Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хотирлаш – эҳтиром ва эъзоз эшиги

Хотирлаш – эҳтиром ва эъзоз эшиги

Ҳар бир замоннинг, ҳар бир маконнинг ўзига яраша муаммолари бўлади. Табиий офатлар, турли ижтимоий ҳодисалар, вабо, давлатлараро урушлар бунинг яққол кўринишидир. Булар аслида, халқлар олдидаги синов, машаққатли довонлардир. Қайси халқ метин иродага, темир интизомга, бағрикенглик ва олижаноб фазилатларга эга бўлса ўша халқнинг ғалабаси муқаррардир.

Бу фикрнинг исботини иккинчи жаҳон уруши мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Фашизм устидан қозонилган ғалабада Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонатини инкор этиш инсофдан эмас. Тасаввур қилинг, ўша пайтда Ўзбекистон аҳолиси 6 ярим миллион кишидан иборат эди. Шундан 1,5 миллиондан ортиғи жангга отланди. Ўша урушда ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди. Бунинг асоратларини, мард ўғлонлар ва жанговар аёлларимизнинг матонати ва қисматини асло унутиб бўлмайди.

Эй ғофил, ўйлама дунёда сенинг

Қисматингни халлоқ айлаган уруш

Ўзи-ку умримиз жуда ҳам қисқа,

Тағин қисқартирмоқ бу қандай юмуш?

Абу Абдуллоҳ Рўдакийнинг ушбу рубоийсида уруш ва кескин низоларга нафрат руҳи бор. Халқимизнинг дил тубидан чиққан ушбу нидода ҳам ҳам ана шу тилак мужассам.

Ер таянч нуқтасин Архимед излаб,

Кетдику тополмай армон етаклаб,

Она алла айтиб умум башарга

Бу нуқта тинчлик деб берди йўргаклаб.

Жаҳоннинг олий минбаридан туриб Президентимизнинг нафақат ўзбек халқига балки, бутун дунё аҳлини тинчлик ва ҳамжиҳатликка чорлови халқимизга хос бағрикенглик ва меҳридарёлик нишонасидир. Биз давлат раҳбарининг ана шу даъватларига ҳамоҳанг ва камарбаста бўлсак, ўтмиш аждодларимизни ёд, руҳларини шод этган бўламиз.

Уруш қатнашчиларини бизнинг аждодларимиз дея тарафлаш ва шарафлаш фуқаролик бурчимиз ва ватан тақдирига дахлдорлик туйғусидир.

Ёвузликнинг оқибати мағлубият бўлишини, бу бандага ҳам, яратганга ҳам хуш келмаслигини иккинчи жаҳон уруши мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунларнинг қадрига етиш учун тинчлик ва истиқлол сабаб эришган муваффақиятларни ёшларимиз ҳис этишлари учун ўша давр келтирган зарарлар ва халқимизнинг мардонаворлигини, матонатини мисоллар асосида келтириш ўринлидир. Орамизда урушнинг ёлғиз ёдгори бўлиб қолаётганлар, бир оёғини фронтга ташлаб келган уруш фахрийлари бор. Уларнинг қалбида уруш қолдирган асоратлар, танига етказилган шикастлар асло ўчмасдир. Деярлик ҳар бир оилада, меҳнат жамоасида, таълим муассасасида уларнинг ўз ўрни, муқаддас хотираси мангу яшайди. Мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийларини зиёрат қилиш, ҳолидан хабар олиш айниқса, байрам олдидан анъанавий тус олгани рост.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти жамоаси ҳам ҳар йили институтда фаолият кўрсатаётган ва ҳозирги кунда нафақада бўлган иккинчи жаҳон уруши даврида меҳнат фронти фахрийлари ва Афғонистонда хизмат қилган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари аҳволидан хабар олиш ва уларни табриклашни асло канда қилишмайди.

Институт раҳбар ходимлари 9 май умумхалқ байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларидан хабар олиш ва табриклашни инсонийлик бурчи ва виждон амри дея англаб совғаи саломлар билан уларнинг хонадонларига боришди.

Миллионлаб одамлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш даҳшатларини кўриб тангри инояти билан мардонавор тарзда соғ-омон юртига қайтиб келганлардан бири уруш ва меҳнат фахрийси генерал-майор Абдуллажон бобо Артикбаевдир. Ҳозирда пойтахтимиздаги «Лашкарбеги» маҳалласида истиқомат қилаётган Абдуллажон бобо 1943 йилда 18 ёшида армияга чақирилди. У Туркистон ҳарбий округи 368-чи Самарқанд ўқчилар полкида оддий аскар бўлиб хизмат қилди. У ердан уни Тошкент ҳарбий билим юртига, 1945 йил февралда эса бир неча сафдошлари билан бирга Ғарбий Украинага – аввалига Львовга, сўнгра Мукачевога юборилди. 

Институтимизнинг раҳбар ходимлари совға-саломлар билан уларни йўқлаб борганда, ҳолсиз тарзда каравотда ётган Абдуллажон бобонинг нурсиз кўзларида ажиб бир чақнаш, юзларида табассум ва миннатдорлик ифодаси зоҳир бўлди. Шунда эътибор эҳтиромга эшик ва эъзозга чинакам бешик эканлигини ҳис этдик. Истеъфодаги генерал-майор А. Артикбаев Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди, оғир ва машаққатли жангларда мард ўзбек ўғлонларининг кўрсатган буюк жасорати ва қаҳрамонликлари тўғрисида сўзлаб берди. Шунингдек, тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини, уни асраб-авайлаш ҳар бир Ватан фарзандининг муқаддас бурчи эканлигини алоҳида эътироф этди.

Институтимизнинг раҳбар ходимлари озиқ-овқат маҳсулотлари ва электр чойнак каби совғалар билан 10 дан зиёд хонадонларга бориб кўпчилигининг оила аъзоларини ҳам хурсанд этишди.

Ушбу уруш бир халқ ва бир мамлакатнинг бошига тушган офат бўлмай, умумжаҳон ҳаёти ва келажагини барбод этувчи даҳшатли ҳодиса бўлгани аниқ. 1939-1945 йиллар, яъни иккинчи жаҳон урушининг изтироблари, офатлари ўзбекистонликларни ҳам четлаб ўтгани йўқ.

Халқимиз жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшганини инкор этиш қийин. Юрт бошига кулфат тушганда, бойлик, мол-мулк кўзга кўринмаслигини сезиш қийин эмас. Босқинчиларга бўлган нафрат халқнинг ғазабини келтирибгина қолмай, балки ўзида бор бўлган қимматбаҳо тақинчоқ-у бойликларини ўйлаб ўтирмасдан фронтга, мард жангчиларга, жанговар техника, уруш қуроллари, мудофаа жамғармаси учун тўплаб сафарбар этгани ҳам факт.

Манбаларда, хусусан интернет тармоқларида келтирилган қуйидаги статистик маълумотларга бир эътибор беришнинг ўзи кифоя бўлса керак. Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлади. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион сўм нақд пул, 4 миллиард 226 миллион сўм заём пули, 52,9 кило олтин ва кумуш топширилди. Армияга 7 518 800 гимнастёрка, 2 636 700 пахталик, 2 221 200 этик ва қўнжли ботинка юборилди. Енгил саноат вазирлиги корхоналари томонидан фронтга 246 918 700 сўмлик маҳсулот жўнатилган.

Қийинчилик ва хомашё етишмаслигига қарамасдан, Тошкент тўқимачилик комбинати фронт учун 410 миллион метр газлама ишлаб чиқарди. Шунингдек, кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди. Чунончи, 1 282 000 тонна ғалла, 482 000 тонна картошка ва сабзавот, 1000 тонна полиз маҳсулоти, қуруқ ва ҳўл мевалар шулар жумласидандир. Фақат 1941 йилнинг иккинчи ярмида 59 минг бош от фронтга олиб кетилди. Республиканинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва тумани ҳамда айрим шахслар жангчиларга ёрдам қўлларини чўздилар. Масалан, 1942 йилнинг бошларида Бухоро вилоятидан 4059 жуфт иссиқ кийим, 9380 жуфт жун пайпоқ ва қўлқоп, 5660 қалпоқ, 2750 шим, 3000 пўстин, 18,5 минг литр вино, қуруқ мевалар олинди. 1943 йилнинг бошларида Ленинградга Андижон вилоятидан 7884 кило ун ва буғдой, 5496 кило ёрма буғдой, 1160 кило гуруч, 418 бош қўй, 8510 кило қуруқ мева, Қорақалпоғистондан 224916 сўм нақд пул, 21614 кило буғдой, 5819 кило гўшт, 3700 кило гуруч жўнатилди. Қорақалпоғистондаги Мўйноқ балиқ комбинатидан 20 миллион банка гўшт ва балиқ консерваси олинган эди. Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳам жангчилардан ҳеч нимани аямадилар. 1942 йилнинг кузида Сурхондарёдан 5998 бош қорамол, 18 тонна асал, 28 тонна ёғ, 31 тонна қуруқ мева, 3000 литр вино олинди. Тошкентдан 52 вагонда озиқ-овқат маҳсулотлари юборилди. 1943 йили Сурхондарё вилояти фронт эҳтиёжлари учун 14 миллион сўм нақд пул, 330 тонна гўшт ва ёғ, 530 тонна буғдой, 180 тонна қуруқ мева, 33168 дона тери топширди.

Кийим-бош ва озиқ-овқат маҳсулотларини Самарқанд, Наманган, Хоразм ва бошқа вилоятлар ҳам фронтга жўнатиб турганлар. Шунингдек, ҳукумат вакиллари томонидан вагонларда катта миқдорда совғалар олиб кетилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Масалан, 1942 йили республиканинг бир гуруҳ вакиллари Ленинградга 600 вагон ун ва гўшт, 100 вагон гуруч, 60 вагон қуруқ мева олиб борганлар.

Мана шу фактларнинг ўзиёқ, халқимизга хос фидойилик, элпарварлик, каби олижаноб фазилатларини ифода этиши аниқ.  Булардан ташқари аждодларимизга хос бўлган бағрикенглик, меҳридарёлик, болажонлик фазилатлари уларнинг жон томири ва қон томирига сингишганини кўриш мумкин эди. Ўзаро ёрдам, саховат кўрсатиш каби ҳолатларнинг авлодлар табиатида барқарорлигини яқиндагина рўй берган табиий офатлар - Бухоро бўрони ва Сардобадаги сув тошқини мисолида ҳам илғаш мумкин.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ўзлигини, тинчликсеварлик, инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди. 

Ўша ғоят оғир ва суронли даврда юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди, бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

Шунингдек, ўзбек халқи Россия, Украина, Белоруссия, Молдавия ва бошқа жойлардан кўчириб келтирилган ўн минглаб кишиларга бошпана бериб, меҳрибонлик ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатди. Жанг бўлаётган ҳудудлардан кўчирилган бир миллион эркагу хотин ва бола бошпана, кийим-бош ва озиқ-овқат билан таъминланди.

200 минг етим боланинг талай қисмини ўзбек оилалари ўз қарамоғларига олдилар, фарзандларидан кам кўрмай тарбияладилар. Ўзбек халқи жангга кетган турли миллат вакилларининг оилаларидан ҳам моддий ёрдамини аямади. Минглаб болалар Болалар уйларига жойлаштирилди. Давлат томонидан берилган ёрдам етарли бўлмагани учун ўзбек халқи уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турди. Ўзбекистон 113 ҳарбий касалхона - госпитални ҳам оталиққа олди.

Урушда минглаб аёллар бева ва болалар етим бўлиб қолдилар. Ота-оналар фарзандлари доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Уруш йилларида чек-чегараси йўқ харажатлар халқни шу даражада қашшоқлаштирдики, таърифлашга қалам ожизлик қилади. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликлардан ўлди. Уруш ўзбек халқининг бор-йўғидан тамомила айирди, кўрпа-ёстиғи, бошқа рўзғор анжомларидан мосуво бўлди, уй-жойи харобага айланди, оч ва юпун бўлиб қолди. Очарчилик ва касалликлар қишлоқларда авжига миниб, кўп одамларнинг ёстиғини қуритди. Болаларнинг орасида ҳам ўлим кўп учрарди. Бироқ шўро давлатининг эътиборсизлиги туфайли уруш вақтида орттирилган қийинчилик ва азоб-уқубатлар тамомила бартараф қилинмади. Айниқса, уруш ногиронларининг қадр-қиммати ўрнига қўйилмай, улар ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Хуллас, уруш йилларида машаққатли меҳнат ва азоб-уқубатдан бошқа нарсани кўрмаган одамларнинг кўпчилиги қайғу-алам гирдобида жон бердилар. Шунга ўхшаш уруш қатнашчиларининг талай қисми ёруғ кунларни кўрмади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ота-боболаримиз мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар ва талофатлар ҳисобига бутун инсоният бошига тушган офатни бартараф қилишга улкан ҳисса қўшиб, жаҳон тарихида ўчмас из қолдиришди.

Рўзимурод Чориев,
ТИҚХММИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор

Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг