Ёдгоров судьялар ҳақида тарқалган хабарларга аниқлик киритди
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча эълон қилинган «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этган тадбирда суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш бўйича жорий этилаётган янги тартиблар хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, айни иллатнинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш борасида кўрилаётган чора-тадбир ҳақида кўп ва хўб яхши гаплар айтилди.
Суд ҳокимияти вакиллари билан ўтадиган брифинглар доим савол-жавоб, баҳс-мунозараларга бой бўлади. Бугунги тадбир ҳам бундан мустасно бўлмади.
Гарчи белгиланган вақт нисбатан қисқа ва тадбир Uzreport телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган бўлса-да, ортиқча эҳтиёткорлик қилинмади. Берилган очиқ ва ҳатто аччиқ саволларга жавобан «арава қуруқ олиб қочилгани» ҳам йўқ. Савол-жавоблар тадбир якунига етганидан кейин ҳам «тик оёқда» давом этгани мутасаддилар етарлича тайёрланиб келганига далолат қилди. Ҳартугул, «бундай саволга тайёр эмасдим, узр...» ёки «Саволингизни ўрганиб, батафсил ёзма жавоб берамиз» маъносида гап айтиб, ялонғоч қўлга тутқич бермасликка уринишлар бўлмади-да.
Судлар фаолиятига оид тадбирларда кўп саволлар омматан эмас, хоссатан бўлишига ўрганиб ҳам қолинди. Яъниким, мавзу доирасида, бироқ хусусий ҳолатлардан келиб чиқиладиган саволлар кўп бўлардики, бундан айрим мутасаддилар ноқулай ҳолатда қоларди, рости.
Тадбирнинг «кириш қисми» тугаб, асосий қисмига (савол-жавобларга) ўтилиши ҳамоно шунақа «хос ва нозик» савол берилсами?! Савол мазмуники, яқинда ижтимоий тармоқлар икки нафар судья озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган маҳкумнинг зиёфатида азиз меҳмони, шунинг қувватидан бўлса керак, кўп ўтмай улардан (судьялардан) бири «жўмард мезбон»ни жазодан озод этгани ҳақидаги хабарларга тўлиб кетди. Тизимни коррупциядан тозалаш бўйича катта ишлар бошланаётган пайтда айрим судьяларнинг бундай хатти-ҳаракатига нима дейсиз?!
Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров хотиржам жавоб берди: «Икки нафар судья ҳақида тарқалган хабарларнинг нотўғри нуқталари бор: улар ҳеч қандай зиёфатга таклиф этилмаган ва ҳеч кимни ноқонуний равишда жазодан озод қилмаган. «Жазодан озод қилинган» дейилаётган шахс эса ҳалиям жазосини ўтамоқда. Чунки унинг суди бошқа туманда бўлган, тилга олинган судьялар эса бошқа туманда ишлайди. Иккинчидан, ўша судьялар карантин қоидаларини бузганликлари рост, шунингдек, бегона дастурхонда ўтиришгани ҳам. Шу боис иккисига интизомий жазо қўлланганидан ташқари маъмурий ҳуқуқбузарликка ҳам тортилди. Яна бир гап. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда пойтахтдаги маъмурий суд судьяларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида ҳам гап боради. Жиноят иши қўзғатилгани тўғри, бироқ тергов ҳаркатлари энди якунланди. Айбсизлик презумпциясига кўра, то суднинг ҳукми чиқиб, қонуний кучга кирмагунча ҳеч кимни жиноятчи деб бўлмайди. Бу тамойил барча фуқаролар қатори собиқ суд ходимларига ҳам тааллуқли».
Судьялар олий кенгаши раисининг қўшимча қилишича, жорий йилнинг ўтган 11 ойида фаолиятида хато-камчиликларга йўл қўйган 22 нафар судья интизомий жазога тортилган. Шунингдек, 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан аввал тугатилди, бу улар вазифасидан озод этилганини англатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter