Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яккабоғда «замҳоким»ни ёқиб юборган тадбиркор Тошкентда суд-психиатрия экспертизасидан ўтмоқда

Яккабоғда «замҳоким»ни ёқиб юборган тадбиркор Тошкентда суд-психиатрия экспертизасидан ўтмоқда

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевнинг ҳаётига суиқасд қилганлигида айбланувчи яккабоғлик тадбиркор Бахриддин Исамов Тошкентда суд-психиатрия экспертизасидан ўтмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратурага асосланган ҳолда Gazeta.uz хабар бериб ўтди.

Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг ҳаётига суиқасд қилганлигида айбланувчи тадбиркор Бахриддин Исамов айни пайтда Тошкентда суд-психиатрия экспертизасидан ўтмоқда. Яккабоғ тумани прокуратураси юқорида қайд қилинган ҳолат юзасидан 20 июль куни Бахриддин Исамовга нисбатан Жиноят кодексининг 25- ва 97-моддаси 1-қисми билан жиноят ишини қўзғатган.

Исамовнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, ҳимоячиси Ш. Гайиров иштирокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган. 21 июль куни Исамов Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибда ушланиб, бу ҳақида яқин қариндошларига маълум қилинган ва қариндошлари томонидан олиб келинган кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.

22 июл куни Исамовга айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Айбланувчи қариндошлари томонидан таклиф қилинган ҳимоячи Х. Джабборов билан холи учрашиши учун шароит яратиб берилган.

Исамовга нисбатан суд-психиатрия экспертизаси тайинланиб, Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг 22 июлдаги ажрими билан стационар тартибда суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун Тошкентга юборилган. Шу куни турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ва ўғли Шарофиддин Даминов билан учрашув ташкил қилиб берилган.

Изоҳ: ОАВ да таркалган хабарларда айтилганидек, воқеа содир бўлгандан кейин тадбиркорнинг икки ўғли ҳам ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилиб, уларнинг бири тан жароҳати билан қўйиб юборилгани, жароҳатлар милиция ходимлари томонидан етказилгани борасида Бош прокуратура ҳозирча ҳеч нима дегани йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг