Яна «снос» ҳақида. Бу каби ҳодисалар олий стратегик мақсадга эришишда ғов бўлмайдими?
Айни кунларда интернет оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларни ларзага солаётган, ўзимиз қолиб, халқаро ҳамжамият эътиборини ҳам тортаётган «буз-бузлар» муаммоси ҳаммамизда жиддий ташвиш ва хавотирларни уйғотмоқда.
Минг афсуски, бу салбий ҳолатлар тўғридан-тўғри мамлакатимизда олиб борилаётган хусусий мулк кафолатини таъминлашга доир саъй-ҳаракатларга соя солмоқда. Яна бир муҳим масала –Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган бу йилги «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепциясини ишлаб чиқиш, дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш масалалари устувор аҳамият касб этиши белгиланган. Лекин, юқоридаги каби ҳодисалар бу олий стратегик мақсадга эришишимиз йўлида жиддий ғов бўлмайди, деб ким айта олади?
Ахир, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини мустаҳкамлаш учун, энг аввало, инсон ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини қатъий ҳимоя қилишимиз энг биринчи галдаги вазифа-ку! Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мутасаддиларининг аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган бу каби хатти-ҳаракатлари давлат раҳбари юритаётган инсонпарвар сиёсат тамойилларига тамомила тескари эмасми?
Бузилишларга маҳаллий ҳокимликлар томонидан «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Обод марказ» давлат дастурларининг рўкач қилинаётганига келсак, бу дастурлардан кўзланган асосий мақсад аҳолига қийинчилик туғдириш эмас, балки халқни рози қилиш, одамлар учун фаровон ва муносиб турмуш даражасини яратиш устувор мақсад эканлигини унутмаслик зарур.
Қолаверса, Бош Қонунимиз – Конституция билан (53-модда) хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги қатъий мустаҳкамлаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб қабул қилинган кўплаб қонунларимизда ҳар бир шахснингхусусий мулки дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги белгиланиб, давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратиши таъкидланган.
Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга кўра, 2018 йил 1 августдан шундай тартиб ўрнатилдики, инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади. Агарда ушбу ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб мол-мулкдан фойдаланган, битим тузган ёки тақдим этилган афзаллик ва устунликлардан бошқача тарзда фойдаланган ҳамда мазкур ҳужжат кейинчалик ҳақиқий эмас, деб топилган ёки бекор қилинган бўлса, давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади, деб кўрсатилган.
Фармон билан жорий этилган яна бир янгилик бу – 2018 йил 1 сентябрдан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан сўнг, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши белгиланганидир.
Жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарарнинг инвесторга қисқа муддатларда қопланилишини таъминлаш мақсадида зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши ҳам белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур масалада ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш замирида бу бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Бунда, албатта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ҳам қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қатъият талаб қилинади ва адолатнинг суд орқали ўз вақтида ва самарали таъминланиши муҳим аҳамият касб этади.
Элдор Туляков,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter