Хоразмдаги қотиллик тафсилоти очиқланди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида содир бўлганига оид хабарларга изоҳ берилди. Xabar.uz сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, машъум ҳодиса жорий йилнинг 31 март куни содир бўлган.
Шу куни соат 19.00лар чамасида мазкур туманнинг «Муҳаббат» маҳалласида истиқомат қилувчи Н. С. (аёл, 1987 йилда туғилган) шу ҳудуддаги хусусий тадбиркорга тегишли озиқ-овқат дўконида 1975 йилда туғилган Д. Б. билан ўрталаридаги телефон аппарати олди-бердиси бўйича ўзаро жанжаллашиб кетади. Бунинг оқибатида аёл савдо дўкони ёнидаги балиқхонадан қора дастали ошхона пичоғини олиб, Д. Б.нинг орқасидан келади ва унинг чап кўкрак соҳасига бир марта санчади. Натижада эркакнинг воқеа жойида жони узилади.
Ўша куниёқ аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан ( қасддан одам ўлдириш) «иш» очилиб, тегишли тартибга ушланади.
Маҳкама матбуот хизматининг қўшимча қилишича, дастлабки тергов жараёнида айбланувчи 2002 йилдан буён Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлар диспансерида «эпилипсия» ташхиси билан рўйхатда туриши аниқланади. Шу боис унинг жиноят содир қилган вақтдаги ва ҳозирги кундаги руҳий ҳолатини, ақли расо ёки норасолигини ҳамда муомалага лаёқатлилигини аниқлаш мақсадида суд-психиатрия экспертизаси тайинланган.
Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Хоразм вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter