«Бизнесни ривожлантириш банки» ходимлари хорижий банк тажрибаси асосида малака оширди
Жорий йилнинг 4-5 апрель куни «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ходимлари учун «Ўзгаришларни бошқариш ва Agile методи» мавзусидаги ўқув дастури бўлиб ўтди. Сбер университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу дастурда машғулотлар маҳорат дарслари ва интерактив муҳокамалар тарзида олиб борилди.
Банк трансформациясида илғор халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда банк ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш муҳим ҳисобланади.
Бу борада «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Сбер университети ва Sbergile мутахассислари билан ҳамкорликда ўқув дастурини ишлаб чиқди. Банкнинг 30 нафар етакчи ходимлари 3 ой давомида ушбу машғулотларда муваффақиятли иштирок этишди ва Сбер университетининг сертификатларига эга бўлишди.
– Мазкур жараёнда банкнинг раҳбар ходимлари ўз фаолиятидаги ўзгаришларни бошқаришнинг Agile услубини қўллаш муҳим ҳисобланади, – дейди Стратегия Бош директори Б.Рахматов. – Бунда раҳбарлардан бошқарувнинг самарали йўлларини топиш, уни тўғри йўлга қўйиш, янги ғоя ва янги ташаббуслар билан чиқиш, илғор технологияларни жорий этиш талаб қилинади. Шунингдек, улар учун муайян гуруҳга етакчилик қилиш ва мураккаб вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Сбер университети ва Sbergile мутахассислари билан биргаликда «Ўзгаришларни бошқариш (Change management)» мавзусида ишлаб чиқилган ўқув дастури ана шу мақсадларни илгари сурди.
Семинар-тренинг давомида Sbergile лидери Антон Савельев иштирокчиларга банк тизимида институционал трансформация жараёнларида янгича механизмларни ўзлаштириш ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўзига хос жиҳатлари ҳамда замонавий бошқарув моделлари бўйича маҳорат дарслари ўтказди.
– Хорижий мутахассислар ҳамкорлигида 3 ой давомида онлайн ва офлайн ўқув жараёнлари амалга оширилди. Бунда банкнинг раҳбар ходимлари асосан «Ўзгаришларни бошқариш моделлари» (Курт Левин, ADKAR), банкни ривожлантиришда «Agile» методининг аҳамияти (Коттер модели), ўзгариш жараёнларида диагностика ишларини амалга ошириш, ўзгаришларда юзага келадиган қаршиликлар билан ишлаш инструментлари, шунингдек, ходимларни мотивация қилиш ҳамда лидерлик кўникмаларининг ривожланишига таъсир этувчи омиллар кўриб чиқилди, – дейди Банкни стратегик ривожлантириш департаменти директори О.Шукурова. – Яъни, ўзгарувчан вазиятда ҳозиржавоблик билан қарор қабул қилиш ҳамда тезкор қарор қабул қилиш ҳолатлари бўйича кенг ва атрофлича тушунча берилди. Шунингдек, тренинг давомида иштирокчилар ўз билимларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда бошқарувнинг янги усулларини ўрганиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter