Хориждаги Ўзбекистон дипломатик миссияларининг раҳбарлари IT-Парк фаолияти билан танишишди
Бугун, 17 декабрь куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-Парк)да Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти ва чет элдаги Ўзбекистон дипломатик миссияларининг раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди.
Дипломатлар IT-Парк фаолияти, бу ерда ахборот технологиялари компаниялар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар билан бевосита танишишди.
Учрашувда бугун Ўзбекистонда IT-тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилгани, замонавий норматив-ҳуқуқий база барпо этилиб, қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилгани, республика бўйлаб замонавий инфратузилмага эга IT-Парклар ташкил этилаётгани таъкидланди.
2019 йилда IT-Парк резидентлари томонидан ишлаб чиқарилган ахборот технологиялари маҳсулот ва хизматларининг экспорти 6,2 миллион долларни ташкил этганди, 2020 йилда мазкур кўрсаткич 16,4 миллион долларгача ўсди. 2021 йилнинг биринчи ярмида экспорт ҳажми 17 миллион долларни ташкил этди, йил охиригача мазкур кўрсаткични 40 миллион долларгача етказиш кўзда тутилган.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ахборот технологиялари бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш, IT-Парк резидентларининг чет эл ахборот технологиялари компаниялари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter