чиқмайди. Ўшанда 2016 йилнинг 30 августи эди. Шомга қадар Акрам билан истироҳат боғида фавворалар атрофида ширин орзу-хаёлларга берилишди. Севги изҳорларини тингларкан, қизнинг Акрамга ишончи ортиб борарди. Ўша куни йигит Сўғдиёна мавзесидаги ижара уйида ёлғиз экан. Унинг илтимосини Собира ерда қолдирмайди. Иккаласи бирга тонг оттиришади. Бу ҳол кейин­роқ яна ва яна такрорланади.

Ўтган йилнинг февраль ойи ўрталарида Собира ўз вужудидаги ўзгаришларни сезиб қо­лади. У акушер-гинеколог ҳузурига киргач, гумони тўғри эканлигига амин бўлди, 27-28 ҳафталик ҳомиласи бор экан.

Акрам таниш шифокорларига учрашгач, шундай гап топиб келди: «Ҳомилани олдириш учун уч ярим-тўрт миллион сўм керак. Шуни йиғиб қўй, мен ҳам пул топишга ҳаракат қиламан». Афсуски, йигит сў­зида турмади, ҳатто қорасини ҳам кўрсатмай қўйди. Иложсиз қолган Собира 2 миллион 550 минг сўмга тилла занжирини сотди. Сақлаб юрган 450 минг сўмни қўшиб, 3 миллион сўм маблағ йиғди.

Енгилтаклик жабрини тортаётган Собира Соиповага доир во­қеа тафсилотини бироз орт­га суриб, худди у каби ўз ихтиёри билан йўл қўйган фаҳш ишидан ўз тақдири илдизига болта урган яна бир қиз — Фарзона билан боғлиқ воқеага тўхталамиз.

Фарзона билан Элдор қанчалик тез танишган бўлса, шунчалик тез ажралиб кетишди. Бунга Фарзонанинг ҳомиладор бўлиб қолгани сабаб бўлди. Чунки қизнинг ўзидан ҳомиладор эканини эшитган Элдор бир зумда жуфтакни ростлади. Шундан сўнг Фарзона бу сирни онаси билан опасига ошкор қилишдан ўзга чора тополмади.

Тўғри, Фарзона Элдорнинг устидан ички ишлар идорасига арз қилмоқчи ҳам бўлди. Лекин уйдагилар атрофга гап-сўз тарқалиб кетиши, иснодга қолишлари аниқлигини айтиб, уни бундай йўлдан қайтаришди. Лекин барибир онанинг кўнглидаги ҳадик уни тинч қўймаётганди. Она ниҳоят­ ҳомилани аборт қилдириш керак деган фикрга келди.

Опаси Гулноза эртаси ку­ниёқ Фарзонани шаҳардаги 2-туғруқхонага олиб борди. Маълум бўлдики, синглисининг 28-29 ҳафталик ҳомиласи бор экан.

Гулноза туғруқхона акушер-гинекологи Дилором Насимовадан исталмаган ҳомилани аборт қилишни сўрайди. Шунда Дилором На­симова маълумотномага қа­раб, «ҳомила олти ойдан ошган, мумкин эмас» дейди. Гулноза эса Фарзонанинг ҳомиласини аборт қилдирмаса, шарманда бўлишларини айтиб, ёрдам сўрайди. Дилором Насимова бундай «ёрдам» учун 2 миллион сўм нарх қўяди. Охири бу ишни 1 миллион 500 минг сўмга бажаришга келишилади.

Дилором Насимова уларнинг олдида кимгадир қўнғироқ қилгач, кўп ўтмай хонага ҳайдовчи Фахриддин кириб келади. Дилором Насимова унга опа-сингилни «Сам сузани плюс» хусусий клиникасига олиб бориб қў­йишни тайинлайди. Манзилга яқинлашганларида ҳайдовчи улардан Дилором Насимова билан келишилган пулни беришни сўрайди. Гулноза 1 миллион 450 минг сўми борлигини айтиб, пулни унга узатади. Ҳай­довчи келишилганидан 50 минг сўм кам пул берилгани ҳақида Дилором Насимовага қўнғироқ қилади.

— Пулни тўлиқ бермаса, машинадан тушириб юборинг, — дея кўрсатма беради Дилором Насимова. Шундан сўнг опа-сингил яна 50 минг сўмни ҳайдовчига амаллаб топиб беришади.

Бу пайтда Фахриддин бошқараётган «Спарк» автомашинаси манзилга етиб қолганди. Бинога киришлари биланоқ ўзларига нотаниш, тергов давомида билишларича Фарида исмли аёлга дуч келишади. Ҳайдовчи унинг олдидаги стол устига пулни қўйиши би­лан у санашга тушади. Бошқа бир ҳамшира опа-сингилларни хусусий клиника раҳбари Наргиз Санаханованинг хонасига бошлаб киради.

Шу тариқа Фарзона Эрдонова клиникада икки кун ҳамширанинг кузатуви остида бў­лади. Фарзонага ҳомиласини сунъий равишда тушириш учун Маҳфуза исмли ҳамшира ҳар соатда саккиз-тўққизтагача «сайтотек» номли таблетка бериб туради. Безовталик бошлангач, акушер-гинеколог Саломат Ғоипова ҳамшира ёрдамида ҳомилани сунъий туширади.

Фарзонанинг судда гувоҳлик беришича, туғруқ жараёни беш-ўн дақиқа давом этган. У чақалоқнинг тирик ёки ўлик туғилганидан бехабар. Ҳуши ўзига келганида эса тепасида врач Саломат Ғоипова ўтирганини кўрган, холос. Тахмин қилишича, чақалоқни ҳамшира Махфуза олиб чиқиб кетган.

Энди 3 миллион сўм тўплаб, исталмаган ҳомиладан қутулиш чорасини ахтараётган Собира Соипова воқеасига қайтамиз.

Собира Соипова ҳам тиббиёт соҳаси вакилларидан нажот истаб, суриштира-суриштира 2-туғруқхона акушер-гинекологи, сизга юқоридаги воқеадан яхши таниш Дилором Насимова ҳузурига келади. Шифокор уни тиббий кў­рикдан ўтказиб, ултратовуш текшируви маълумотларига кўз югуртиради. Шундан сўнг аввалгига ўхшаш воқеа такрорланади: врач билан Собира илгари Фарзона билан опаси Гулнозани «Сам сузани плюс» хусусий клиникасига элтиб қўй­ган «Спарк» машинасига чиқади.

Хусусий клиникада Дилором Насимова Собирани шифохона бош шифокори Наргиз Санахановага учраштириб, муддао­ни айтади. Наргиз Санаханова эса Собирага тилининг тагига қў­йиш учун ярим дона оқ рангли таблетка беради. Уни 10-хонага жойлаштиради. 2017 йилнинг 14 мартидан — 15 мартига ўтар кечаси қизни тўлғоқ тутади. Чақирувни эшитиб бу ерга келган Наргиз Санаханова ҳамшира Ойниса билан чақалоқни туғдириб олади.

Собирага фарзанд керак эмас эди. Шу боис туғилган онлариданоқ онасини чорлаб йиғлаган чақалоғининг кейинги тақдири уни мутлақо қизиқтирмаганди...

Қабоҳат ўчоғи

Энди «Сам сузани плюс» хусусий шифохонасида содир этилган жиноий қилмишларни ёритишга ўтамиз. Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) шаклида ташкил этилган ҳамда амбулатор ва стационар шароитда терапия, гинекология, урология ва неврология ихтисосликлари бўйича диагностика, маслаҳат ва консерватив даволаш бўйича хусусий шифохонага Наргиз Санаханова раҳбарлик қи­либ келган.

У дипломи бўйича мутахассислиги болалар педиатри бў­­­ла туриб, сунъий равишда ҳомила туширишга ҳуқуқи бўл­маса-да, жиноий равишда ҳомила тушириш ва бошқа жиноятларни содир қилиш учун Дилором Насимова ва клиникада ишловчи айрим ходимлардан ибо­рат уюшган жиноий гуруҳ тузган ва унга бошчилик қилган.

Судланувчи Наргиз Санаханова ўзига итоаткор ва жиноят содир этишга мойил шахсларни жиноятга жалб этган. Уюшган гуруҳ ўртасидаги вазифаларни тақсимлаган. Гуруҳ аъзолари жиноий фаолиятини амалга оширишларини осонлаштириш, жиноий фаолият фош этилишининг олдини олиш чораларини кўрган. Наргиз Санаханова гуруҳ аъзоларига жиноят изларини йўқотиш юзасидан йўл-йўриқлар бериб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни шериклари ўртасида тақсимлаб келган.

Мазкур жиноят ишини судда кўриш жараёнида маълум бўлдики, «Сам сузани плюс» ху­сусий шифохонасида расмий ва норасмий ишловчи аку­­шер-гинекологлар, ҳамширалар бўл­ган. Шифохонага уюшган гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан келтирилган ҳомиладор аёллар бемор сифатида умуман қайд этилмаган. Яъни ҳомиладор аёллар бу ерга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан жойлаштирилган.

Мамлакатимизда фарзандга муҳтож оилалар ва фуқаролар учун бола асраб олишнинг қонуний тартиби белгилаб қўйилган. Хусусий шифохонада эса сунъий аборт натижасида тирик туғилган, яшашга лаёқатли чақалоқларни бефарзанд шахсларга қонунга хилоф равишда сотиш билан шуғулланилган. Чақалоқларни сотиб олган шахс­ларга гўёки улар шу боланинг биологик ота-онаси эканини тасдиқловчи сохта ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.

Мисол учун уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Наргиз Санаханова ҳузурига исталмаган ҳомиладорликдан қутулиш ниятида келган, терговда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган аёл­дан сунъий аборт қилиш йўли билан туғдириб олинган ўғил чақалоқ фуқаро Тозагул Рўзи­евага 2500 АҚШ долларига сотилган.

Судланувчи Наргиз Санаханова уюшган жиноий гуруҳ аъзолари томонидан ҳузурига юборилган Марҳабо Соқиеванинг ҳам «ҳожати»ни чиқарган. У бухоролик Марҳабо Соқиевага биологик онаси номаълум қиз чақалоқни 500 доллар ва 200 минг сўм пул эвазига сотган. Бундан ташқари у фуқаро Азамат Тоировга биологик онаси номаълум ўғил чақалоқни 800 доллар эвазига сотиб юборган.

Судланувчи Наргиз Санаханованинг қизи Эъзоза Санаханова ҳам онаси ва бошқалар билан тил бириктириб, жиноий фао­лият олиб борган. Хусусан, 2017 йилнинг 1 март куни хусусий шифохонага исталмаган ҳомиладорликдан қутулиш мақсадида келган, терговда шахсини аниқлаш имкони бўл­маган аёл ҳомиласи тегишли ҳу­қуқ ва рухсатномасиз сунъий аборт қилинган. Ундан соғлом қиз чақалоқ туғилган.

Судланувчи Эъзоза Санаханова ўша куннинг ўзида фуқаро Соҳиба Зиётовадан ана шу чақалоқ учун 550 доллар миқдорида «суюнчи» олади. Орадан икки кун ўтиб эса фарзандли бўл­ган Соҳиба Зиётовадан яна 1450 долларни қўлга киритади.

Қилмиш тафсилотлари

Суд жараёнида бирон-бир ҳолат эътибордан четда қолмади. Жумладан, муфель печига ёқиб юбориш учун ташланган чақалоқларга оид далиллар ҳам, жиноятга қўл урганларнинг шахси ҳам ойдинлаштирилди.

Харидори топилмаган, тирик, чала ва муддатидан олдин туғилган чақалоқлар қасд­дан қаровсиз қолдирилган. Парвариш қилинмагани сабаб нобуд бўлган.

— Мен 2010 йилдан бўён «Сам сузани плюс» хусусий шифохонасида ҳамшира бў­либ ишлайман, — дейди судда сўралган гувоҳ Муҳаббат Аминова. — Ўлган чақалоқларни бинонинг иккинчи қаватидаги ўн саккизинчи хонадаги муз­латкичга қўярдик. Агар чақалоқ тирик бўлса, шу хонадаги стол устида сақлардик.

Гувоҳ Муҳаббат Аминовани 2017 йил 15 март куни соат 13 атрофида клиника директори Наргиз Санаханова олдига чақиртирган. Музлаткич ичидаги тўрт нафар чақалоқ мурдасини қора целлофан пакетга солиб, кўчада турган «Спарк» автомашинаси ҳайдовчисига олиб чиқиб беришни буюрган. Ҳамшира директорнинг топшириғини бажарган ва 10 минг сўм пулини ҳам олган.

Судланувчи Дилором Насимованинг норасмий ҳайдовчиси Фахриддин Жобиров «Сам сузани плюс» масъулияти чекланган жамиятидан тўрт нафар чақалоқ мурдасини 2-туғруқхонага келтирган. Бу ер­да ҳамшира Малика Даминова мурдалар солинган целлофан пакетни Дилором Насимованинг топшириғи билан муфель печига ташлаган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосаларида кўрсатилган чақалоқлар, аниқроғи, ҳомилалар сунъий тарзда туғдирилганлиги аниқлангани баён этилган. Хусусан, Фарзона Эрдонованинг ўғил чақалоғи ўлик ҳолда туғилгани экс­пертиза хулосаларида аниқланди. Собира Соипованинг қизи эса тирик туғилган. Бундан ташқари шахсини аниқлаш имкони бўл­маган яна бир аёлнинг қизи, шу каби гувоҳ Гавҳар Нурмаматованинг чақалоғи ҳам яшашга лаёқатли бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 28 майдаги «Ўзбекистон Республикасида перинатал тиббий ёрдамни ҳудудийлаштириш тўғрисида»ги буйруғига асосан муддатидан олдин туғруқлар она ва болага малакали ёрдам кўр­сатиши учун перинатал марказга юборилиши лозим. Перинатал марказда муддатдан олдин туғилган болаларга дастлабки реанимацион ёр­дам кўрсатиш ва уларни парваришлаш учун барча шароит ва жиҳозлар мавжуд. Чақалоқлар реанимацияси ва чақалоқлар паталогияси бў­лимларида замонавий тиббиёт жиҳозлари кўмагида, энг асосийси, малакали шифокорлар орқали чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатилиши керак эди.

Афсуски, бойлик топиш илинжида қабиҳ қилмишга қўл урган жиноий гуруҳ аъ­золари чақалоқларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатмаганлар. Уларни атайлаб парваришсиз, озиқсиз ва қаровсиз қолдиришган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 10 мартдаги 21-буйруғига кўра туғруқ ва перинатал ўлим рўйхатга олиниши шарт. «Сам сузани плюс» масъулияти чекланган жамиятида эса бу қатъий талабга умуман риоя қилинмаган. Қолаверса, ушбу хусусий клиникага берилган лицензия билан аёлларга гинекологик йўналиш бўйича операциялар ўтказиш ҳамда акушерлик йўналишида доялик қилишга рухсат этилмайди.


Мавзуга оид: Xусусий тиббиёт муассасаларига акушерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмаган


Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи органлар ўтказган текширишлар пайтида бу тиббиёт муассасасида тақиқланган тиббий хизмат кўрсатиб келингани аниқланган. Шунинг учун Самарқанд вилояти хўжалик судининг 2017 йил 19 январдаги ҳал қилув қарори билан «Сам сузани плюс» хусусий тиббиёт муассасасига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилган.

Яхши ҳамки разолат, жаҳолат, қабоҳат ҳамиша адолат ва ҳақиқат олдида мағлубдир. «Сам сузани плюс» хусусий шифохонасида содир этилган қабиҳ қилмишлар барибир фош бўлди. Уюшган жиноий гуруҳнинг қилмишлари интиҳосини топди.

Судланувчилар Наргиз Санаханова, Дилором Насимова, Эъзоза Санахановалар Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, суд ҳукми билан қонуний ва адолатли жазога тортилди.

Шуҳрат Шарипов,
жиноят ишлари бўйича  Самарқанд вилояти судининг судьяси

Абдуҳамид Худойбердиев,
«Куч — адолатда» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг