Йилнинг энг яхши ҳамшираси аниқланди
Соғлиқни сақлаш вазирлигида 12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Фарҳод Ҳанапияев ҳамда муассасаларнинг мутасадди раҳбарлари, тиббиёт муассасаларида фаолият юритувчи энг фаол ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Даставвал, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Баситханова ўрта тиббиёт ходимларини Халқаро ҳамширалар куни билан муборакбод этди. Вазир ўринбосари табрик нутқида бугунги кунда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида 300 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритишини қайд этди. Уларнинг мамлакатимиздаги тиббиёт муассасалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати тизимидаги фаоллиги, фидойилиги ҳамда коронавирус инфекциясининг олдини олиш, касалликка чалинган беморларни даволаш борасидаги матонатию патронаж тизимининг асосий бўғини сифатидаги фаолияти таҳсинга сазоворлигини таъкидлади.
Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари томонидан ўрта тиббиёт ходимлари доимий равишда қўллаб-қувватланиб келиши, айниқса, ушбу байрам арафасида Президентимиз томонидан имзоланган Фармонга кўра, 20 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари учун янги иш ўринлари яратилиши катта тарихий воқелик бўлганини айтиб ўтди.
Мамлакатимизда ўрнатилган карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинган ҳолда видеоконференция шаклида ўтказилган мазкур тадбирда вазирлик ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамкорлигида ҳар йили ўтказиб келинадиган «Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими» анъанавий танловининг республика босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Худди шундай байрам тадбирлари юртимизнинг барча ҳудудларида ҳам ўтказилиб, вазирлик биносидаги асосий студияга вилоятлардаги байрам иштирокчилари ҳам онлайн тарзда уланди. Шу тариқа бир вақтнинг ўзида бутун республика бўйлаб байрам шукуҳи тарқалди.
Танловга келсак, унда юртимиздаги мавжуд тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келаётган ўрта тиббиёт ходимлари «Йилнинг энг яхши ҳамшираси», «Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси», «Йилнинг энг яхши муолажа ҳамшираси», «Йилнинг энг яхши тез тиббий ёрдам станцияси ҳамшираси» каби 13 та номинация бўйича ўзаро беллашган эди. Республика босқичида ҳар бир йўналиш бўйича 3 нафар (1-, 2- ва 3-ўринлар бўйича) жами 39 нафар ўрта тиббиёт ходими ғолиб деб топилиб, улар «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
— Тиббиёт соҳасида фаолият юритиш учун инсон сабр-тоқатли, меҳрли, ширинсўз бўлиши керак, — дейди ғолиблардан бири, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази катталар жарроҳлиги жонлантириш бўлими ҳамшираси Гўзал Талаганова. — Айниқса, шошилинч тез тиббий ёрдам хизматида ишлаш алоҳида матонат ва масъулият талаб этади. Бундай дейишимга сабаб марказимизга турли ҳолатдаги беморлар олиб келинади. Улар орасида аҳволи ўта оғир, зудлик билан операция қилиниши керак бўлганлари ҳам учрайди. Биз ҳамширалар тезда операцияга тайёрланиб, оғир беморларни даволашда шифокорларга энг яқин кўмакчи бўламиз. Бугун «Йилнинг энг яхши шошилинч ёрдам ҳамшираси» номинациясида ғолиб деб топилдим. Эътирофдан мамнунман. Келгусида бундан-да фидойилик билан зиммамдаги масъулиятни бажаришга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, байрам тадбирида 75 нафар энг фаол ҳамшира эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter