Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония мудофаа қобилиятини муттасил оширмоқда

Япония мудофаа қобилиятини муттасил оширмоқда

Фото: «Politobzor.net»

Япония ушбу ойда душман базаларига зарба беришга рухсат бериш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

Мамлакат ҳукумати миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича амалдаги давлат стратегиясини, хусусан, фавқулодда вазиятларда душман ҳудудидаги базаларга ҳаводан ҳарбий ҳужумларга йўл қўйишга изн берувчи низомни қонунчилик ҳокимияти вакиллари тақдим этиш ниятида.

Бу ҳақда «Nikkei» газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди. Тахминларга кўра, стратегияни қайта кўриб чиқиш бўйича муҳокамалар ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) раҳбарияти ва консерватив «Комэйто» партияси ўртасида бўлиб ўтади.

Янги ҳужжатни 2022 йил ёз фаслида бўлиб ўтадиган парламент юқори палатасига сайловлардан кейин киритиш мўлжалланган.

Бош вазир Фумио Кисида бир неча бор душман базаларига зарба бериш масаласини кенг муҳокама қилишга чақирди. У, хусусан, қўшни мамлакатларда янги ҳарбий технологиялар, жумладан, гипертовушли ракеталар ва ўзгарувчан парвоз траекториясига эга ракеталарнинг пайдо бўлаётганига тўхталди. Бу эса Япониянинг хавфсизлиги учун жиддий хатар бўлиб, ўз вақтида жавоб чораларини кўриш учун ҳарбийлар доим шай ва тайёр туришлари керак.

Ҳукумат раҳбари, шунингдек, фавқулодда вазиятларда душман базаларига қарши зарба бериш халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келадими ёки йўқми, деган масалани ҳам пухта ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳозирда Япония узоқ масофали баллистик ёки қанотли ракеталарга эга эмас. Ракеталарга эга иккита вертолётни енгил самолёт ташувчисига айлантириш учун модернизация ишлари олиб борилмоқда, холос.

Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари Хитой халқ озодлик армиясининг минтақадаги фаоллигини катта таҳдид деб билмоқда. Бундан ташқари, Шимолий Кореянинг ядро ва ракета дастурлари тўхтовсиз кучайиб, фаоллашиб бораётгани Токиони тараддудлантириб қўйган. Россиянинг ҳам денгиздаги салоҳияти ўсиб бораяпти, Курилл ороллари бўйича ҳануз тинчлик битими имзоланмаган ва бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳам илиқ деб бўлмайди. Қолаверса, Японияга яқин денгиз сувларида Россия ва Хитой кемаларининг қўшма ҳарбий машқлари ўтказилгани Япониянинг анъанавий иттифоқчиси АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик борасидаги алоқаларини янада кучайтиришга ундамоқда. Шу билан бирга, бундан кейин ўзи ҳам жиддий чоралар кўриши кераклигини, ракетага қарши мудофаа тизимларининг янги авлодларини жойлаштириш заруратини тушуниб етмоқда.

Мафтуна Аъзамжонова,

халқаро журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг