Хориждаги ўзбек: «Ақлли меҳнат қилишни ўрганишимиз керак»
Тижорат ва ҳаво ҳуқуқи бўйича мутахассис, Онтарио провинциясида амалиёт юритувчи адвокат ва нотариус (Barrister & Solicitor, Notary Public in Ontario), «Sobirovs Law Firm» (Торонто, Канада) юридик фирмасида қўшимча таъсисчи ва бошқарувчи ҳамкор, Bombardier Commercial Aircraft компаниясида халқаро шартномалар бўйича консультант Раҳмат Собиров «Buyuk kelajak» кенгаши эксперти сифатида интервью берди.
— Ўзбекистондан ташқарида орттирган тажрибангиз ҳақида гапириб берсангиз. Четда нималарни ўргандингиз? Ўзбекистонда эҳтимол ўргана олмаслигингиз мумкин бўлган энг асосий тажриба нима бўлди?
— Мен 2003 йилдан чет элда ўқидим, ишладим ва тажриба орттирдим. Умумий қилиб айтадиган бўлсам, халқаро ҳуқуқ, халқаро транспорт ҳуқуқи соҳаларида таълим олдим ва ишладим. Хусусан, авиация соҳасига тааллуқли бўлган ҳуқуқий масалаларга ихтисослашдим. Самолётларни молиялаштириш, авиакомпаниялар ва авиализинг билан шуғулланаётган молиявий ташкилотларга (халқаро банклар, хусусий ва давлат фондлари ва ҳоказо) самолётларга буюртма бериш, сотиб олиш, ижарага бериш ва молиявий инқирозга учраган авиакомпаниялардан самолётларни тортиб олиш масалаларида ҳуқуқий кўмак бердим.
Канадага кўчиб ўтганимдан кейин бироз вақт ҳуқуқ соҳасига яқин соҳаларда ишлаб, сўнг Канадада ҳуқуқшунос бўлиш учун қайтадан ҳуқуқ мактабига кирдим ва Juris Doctor унвонини олдим. Канада асосан англо-саксон ҳуқуқ тизимига асосланган бўлгани учун Ўзбекистон ва Венгрияда олган дипломларим билан бу мамлакатда адвокат бўлиб ишлаш мумкин эмас эди. Шунинг учун қайтадан ўқидим. Фақат бу сафар англо-саксон ҳуқуқ тизимини (инглизчада «Common Law») ўргандим. Ўзбекистонда ўргана олмайдиган нарсалардан бири шу — англо-саксон ҳуқуқ тизими десам бўлади.
Канадада адвокатлик лицензиясини олганимдан кейин мамлакатнинг ва дунёнинг йирик самолётсозлик корпорацияларидан бири бўлмиш «Bombardier Aerospace»да ишладим. У ерда асосий вазифам самолёт сотиб олиш ва молиялаштиришга оид шартномаларни тайёрлаш, музокара қилиш ва улар имзолангандан кейинги жараёнларни амалга ошириш эди. Шу тажрибам орқали кўплаб авиакомпаниялар ва молиявий институтлар билан ишладим. Керак бўлганда тортишдим ва ҳаттоки Бомбардиер сотган самолётларни ҳам қайтариб олишга кўмаклашдим. Шу тажрибамга таянган ҳолда, Лондоннинг авиация соҳасида катта мавқега эга юридик фирмаларидан бўлмиш «Bird & Bird» юридик фирмасига ишга таклиф этилдим. У ерда дунёнинг энг катта авиакомпаниялари билан (Emirates, Etihad, Qatar Airways, Qantas, Virgin Atlantic, AirAsia ва TUI) яқиндан ишладим ва уларга самолёт олишда ҳуқуқий ёрдам бердим. Бу эса мен учун Ўзбекистонда ўргана олмайдиган бошқа бир тажриба бўлди.
— Нима деб ўйлайсиз, миграция ўзбекларга таъсир кўрсатдими? Уларни дунёнинг глобаллашган фуқаролари деб айтиш мумкинми ёки халқ урф-одат ва анъаналари ҳали ҳам кучлими? Глобализациянинг ижобий томонлари қайсилар, анъаналарникичи? Экспатриантлар (ватанидан кўчиб кетганлар) ва маҳаллий фуқароларнинг қарашларини бирлаштириш мумкинми, узилиш юз бермадимикин?
— Ҳозирда мен Канаданинг Торонто шаҳрида 2012 йили турмуш ўртоғим билан бирга ташкил этган «Sobirovs Law Firm» юридик фирмасини бошқариб келаман. Юридик фирмамиз асосан тижорат ҳуқуқи, корпоратив ҳуқуқ ва бизнес иммиграция соҳасида фаолият олиб боради. Шунинг учун миграция ва бошқа бир давлатга кўчиб ўтиш ва у ерда доимий равишда ёки узоқ муддатли яшаш ҳақида кўп тажрибам бор.
Миграциянинг ўзбекларга ва умуман ўзбекистонликларга таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, энг биринчи навбатда, ўзбекистонликларнинг нима сабабдан кўчиб кетаётганлигини билиб олиш керак. Менинг шахсий фикрим қуйидагича:
- Биринчи навбатда, ватандошларимиз иш учун бошқа давлатларга кўчиб кетишмоқда. Бунинг яхши томони ва ёмон томони ҳақида гапириб ўтирмайман, чунки бу ҳақида жуда кўп мунозара қилиш мумкин. Асосан ёш авлодга мансуб инсонлар ўқишини битириб ёки битирмай чет элга кетишга йўл излашади. Бу нормал ҳолат деб ўйлайман. Мен ҳам шундай эдим. Буни ёшлардаги интилиш ва қизиқиш деб баҳолайман.
- Иккинчидан, кўп ёшларимиз чет элга ўқишга кетишмоқчи – бу ҳам жуда нормал ҳолат менимча ва бундай қизиқиш бўлганлигидан мен хурсандман. Нега? Чунки бунинг натижасида биз чет элнинг таълим тизимидан баҳраманд бўламиз, танқидий ва эркин фикрлашни ўрганамиз. Ўрганганларимизни эса Ўзбекистонга олиб кирамиз. Бу, менимча, узлуксиз ривожланишнинг бир кўриниши. Келажакда шундай тажрибали ёшларимиз Ватанимизга хизмат қилишади, деган умиддаман. Буни глобаллашувнинг ижобий томонлари деса бўлади.
- Биз барибир бунча кўп ишчи кучини Ўзбекистонда иш билан таъминлашимиз жуда қийин бўлади.
- Уларни чет элга бориб ишлашлари учун кўпроқ хорижий давлатлар билан шартномалар тузиб чиқишимиз ва шароитлар яратишимиз керак.
- Бу шартномаларда чет элга ишга кетаётган ватандошларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилиши керак ва амалиётда ҳам татбиқ қилиниши лозим.
- Ишга кетган ҳар бир ватандош барибир Ўзбекистонга боғлиқ бўлади ва ҳар бир шундай ватандош ўз ўрнида Ватанига ҳисса қўшади.
Тан олиш керак: чет элда ўқиган ва яшаган инсон азалдан шаклланган анъаналаримизга нисбатан «Нега?» ва «Нима учун?» деган саволларни кўп беришади. Бу баъзилар учун ёмон ва салбий бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай саволлар орқали ўз анъаналаримиз қайтадан тубдан ўрганишга мажбур бўламиз. Бу эса яхши, чунки кераксиз ва фойдасиз анъаналаримизни қайтадан кўриб чиқамиз ва керакли хулоса чиқарамиз. Биз ҳар доим орқага, тарихга ва анъаналарга эмас, балки келажакка ва олдинга қараб яшашимиз керак. Худди автомобиль ҳайдаётгандек, орқага, тарихга кичик ойналар билан қараб турсак етарли бўлади. Бу дегани тарихимизни унутиш керак дегани эмас.
Чет элда кўп вақт яшаган ватандошларимиз ва Ўзбекистонда яшаётган ватандошларимиз орасида узилишлар бор менича. Очиғини айтайлик, яширадиган жойимиз йўқ – кўп ҳолларда чет элдаги ватандошлар Ўзбекистондаги вазиятни кўп сўрашади, «Нега ундай ва нега бундай? Нега айнан шундай бўлиш керак?» ва шунга ўхшаш саволлар беришади. Ўзбекистондаги ватандошларда ҳам буни охирги пайтларда кузатяпман. Бу орадаги узилишларнинг тобора камайиб бораётганлигидан далолатдир.
Менимча, ҳар икки томон ҳам бир мақсадга эришишни хоҳлайди – бу Ватандаги ҳаётнинг яхшиланиши, Ватаннинг ривожланиши ва халқимизнинг турмуш даражаси халқимизга ярашадиган даражада бўлиши. Мен қатъиян ишонаманки, халқимиз Канада ёки Европа давлатлари халқидек яхши ҳаёт яшашга ҳақли ва бу учун етарли меҳнат ҳам қилади. Кўп ҳолларда бошқа халқлардан ҳам кўпроқ меҳнат қилади. Лекин кўп меҳнат бугунги кунда роҳат гарови эмас. Ақлли меҳнат қилишни ўрганишимиз керак. Масалан, ишхоналарда эрталаб 7дан тунги 12-1гача ишлаш шарт эмас. Меҳнат самарадорлигини соатлар билан эмас, қўлга киритилган натижалар билан белгилашимиз керак.
— Бугун Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришларни кўряпсиз? Нималарни тузатиш керак деб ўйлайсиз?
— Бугунги кунда ўзгаришлар ва ўзгартириш учун ҳаракатлар кўп бўляпти, десак тўғрироқ бўлади. Ўзгаришларнинг натижаси ижобий бўладими ёки салбийми буни келажакда кўрамиз. Айни пайтда аллақачон ижобий натижа берган ўзгаришлар ҳам жуда кўп. Умидимиз ҳам халқимиз ҳаётида ва Ватанимизда ижобий ўзгаришларни кўпайтиришдир.
Бир нарсани аниқ айтса бўлади – Ўзбекистон олдингидек эмас. Ҳозирги Ўзбекистон жуда тез ўзгараётган давлат ва жамиятдир. Буни хоҳлаймизми ёки хоҳламаймизми, шундай бўлиши керак. Қилинадиган ишлар жуда ҳам кўп. Мен фақат биттасига тўхталиб ўтаман. Бу нарса кўпроқ ишлаш тарзимизга боғлиқ нарсадир.
Менимча тузатилиши керак бўлган энг муҳим ва қийин бўлган нарса бу — онгимиздаги ёндашув. Бир мисол орқали тушунтирсам.
Ҳар бир ташаббус, таклиф ёки ўзгариш энг юқоридаги бошлиқ томонидан берилишини кутиш керак эмас. Раҳбар вақти-вақти билан баъзи муҳим ташаббусларни беради, албатта ва бу ташаббуслар қўллаб-қувватланиши зарур. Лекин бошлиқ ҳар бир соҳада мутахассис бўлмаслиги мумкин ва бўлолмайди ҳам. Шунинг учун у ўз қўл остидаги инсонлардан ташаббус чиқишини ва ҳаракатни кутади. Бошлиқ ҳар бир соҳага оид таклифларни бериши ва уларнинг амалга оширилишида шахсан ўзи назорат қилиши шарт эмас. Бунга имкони ҳам йўқ. Бошлиқнинг асосий ҳиссаси бу келажак ҳақида тасаввурни ва умумий йўналишни кўрсатиш, холос.
Ўша тасаввурга ва йўналишга тўғри келадиган ташаббусни, таклифларни ва ҳаракатларни қилиш эса унинг қўл остидагиларнинг вазифасидир. Бу билан бирга раҳбар билан соғлом бир муҳокама ва вақти келганида ташаббуслар устида баҳс қилиш ва уларни бироз тўғрилаш керак бўлади. Соҳа мутахассислари ва профессионаллари ўз ташаббусларини қўрқмасдан олиб чиқиши, фикрларни таклиф қилиши ва керак бўлса, бошқа алтернативалар таклиф қилиши билан ривожланишга ўз ҳиссаларини қўшишади. Шундай қилсаккина, биз раҳбарга ҳақиқатдан ёрдам берган бўламиз.
Ватан равнақи учун қилинаётган ҳаракатларда хато қилишдан қўрқмаслик керак. Лекин биздан олдинги хатоларни қайтармаслик шарти билан қўрқмасдан ҳаракат қилиш лозим.
— Мамлакатда инсон капитали сифатини қандай баҳолайсиз? У қайси тармоқларда сақланиб қолган, қайсиларида эса йўқ? Инсон капитали сифатини қандай кўтариш мумкин?
— Ўзбекистонга тааллуқли инсон капиталини мен икки турга ажратган бўлардим. Биринчиси, бу Ўзбекистондан чиқиб кетган мутахассис инсон капитали. Уни орқага қайтариш қийин бўлса-да, ундан барибир фойдаланиш йўлларини излашимиз керак. Менимча, бу тоифадаги инсон капитали вакиллари ҳар доим Ватанига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.
Иккинчиси, ҳали ҳам Ўзбекистон ичида хизмат қилиб юрган мутахассис инсон капитали. Уларни иложи борича четга бутунлай чиқиб кетмаслиги учун ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳали ҳам бундай тоифадаги инсон капитали вакиллари бор Ўзбекистонда. Улар шахсий секторда ёки давлат ишларида ўз ўринларини топишлари ва муносиб ойлик эвазига ишлашлари зарур. Акс ҳолда улар ҳам биринчи тоифадаги инсон капиталига қўшилиб кетиши ҳеч гап эмас.
Мамлакатимиз инсонларида салоҳият кўп, лекин у салоҳиятни замонавий билим ва технологияларни ўргатиш билан ҳамда танқидий фикрлашни рағбатлантириш орқали кучайтириш мумкин деб ўйлайман. Амалий тарафдан эса ёшларимизга таълим олишни арзонлаштириш ва агар иложи бўлса, бепул ўқитиш керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳали бир касб эгаси бўлмаган инсон қандай қилиб 4-5 йил ўқиш пулини тўласин? Ота-онаси тўлаб берса, майли, лекин тўлай олмайдиганларчи?
Айниқса, Ўзбекистонда давлат олийгоҳларида ватандошлар учун ўқишни бепул қилиш ва унга фақатгина танлов орқали (бошқа эгри йўллар билан эмас) талабаларни танлаш керак. Бундай ўқишга пора ёки таниш-билиш билан кирган ҳар бир талабанинг борлиги Ватанимизнинг фаровон келажагини бир қадам орқага тортиш деганидир.
— Сизнингча, Ўзбекистонни ривожлантирадиган устувор тармоқлар қайси? Мамлакат газ, пахта ва олтиндан ташқари нималарни экспорт қилиши мумкин?
Мамлакатимизнинг кучли томонларидан бу — мева-сабзавотларни экспорт қилиш, тарихий ва диний обидаларни зиёрат қилиш орқали туризмни ривожлантириш ва арзон ишчи кучи экспорти деб ўйлайман.
Шу билан бирга, ёшларимизда янги технологияларни ўзлаштириб кучли мутахассис бўлиш салоҳияти бор деб ўйлайман. Бу салоҳиятни ахборот технологиялари (АТ) соҳасида жуда яхши ишлатсак бўлади. Бу учун албатта интернет тезлигини оширишимиз ва нархини яна арзонлаштиришимиз керак. Натижада, АТ ва унга яқин соҳаларда дунёнинг ҳар бир бурчагига хизмат кўрсатишимиз ва сотишимиз мумкин.
— Экспатриантлар ва чет элдаги жамиятлар мамлакатни ривожлантириш учун қандай ёрдам бера олишлари мумкин?
— Чет элдаги ватандошларимиз ва улар томонидан тузилган жамиятларда Ватанимизга жуда катта ҳисса қўшиш потенциали бор. Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ватандошлар билан алоқаларни кучайтириш борасида олиб борилаётган сиёсат жуда тўғри қўйилган қадам деб ўйлайман. Аста-секин бу сиёсат ўз натижасини беради. Масалан, «Буюк Келажак» экспертлар кенгашидаги ватандошларимиз қўлидан келганича Ватан ривожига ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилишяпти. Бу ҳаммаси холис ва кўнгилли равишда қилинмоқда. Бундай имкониятлар туғилганидан шахсан мен жуда хурсандман.
Канададаги таниган ўзбекистонликларни мисол келтиришим мумкин. Бу давлатда яшаётган кўплаб ватандошлар ҳар доим Ватанни ўйлаб юришади ва қўлидан келганича ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилади. Юртга фойдаси тегадиган бирон ташаббус бўлса, ҳар доим биргалашиб қўллаб-қувватлашади.
Ҳар бир ватандошимиз ўзлари ишлаётган катта корхоналарда Ўзбекистондаги бизнес ва инвестиция имкониятлари ҳақида гапириб беришлари ва тарғиб қилишлари мумкин. Шундай ҳаракатлар натижасида аста-секин Канада компаниялари Ўзбекистонни танишмоқда ва ҳаттоки мен билган иккита компания яқинда Ўзбекистонга боришди ва энди инвестиция киритишмоқчи. Ишонаманки 3-4 йилда бу қизиқиш яна кучаяди!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter