Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Яхши ва ёмон»: пандемиядан кейинги дунё учун икки сценарий

«Яхши ва ёмон»: пандемиядан кейинги дунё учун икки сценарий

Фото: «EADaily»

«Aftonbladet»да БМТ раҳбари Антониу Гутерришнинг мақоласи чоп этилди. Бош котиб дунё пандемиядан фақат икки йўл билан чиқиши мумкинлигини таъкидлади.

Антониу Гутерриш. Фото: «Reuters»

Гутерриш, келажакни олдиндан кўриб бўлмаслигига ишора қилган ҳолда, пандемиядан кейинги дунё қандай бўлиши икки хил сценарий ривожланишига боғлиқлигини айтди: яхши ва ёмон.

«Яхши сценарий»

Мамлакатлар ҳозирги вазиятдан чиқиб кета олишни уддалаши, тикланиш бўйича муваффақиятли режа ишлаб чиқилиши, ривожланаётган мамлакатларга етарлича ёрдам берилиши жараён «яхши сценарий» бўйича кетаётганини англатади.

Айни шу йўналишда кетилса яқин тўққиз ой ичида коронавирусга қарши самарали ва ҳаммабоп вакцина ишлаб чиқилишида қўл келган бўларди, деди Бош котиб.

«Шундай бўлган тақдирда ва иқтисодиёт мунтазам тикланиб бораверса, биз керакли йўналишда ҳаракатланишни бошлаймиз, яқин икки-уч йил ичида олдингидек ҳолатга қайтишимизга ишонсак бўлади», — деди Гутерриш.

Бироқ, иккинчи — «ёмон сценарий» ҳам бор.

«Ёмон сценарий»

Мамлакатлар эпидемияга қарши бирлашмаслиги, вируснинг янги-янги ўчоқлари пайдо бўлавериши, вакцина чиқиши кечикиб кетиши ёки уни фақат «бой» мамлакатлар олиши — «ёмон сценарий».

«Бу йўсинда кетилса сегрегация (айирмачилик), популизм ва ксенофобия (бетоқатлик) ўсишига гувоҳ бўламиз. Ҳар бир мамлакат ўз йўлидан кетади ёки айрим мақсадлар йўлида коалицияларга бўлиниб олади», — деди Бош котиб.

Гутерриш умидсиз сценарий ортидан беш-етти йилга чўзилувчи глобал инқирозни кўрмоқда.

Энг қийини, дунё қаёққа кетаётганини ҳозир тушуниш мушкул. Аммо биринчи сценарий амалга ошиши учун бор имкониятни ишга солиш керак, иккинчи сценарийга тадорикни ҳам унутмаслик зарур, дейди Гутерриш.

Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер маълумот беришича, 2020 йил ўртасига келиб, коронавирус оқибатида жаҳонда 400 млн. киши ишсиз қолган — бу 2008 йилги иқтисодий инқироз давридагидан ўнлаб карра кўпдир. Ташкилотнинг бугун бошланиб 9 июлгача давом этадиган саммитида айни шу муаммога ечим қидирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг