Шавкат Мирзиёев кузги дарахт экиш мавсумини бошлаб берди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги «Оқтепа» ва «Боғзор» маҳалла фуқаролар йиғинига ташрифи чоғида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт кўчатлари экиш мавсумини расман бошлаб берди.
Маълумот учун, юртимизда «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати бошланганига 2 йил бўлди. Шу даврда 1200 гектардан ортиқ ям-яшил боғ ва истироҳат боғлари, кўча ва йўлаклар бўйлаб 1 миллион гектардан ортиқ яшил майдон барпо этилди. Жорий йилнинг кузги дарахт экиш мавсуми 25 октябрдан 1 декабргача давом этади.
Президентимиз ташаббуси билан кўчатлар экиш, яшил майдонларни кўпайтириш катта ҳаракатга айланмоқда. Жорий йилнинг кузида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тупдан кўчат бепул етказиб берилади. Шунингдек, 15 октябрдан бошлаб барча туман ва маҳаллаларда кўчатлар ярмаркалари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Франция Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Эммануэл Макрон олий даражадаги музокаралардан сўнг биргаликда дарахт кўчати ўтқазган эди.
Таъкидлаш жоизки, дарахт экиш анъанаси бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Мамлакатимизда халқаро ташкилотлар ва хорижий делегациялар иштирокида ўтказилаётган аксарият тадбирлар анъанавий тарзда кўчат экиш билан якунланаётгани аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга бевосита хизмат қилмоқда.
Арнасой туманида олиб борилаётган ишлар самарасида бугунга келиб далалар атрофи, ариқлар ва магистрал йўллар, 13 маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудуднинг иқлим шароитига мос 12 минг 300 туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида айни пайтда 4 минг туп саксовул кўчати экилмоқда. Жараён фаол давом этмоқда.
Бундан ташқари, республикамизнинг барча ҳудудларида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида «Долзарб 40 кунлик» акцияси ўтказилмоқда. Бутун кузги дарахт экиш даврида вилоят ва туман экология бошқармалари мутахассислари томонидан ҳар бир ҳудудда дарахт кўчатларини экиш ва парвариш қилиш бўйича аҳолига зарур тавсиялар бериш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter