Янгийўлда 8 яшар қизни олиб кетмоқчи бўлган бегона шахс қидирилмоқда
Ижтимоий тармоқларда «Янгийўл шаҳрида 8 яшар қизни бегона шахслар олиб кетмоқчи бўлди» сарлавҳаси остида видео хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ изоҳ берди.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат Янгийўл шаҳар ИИБ ва прокуратура назоратига олинган ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Асосийси, ўқувчи қиз соғлом ва ота-онаси ёнида. Мактабда дарсларда иштирок этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 29 январь куни 12-10ларда Янгийўл шаҳрида яшовчи 2013 йилда туғилган, 1-синф ўқувчиси С.А. дарсини тугатиб мактабдан чиққан вақтида, унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Унга ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.
Улар бироз йўл юргандан кейин қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, хархаша қилиб йиғлай бошлагандан. Шундан сўнг у қизга мактаб сумкасини қайтариб берган ва ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео хабарларда ҳам акс эттирилган.
Ҳолат юзасидан келиб тушган хабарга асосан шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари бошланган.
Суруштирув давомида қизнинг ота-онаси видео тасвирда акс этган шахсни танимаслигини маълум қилган.
Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter