Йилига 3 мингта «Hyundai». Наманганда янги завод қурилади
Мамлакатимиз автомобилсозлик саноатида яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш йўлида дастлабки қадам ташланди – Корея Республикасининг «Evergreen Motors Group» компанияси президенти Ким Чанг Кён лойиҳа бўйича амалий музокаралар ўтказиш учун Наманган вилоятига келди, деб хабар бермоқда «ЎзА».
Тегишли соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган тақдимот маросимида вилоятда «Hyundai» юк автомобиллари ва автобусларни йиғиш заводи» қуриш лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди.
Лойиҳага кўра, корхонада юк кўтариш сиғими 1 тоннадан 50 тоннагача бўлган юк автомобиллари ва ўлчами 9-12 метрли шаҳар ичида қатновчи, шаҳарлараро ҳамда сайёҳлик русумидаги автобуслар ва махсус транспорт воситалари йиғиш ишлари бажарилади.
Дастлаб, кунига 8-20 ва йилига 1000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уч йил ичида бу кўрсаткич 3 мингтага етказилади, яъни мингта автобус ва 2 мингта юк машинаси ишлаб чиқарилади. Аввалига эҳтиёт қисмлар Корея Республикасидан келтирилса, маҳаллийлаштириш дастури асосида уч йил мобайнида эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 га яқин иш ўрни яратилса, келажакда бу кўлам 6 мингтага етказилиши режалаштирилмоқда.
Делегация аъзолари автомобиль заводи қурилиши учун тавсия қилинаётган майдонлар ва у ердаги шароитлар билан танишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter