Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Янги туғилган чақалоққа ҳам ID-карта» — Электрон ҳукумат мутахассиси Эстония ва Молдовада бўлди

«Янги туғилган чақалоққа ҳам ID-карта» — Электрон ҳукумат мутахассиси Эстония ва Молдовада бўлди

Жорий йилнинг 20 – 28 октябрь кунлари Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази мутахассиси Даврон Аҳмедов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда давлат хизматларини ривожлантириш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича Эстония ва Молдова давлатларида малака ошириб қайтди.

Мақсад замонавий IТ ечимларни қўллаган ҳолда электрон давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, шунингдек, давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича хорижий тажрибани ўрганишдир.

Эстониядаги биринчи кун

Дастлаб Эстония Ички ишлар вазирлигининг Таллиндаги полиция офисида жисмоний шахсларга ID-карта бериш жараёнлари билан танишилди. Жумладан, хизматни кўрсатишда қўлланиладиган ахборот тизимлари, ID-картага киритиладиган маълумотлар таҳлил қилинди.

Бунда жараёнлар тўлиқ автоматлашган бўлиб, ID-картага расмга тушиш, бармоқ изларини олишда маъсул ходимлар қатнашмайди. Талабгор махсус қурилмалар билан жиҳозланган алоҳида кабиналарга кириб, мустақил равишда расмга тушади ва бармоқ изларини қолдиради. Энг муҳими, бутун амалиёт бир жойда амалга оширилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, Эстонияда янги туғилган чақалоққа ҳам ID-карта берилади.

Бу давлат хорижликлар учун ҳам қулайликлар яратган. Масалан, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан маълум бир мезонлар асосида “m-residency” карталари тақдим этилади. Улар орқали барча хизматлардан онлайн фойдаланиш мумкин. Фақат олий ҳокимият учун бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш имконияти йўқ.

Иккинчи кун

Иқтисодиёт ва алоқа вазирлигининг масъул мутахассиси М.Раллман Эстонияда давлат хизматларининг кўрсатилиши, “Электрон ҳукумат” тизими ҳамда давлат органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан, шунингдек, ташкилотлараро электрон мулоқотни йўлга қўйиш, уларни молиялаштириш манбалари, базалардан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳақида семинар тренинг ўтказди.

Вазирликнинг яна бир мутахассиси Р.Котсжуба эса давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказишда фойдаланиладиган ечимлар ҳамда мавжуд жараёнларни BPR қилиш бўйича батафсил маълумот берди.

Сўнгра вазирлик ташаббуси билан тез тиббий ёрдамга фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатларни тизимли равишда BPR қилинганлиги кўрсатиб берилди.

Бунда тез тиббий ёрдамга келиб тушадиган мурожаатлар тўрт бўлимга ажратилиб, оддий иситма ёки болада кузатиладиган енгил касалликларда операторлар томонидан ота-оналарни хотиржам қилиш учун тавсиялар ёки зарур ҳолларда дори ёзиб берилади. Сурункали касалликлар қайталанишида ҳам тегишли маслаҳатлар билан чекланилади. Бироқ йиқилиш, қон кетиши ва бошқа ҳалокатларда тез тиббий ёрдам машинаси юборилади.

Куннинг иккинчи ярмида “Estonian e-Governance Academy” мутахасисси А.Кииратс “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича семинар ўтказди. Машғулот якунида эса барчани 2022 йил 10 – 12 май кунлари Академия томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “E-Governance” халқаро конференциясига таклиф этди.

Шу куннинг ўзида Озарбайжон ҳамда Эстония “электрон ҳукумат” тизими доирасида бир қатор лойиҳаларни амалга оширувчи “Best Solution” хусусий консалтинг фирмаси директори Д.Гуссев билан учрашув ҳам ташкил этилди. Унда икки давлатнинг “электрон ҳукумат” тизими, хусусан, шахсларни идентификация қилиш бўйича замонавий ечимлар (ID карта, Mobile ID, Smart ID) бўйича тажриба алмашилди.

Таклиф:

Mobile ID ҳамда Smart ID лойиҳаларидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва бошқа ахборот тизимларига кириш жараёнида қўллаш мумкин.

Бунда, Android ва IoS учун махсус мобил илова ишлаб чиқиш, ушбу мобил илова орқали шахсни идентификация қилиш, бу орқали хориждан туриб фақат интернет орқали давлат хизматларидан электрон кўринишда фойдаланиш имкониятини яратиш мумкин.

Юқоридаги мобил иловадан фойдаланган ҳолда босқичма-босқич Электрон рақамли имзони мажбурий тартибда талаб қилиш амалиётидан воз кечса бўлади.

Учинчи кун

Эстония Республикаси Молия вазирлиги мутахасисси П.Ристкок “Давлат хизматларини кўрсатишнинг минтақавий жиҳатлари” мавзусида семинар ўтказди. Унда бугунги кунда Эстониядаги маъмурий ислоҳотлар, давлат бошқарувини ихчам ҳамда соддалаштиришнинг амалдаги ҳолати, эришилган ютуқлар, маъмурий ислоҳотларнинг бошланиш асослари, ўтказиш жараёни ҳамда ислоҳотдан кейинги натижалар ҳақида сўз борди.

Эътиборли жиҳати, Эстонияда вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш бўйича назорат қилувчи орган мавжуд эмас. Давлат хизматларини кўрсатишда аҳоли ва давлат органлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат бор.

П.Ристкок давлат бошқаруви ва маъмурий соҳадаги ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтирганини таъкидлар экан, бу ислоҳотни пухта ўйлаб, шошмасдан амалга ошириш бўйича тавсиялар берди.

Молдова Республикасидаги биринчи кун

Дастлаб Электрон ҳукумат агентлиги директори Ольга Тумурук билан учрашув ташкил этилиб, у агентлик фаолияти, асосий мақсад ва вазифалар, функциялар билан таништирди. Сўнгра директор ўринбосари Влад Маноил мамлакатнинг “Электрон ҳукумат” тизими инфраструктураси, мавжуд муаммолар ҳамда келажакдаги режалар ҳақида гапирди.

Берилган маълумотга кўра, Агентлик яратган платформа орқали фуқаролар 54 та муассаса томонидан кўрсатиладиган 87 та давлат хизматини электрон кўринишда олиши мумкин.

Бошқарма бошлиғи Игор Арамэ эса электрон ҳамкорлик, яъни “X-Road” платформаси орқали шахсга доир ҳамда бошқа маълумотларни давлат органлари ва муассасаларидан олиш, ўзаро алмашиниш тартиби тўғрисида гапириб берди.

Таклиф:

“X-Road” платформасидаги мавжуд имкониятларни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасининг 2-талқинида қўллаш;

Вазирлик ва идоралар томонидан ЯИДХПда ташкил этилган шахсий кабинет орқали олинадиган бевосита шахсга доир маълумотнома ва ахборотларни ЯИДХП фойдаланувчисининг шахсий кабинетида акс эттириш имкониятини яратиш;

“Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимини интеграция қилишда (ВПН канал) Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига уланиш тартибини бекор қилиш ҳисобига, “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига хавфсизлик серверларини жойлаштириш;

“Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинадиган маълумотларни қонунчиликда кўзда тутилган тартибда хусусий секторга сотиш амалиётини жорий қилиш.

Кунинг иккинчи ярмида масъул ходим томонидан чекка туман ва қишлоқ жойларда давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати бўйича маълумотлар берилди. Хусусан, ҳозирги кунда пилот лойиҳа сифатида ишлаб чиқилаётган “CUBS” тизими, унинг мақсади, молиялаштириш манбалари ҳамда мазкур тизим биринчи навбатда аҳолининг IТ салоҳияти ва билимини ошириш учун хизмат қилиши таъкидланди.

Таклиф:

Бугунги кунда ЯИДХПнинг махсус модули (postal.gov.uz) яратилиб, “Ўзбекистон почтаси” АЖ филиалларига қарашли жами 1 796 та алоқа бўлимларидан 927 тасида (52%) 34  турдаги электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилган.

Молдовада пилот лойиҳа сифатида ишлаб чиқилаётган “CUBS” тизимида, аввало, аҳолининг IТ салоҳияти ва билимини ошириш белгиланган. Мазкур пилот лойиҳани ўзимизнинг почта алоқа бўлимларида қўллаш аҳолининг мустақил равишда электрон давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам беради.

Иккинчи кун

Молдова Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Давлат хизматлари агентлиги фаолияти яқиндан таништирилди. Хусусан, Адлия вазирлиги масъуллари Петру Вирлан, Николай Бужор ҳамда Никола Иэскулар вазирликнинг асосий вазифа ва функциялари, тузилмаси, жамиятдаги ўрни ҳақида ахборот беришди.

Жумладан, электрон апостиль давлат хизматини кўрсатиш тартиби, нотариат ва адвокатура соҳасини тартибга солиш, аҳолига нотариат ҳамда суд соҳасида давлат хизматларини тақдим этишда электрон ҳамкорлик, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш, кўчмас мулк ҳамда автомототранспорт воситалари реестрлари тизимидан фойдаланиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини қабул қилиш, Адлия вазирлиги томонидан жазони ижро этиш муассасалари фаолиятининг бошқарилиши, юридик кадрларни тайёрлаш каби соҳалар ҳақида сўз борди.

Кунинг иккинчи қисмида мамлакатнинг Давлат хизматлари агентлиги фаолияти билан бошқарма бошлиғи Павель Шункалёв таништирди.

Хусусан, Молдовада Давлат хизматлари агентлиги 2017 йил 26 майда ташкил этилиб, унинг 189 та ҳудудий офиси, 40 та кўп функцияли маркази, 51 та транспорт воситалари ва ҳайдовчиликни рўйхатдан ўтказиш бўлими мавжуд. Ҳозирги кунда улар томонидан 248 турдаги давлат хизматлари кўрсатилади (транспорт воситалари соҳасида 25 та, ҳайдовчиликни расмийлаштириш соҳасида 13 та, ФҲДЁ ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни бериш соҳасида 62 та, кадастр соҳасида 59 та, юридик шахсларни рўйхат ўтказиш ва лицензиялаш соҳасида 37 та ва бошқа соҳаларда 52 та). Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда Агентлик томонидан электрон навбатларни бошқариш, электрон ёзиб олиш, хизмат кўрсатиш тизимини баҳолаш ва уларни оптимизация қилиш жараёнлари, халқаро ISO сертификатларининг олиниши бўйича ҳам маълумотларга берилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг