Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хорижлик ватандош олимлар Тошкентда илмий семинар ўтказишди

Хорижлик ватандош олимлар Тошкентда илмий семинар ўтказишди

2019 йилнинг 26-27 июль кунларида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ватандошлар — Германиянинг Гумболтд университети профессори Аброр  Ғофуров, Москва давлат университети (МДУ) илмий изланувчиси Ильдар Мухамеджановлар томонидан докторантлар ва тадқиқотчилар учун илмий семинар ташкил этилди.

Илмий семинар атроф-муҳит ва сув ресурсларини бошқариш ҳамда мониторинг қилишда математик моделлаштиришга бағишланган бўлиб, унда атроф-муҳитни моделлаштириш жараёни билан танишиш, масофавий зондлаш асосида мониторинг, статистик дастурлаш (RStudio) билан атроф-муҳитнинг оддий моделларини ишлаб чиқиш, гидрологик моделлаштириш, масофавий зондлаш маълумотларини қайта ишлашда қўлланиладиган замонавий ёндошувлар ва олинган натижаларни таҳлил қилишга доир янги билимлар докторантлар ва тадқиқотчилар томонидан ўзлаштирилди.

Семинарнинг иккинчи кунида ҳар бир иштирокчи томонидан амалий масалалар ечиб кўрилиб, юқорида номлари келтирилган моделлаштириш жараёнларини амалий масалаларга қўллаш бўйича кўникмалар шаклланишига эришилди.

Шунингдек, илмий семинар давомида МДУ профессори, Россия фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Лупян Евгений Аркадевич билан онлайн тарзда мулоқот ташкил этилиб, унинг томонидан келгусида ҳамкорлик жараёнларини жадаллаштириш, ТИҚХММИ талаба ва докторантларини тегишли соҳалар бўйича Москва давлат университетида амалиёт ва стажировка ўташ имкониятларини яратиб бериш таклифлари берилди.

Институт раҳбарияти томонидан илмий семинарни ташкиллаштириш ва ўтказишда фаоллик кўрсатган ватандошларимиз — Германиянинг Гумболтд университети профессори, Аброр Ғофуров, Москва давлат университети илмий изланувчиси Ильдар Мухамеджанов ҳамда ҳамкор Россиялик олим Лупян Евгений Аркадевичларга миннатдорчилик билдирилди.

 Раҳимбой Жуманиёзов,
институт матбуот котиби
О.Абдисаматов, Н.Шайманов, 
Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва
илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлими ходимлари

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг