Хўжали фожиаси: 150 киши 30 йилдан буён дом-дараксиз…
Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги Хўжали фожиасининг 30 йиллиги муносабати билан баёнот берди. Унда этник мансубликка кўра амалга оширилган хунрезлик қораланади.
Баёнотда қайд этилишича, 1992 йил 26 февралга ўтар кечаси Арманистон ҳарбий гуруҳлари шўро армиясининг 366-мотоўқчи полки кўмагида Қорабоғ минтақасида жойлашган Хўжали шаҳрини эгаллаб, оғир жиноятлар содир этган.
Расмий маълумотларга кўра, ўша машъум тунда 613 киши ўлдирилган, 487 киши яраланган. Бедарак йўқолган 150 кишининг тақдири ҳақида ҳалигача маълумот йўқ.
Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги миллий ва халқаро миқёсда кўрилаётган чора-тадбирлар якунида Хўжали фожиаси айбдорларига қонуний жазо берилишига умид билдирган.
Хўжали фожиасининг 30 йиллиги санасига Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти ижрочи директори, тарих фанлари доктори, профессор Эркин Нуриддинов ҳам муносабат билдирди. Таъкидланишича, Хўжалида 30 йил аввал юз берган фожиа инсоният тарихидаги қора доғ сифатида ёдда қолган.
“Озарбайжон шаҳидлари – ватан учун ўз жонини фидо қилган ёшларнинг қаҳрамонлиги нафақат озарбайжонлар учун, балки бутун туркий халқлар, ўзбеклар ва бутун инсоният қалбида доимо ҳурмат ва миннатдорлик билан ёдга олинади”, – дейди Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти ижрочи директори.
Озарбайжон 30 йил аввал рўй берган фожиани геноцид ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол равишда бузилиши деб билади. Шунингдек, дунёнинг 17 давлати ҳамда АҚШнинг 24 штатида Хўжали фожиаси геноцид деб тан олинган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2010 йил 22 апрель куни қарорида Хўжалида содир этилган қилмишларни ҳарбий жиноят деб малакалаган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти Хўжали қирғинини қоралаб баёнотлар бериб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter