«2250 метр баландликдаги қишлоқда интернет бор» – «Xabar.uz» Самарқанд ва Қашқадарёда бўлди
Халқ таълими вазирлиги тизимига алоқа соҳаси мутахассислари томонидан умумтаълим мактабларига кенг полосали интернет етказиш ва телекоммуникация инфтарузилмасини яратиш бўйича жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳолат билан танишиш мақсадида «Xabar.uz» журналистлари республикамиздаги кўплаб туман ва шаҳарларда бўлди. Хусусан, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги бу борада амалга оширилган ишлар билан танишдик.
Самарқанд — мамлакатимиздаги энг кўп аҳолига эга вилоят ҳисобланади. Вилоятда 1267 та мактаб бўлиб, 745 мингга яқин ўқувчи ўқийди. Мухбирларимиз вилоятнинг энг чекка туманларидан бири Қўшработ туманида бўлди.
2021 йилдан бошлаб умумтаълим мактабларидаги мавжуд компьютер ва бошқа оргтехникаларига техник хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилди. Бугунга қадар Самарқанд вилоятида 252 та мактабдаги компьютер ва бошқа оргтехникаларини техник қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилди.
Қўшработ тумани ХТБ мудири Холмирза Холиқуловнинг таъкидлашича, тумандаги 90 та мактабда кенг полосали интернет ўрнатиб берилган.
«XXI аср технологиялар замони. Бугун Қўшработ туманимиздаги 90 та мактаб интернет линиялари билан таъминланган. «Ўзбекўқувавтоматика» МЧЖ ёрдамида туманимиздаги мактабларнинг Wi-Fi билан таъминланиши ўқитувчиларга кенг имкониятлар яратмоқда», – дейди Холмирза Холиқулов.
82-ИДУМ директори ўринбосари Шерзод Маҳмудов ҳам олиб борилаётган ишлар натижасида ўқитувчиларга яратиб берилган имкониятлар тўғрисида гапирди. У шундай дейди: «Бугунги таълимни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Wi-Fi тармоғининг уланиши аввало нимага ёрдам берди десангиз, ҳужжатбозликни камайтирди деган бўлардим. Электрон ҳужжат юритиш тизимининг кенгайиши ҳужжатлар билан ишлашни осонлаштирди».
Умумтаълим мактабларида юқоридаги имкониятлар яратилиши ҳамда мактабларга кенг полосали интернет тармоғининг тортилиши, ички локал тармоқ ҳамда Wi-Fi қурилмаларини ўрнатилиши ҳамда Ягона «Электрон таълим» тармоғи инфратузилмасини яратилиши Қашқадарё вилоятининг энг чекка ҳудудларида ҳам амалга ошмоқда.
«Xabar.uz» Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида жойлашган олис Ғилон қишлоғида бўлди.
Ғилон қишлоғи туман марказидан 85 км узоқликда, ер садҳидан 2250 метр баландликда, тоғлар қуршовида жойлашган. Бу қишлоққа махсус машиналардагина етиб олиш мумкин. Олис қишлоқда интернет борлиги таҳсинга сазовор.
Ғилон қишлоғида жойлашган 1-мактаб директори Рўзиқул Қурбонов шундай дейди: «Интернет тушиши ишимизни осонлаштирди. Туман марказидан анча узоқда турамиз. Аммо бу улар билан тенгма-тенг рақобат қила олмайди, дегани эмас. Интернет тушиши бизнинг ҳамма билан баробар ривожланишимизни таъминлаяпти».
«12 йилдан бери дарс бераман. Авваллар интернетни қўяверинг, оддий алоқа учун ҳам сигнал йўқ эди. Дарсларни ҳам қўяверасиз. Бугун болалар ҳар хил дастурлаш тилларини онлайн ўрганмоқда», — дейди мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Жавлон Қурбонов.
Ҳукуматимиз хоҳ чекка туман, хоҳ шаҳар маркази бўлсин, тенг шароитлар яратиб беришга интилмоқда. Бугунги кунда умумтаълим мактабларида 9 026 таси замонавий компьютер техникалари мавжуд. Жумладан, охирги уч йилда хорижий молия институтларининг грант ва инвестиция маблағлари ҳисобига 4 698 та компьютер синфи (70 мингдан ортиқ замонавий компьютер) билан жиҳозланди.
Халқ таълими тизимининг янада рақамлашиши мамлакатимиз келажагига бевосита таъсир қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter