Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўхтатилган кортеж ёки XXI аср большевизми ҳақида

Тўхтатилган кортеж ёки XXI аср большевизми ҳақида

Фото: «777blog.hu»

Охирги кунларнинг энг баҳсли мавзуси Ёшлар иттифоқи раҳбарининг тўй кортежини тўхтатгани ва келин-куёвни таксига ўтказиб юборгани бўлди. Бемалол айтиш мумкинки, афкор оммани, айниқса, интернет олами вакилларини бу ҳолат иккига бўлиб юборди ва ҳозир бу икки томоннинг ҳар бири тоғдан тушаётган сел каби йўлларидаги ҳамма нарсани ювиб келиб, бир бирига шитоб билан урилмоқда. Кейинги босқичда бир-бирини тушунмаган, тушунишни истамаган ва буткул рад этаётган бу икки куч умумий оқимга айланиб янада кўпроқ талафот етказиши ҳеч гап эмас.

Мен ҳозир раиснинг ҳақ ёки ноҳақлиги тўғрисида нимадир дейишдан, бу ишига баҳо беришдан тийиламан. Аслида бунга маънан ҳаққим бор эди. Ўша тадбирда жуда кўп мавзулар кўтарилган, фаол савол-жавоблар қилинган, ташаббуслар илгари сурилганди. Лекин гап орасида айтиб кетилган бир воқеа ҳаммасига соя солиб биринчи ўринга чиқиб кетди ва ҳамманинг оғзига тушди. Журналист Азиз Қаршиев мазкур мавзу юзасидан кенг қамровли мақола ёзди ва Ёшлар иттифоқи раисини истеъфога чиқариш масаласини ўртага ташлади.

Шундан сўнг бу мавзу янгитдан қўзғалди ва ижтимоий тармоқларда ўзгача шитоб билан муҳокама қилина бошланди. Айни шу нуқтада бўлиниш юз бериб, икки томон бир-бирига очиқдан-очиқ зарбалар беришга киришди. Вазиятни ўнглашни истаган Қаҳрамон Қуронбоевнинг бевосита интервьюси янаям акс таъсир қилиб, баҳсларни баттар алангалатиб юборди. Кечагина бир-бирини ҳурмат қилиб мулоҳаза билдираётганлар энди ёвлашишга тушиб кетишди.

Зарбалар белдан пастгагина эмас, пастнинг ҳам нозик жойларини топиб берила бошланди. Яхшики бизда митинглар, оммавий норозиликлар ўтказиш одат тусига кирмаган ёхуд бундай жараёнларни давлат қаттиқ назорат қилади. Йўқса мана шу мавзу юзасидан оғиз кўпиртириб, клавиатура муштлаётганлар бирор майдонда учрашиб қолсалар борми, бир-бирларига тиғ тортиб юборишдан ҳам тоймасдилар (ўзи сақласин).

Умуман, бу гапларнинг бирортаси энди янгилик эмас. Айтмоқчи бўлганим бутунлай бошқа масала эди.

Бир савол — жуда майдалашиб кетмаяпмизми?

* Айни мана шу мавзу муҳокама қилинаётганда Президент ШҲТ саммитида иштирок этди, унда минтақанинг кўплаб жуда жиддий масалалари муҳокама қилинди. Ҳатто алоҳида ташаббус билан ёшларга мурожаатнома ҳам ишлаб чиқилди. Аммо биз буларга эътибор бермадик, ташаббус билан ҳатто танишмадик ҳам. Кўпчилигимиз Хитойда Циндао деган шаҳар борлигини ҳам билмасдик аслида. Дунё сиёсатида ҳам оламшумул воқеа содир бўлди — Доналд Трамп Ким Чен Ин билан учрашди. Лекин бунақа «майда-чуйда» масалалар бизга керак эмас! Бизга тўй масаласи бўлса, кортежлардаги автомобиллар сони чайналса, уни тўхтатмоқчи бўлган одамнинг қовун туширгани муҳокама қилинса муҳим ҳисобланади.

* Азиз Қаршиевнинг мақоласи «Кun.uz» сайтида эълон қилинди ва жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолбуки, айни шу сайт (ва бошқа қатор сайтлар, жумладан «Хаbar.uz» ҳам) бир неча кун олдин Орол муаммосига оид туркум мақолалар эълон қилганди. Давлат раҳбари ҳам БМТда нутқ учун қисқа вақт берилганидан унумли фойдаланиб, бутун минтақани азоблаётган муаммо ҳақида сўзлаганди. Лекин бугун пешона томирларимизни бўрттириб тортишаётганлар орасидан бирортамиз шу мавзу остига икки энлик изоҳ ёзишни, муаммо ечимига фойдамиз тегмаса-да, ўз муносабатимизни ифодалашни лозим топмадик. Ахир кортеж масаласи турганда, Оролга нима бор?!

* Одамзоддан қаттиқ зарба еб, жароҳати битмаган табиат ҳам жавоб берди. Орол ҳақидаги мақолаларнинг изи совумай туриб Қорақалпоғистон ва Хоразмга туз бўронлари ёпирилди. Бу мавзу ОАВда расман ёритилмади, яна интернет муҳокамаларига сабаб бўлди. Айрим мутасаддилар қисқа муддатли чиқишларида ҳам бу ҳолатни хаспўшлашга уриндилар. Аммо жиддий ўйлаб қаралса, табиат бу ҳодиса орқали бизга сигнал бераётганини ҳаммамиз ҳис қилиб турардик. Шундай бўлса-да, бу мавзу бизнинг қимматли вақтимизга арзимади. Ёшлар иттифоқи тўйни бузганидек масала турганида, туз бўронлари билан кимнинг иши бор?

* Юртимизда ва умуман атрофимиздаги ҳудудларда мислсиз қурғоқчилик ҳукм сурмоқда. Ризқимизни етиштириб берувчиларнинг ярми ҳосилнинг паст баҳоланаётганидан, қолган ярми сув масаласидан қийналмоқда. Шаҳардаги салқинда ўтириб олиб, мониторга тикилганча завқланаётганлар Қуронбоевнинг обрўсини тукиш учун «курашаётганида» сурхонлик деҳқоннинг пиёзи даланинг ўзида чириб тугади, самарқандлик миришкорнинг бир йил ер титиб етиштирган картошкаси қум баҳосида сотилмоқда. Бу мавзу интернетда ҳам кенг ёритилди, лекин эълон қилинган мақолалар юзта бўлса, уларга қолдирилган изоҳлар (яъни муносабатлар, фаол фуқаролик позицияси) нари борса беш юзтадир. Аммо тўхтатилган машиналар ва таксида жўнатилган келин-куёв борасида шапалоқдек мақола мавзусида миллионинчи изоҳни ортда қолдирганимиз аниқ! Яна қанақа ёзишмалар денг: «Ози бу йош итла вашше озидан кетганийди. Йукотиш кере хаммасини», «Агар маши Куронбоев деганлари мани туйимни тухтатса Камолотига ут куярдим», «Сан узинг кимсан, аввал раисмиздай бувол, кейин кариллайсан. Қуронбоев мани қаҳрамоним. У йуз фоиз ҳақ».

* «Бу мафкура масаласи, ёшлар сиёсатига оид мавзу бўлгани учун кўп ва хўб муҳокама қилинди» дерсиз. Балки шундайдир ҳам. Аммо бугун бу мавзуда ёқа йиртаётганлар, Қаҳрамон Қуронбоевга балчиқ отаётганлару «мардларча» ҳимоя қилаётганлар давлатнинг миллий ғояси даражасига кўтарилган «Тараққиёт стратегияси» тўғрисида ярим қоғоз тушунча бера олишармикан? Ёки долзарблиги туфайли, тараққиётда муҳимлиги аллақачон ўз исботини топгани боис йил номига ҳам киритилган инновациялар масаласини қачон биз жонбозлик кўрсатиб муҳокама қилдик?! Ахир инновация сўзининг ўзи ёшлар тушунчаси билан ҳамоҳанг эмасмиди? Йўқ, бизга шунақа арзон мавзудаги баҳслар керак! Иложи бўлса баҳс шунчалар кучайсинки, тўфон кўтарилсин!

Ўзи биз воқеани, сабаблар силсиласини ўрганишга эмас, занжирнинг бир бўғинидаги шовқинга кўпроқ ишқибоз бўлиб қолмаяпмизми? Бир мисол: соқол мавзусини ҳам обдан эладик. Мусулмоннинг суннати деб жар солишимизга номусулмоннинг ҳам соқоли чиқиб кетгандек бўлди. Лекин шахсий кузатувимда ўша соқол ва жарангдор хитоблар соҳибларининг ибодатдаги ғайратига гувоҳ бўлмадим. Хўш, қўлимизни кўксимизга қўйиб айтайликчи — мусулмонлик даъвоси фақат соқол ва унинг ҳимоясидан иборат эдими?

Бизга сабаб муҳим эмас, оқибат етарли. Бир жойини ушлаб олсак бас, тамом! Коммунистик мафкура гуллаган пайтлари бир арбоб кимнидир жазолаш асносида «Сен кабилар бор экан, коммунизм қуриб бўлмайди» деб юборади. Жазолангувчининг кўзлари ярқ этиб очилиб, «Сен коммунизм қуриб бўлмайди, дединг» дея тўполон кўтариб, арбобнинг ўзини айбдорга айлантириб юборган экан. Биз ҳам узилган олмани жойига қўндириб берасан дея йиғлаган болакайнинг ишини қилиб тортишаётгандек бўлаяпмиз.

Келинг энди, мавзуни ўзгартирайлик. Сал жиддийлашайлик!

Шахсан ўзим илгари ОАВ ва ижтимоий тармоқларни бошқариш орқали турли давлатлардаги вазиятни издан чиқариб юборувчи кучларга ишонмасдим. Ҳозир ишонаяпман. Айни шу воқеадан сўнг ишонаяпман! Бизга аслида четдан туриб вазиятни издан чиқарувчи қора кучлар ҳам шарт эмас экан. Ўзимиз воқеа яратамиз, ўзимиз ваҳимага ўч оломонга айланамиз ва охир-оқибат арзимас нарса устида ўзимиз бир-биримизнинг гўштимизни еймиз. Тўғри, Қуронбоевнинг бу гаплари жиддий муҳокамага, ўзаро ҳурмат сақланган баҳсга арзирди. Аммо бутун мамлакат ёшларининг икки гуруҳга бўлиниб, бир-бирларига тиш қайрашига эмас! Бу адоватнинг заҳри кетгунича йиллар керак бўлади.

Воқеа ортидан нафақат Қуронбоев шахсияти, балки умуман Ёшлар иттифоқи фаолияти ҳам муҳокамага қоришиб кетди ва асосан салбий оҳанглар уфурди. Парадокс, айнан кортеж воқеаси сўзлаб берилган тадбирда иттифоқнинг ўзига хос сарҳисоби қилинган, унда эришилган ютуқлардан  яхши таассурот олганди кўпчилик. Анархизм руҳиятида қаровчилар, иттифоқ фаолиятини ерга урувчилар сўз эркинлигидан фойдаланиш асносида аниқ таклифларни ўртага ташласалар дуруст бўларди. Иттифоқ ва раҳбарни йўқ қилайлик ҳам дейлик, кейин нима қиламиз? Бу саволга жавоб борми? Ёшлар масаласида алоҳида дастур ёки дастурларга эга бўлмаган, бевосита назорат қилмаган давлат тараққиётга эришиши мумкинми? Октябрь инқилобида шундай вазият юзага келган экан. Шоҳ ағдарилган, большевиклар ҳукуматни эгаллаган. Аммо бирор кишида давлатни бошқариш тажрибаси ҳам, яхшими-ёмонми аниқ ишловчи бир тизим ҳақида тушунча ҳам йўқ. Ҳар кунлик мажлисларда ёқалашишлар одатий ҳолга айланган, тортишувлар, ҳақоратлар ортидан сўзига қўшилмаганларни шартта отиб ташлаш ҳолатлари ҳам кузатилган. Қизиғи, қотил жазоланмаган ҳам, чунки жазолагувчилар жазолаш механизмини ишлаб чиқиш жараёнида бир-бирини рад этаяпти, отиб ташлаяпти. Шундай экан, радикал фикрлаб, ҳаммасига якун ясашни таклиф этаётганлар бор экан, вазиятга сергак қараш лозим.

Саид-Абдулазиз Юсупов

Р.S. Бу сатрларни ўқиб, мени ўртоқ Қуронбоевнинг ҳимоячиларидан бири ёки аксинча уни ёмонлашни ният қилганлардан деб хулоса қилган бўлсангиз, демак, ҳеч нарсани тушунмабсиз. Унутинг бу мақолани! 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг