Хитойда боғча болаларини заҳарлаган тарбиячи ўлим жазосига ҳукм қилинди
Хитой Хэнань провинцияси Цзяоцзо шаҳар халқ суди болаларни заҳарлагани учун боғча тарбиячисини ўлим жазосига ҳукм қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Айбланувчи Ван Юнь «Мэнмэн» болалар боғчасида ишлаётганда Сунь фамилияли ўрта гуруҳ тарбиячиларидан бири билан жанжаллашиб қолган. Аёл ҳамкасбидан ўч олишга қарор қилган ва энг жирканч усулни танлаган. 2019 йил 27 март куни эрталаб Сунь гуруҳидаги болаларнинг бўтқасига натрий нитритни сепиб қўйган. Оқибатда 25 та бола заҳарланиб шифохонага ётқизилган. Улардан биттаси сал кейинроқ шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Текширув натижаларига кўра, Ван Юнь муаммоларини ҳал қилиш учун натрий нитритдан биринчи марта фойдаланмаётгани аниқланди. 2017 йилда аёл турмушдаги муаммолар туфайли эри билан уришиб қолган. Ундан қасос олиш ниятида Ван Юнь 2017 йил февралда интернет орқали натрий нитритни харид қилиб, бир стакан сувга аралаштириб, эрига ичирган. Турмуш ўртоғи заҳарланган, лекин организмида жиддий асоратларга олиб келмаган.
Суднинг таъкидлашича, аёл натрий нитрит одамлар учун хавфли эканлигини яхши била туриб, ўч олиш мақсадида уни икки бор қўллаган. Ван Юнь кўпгина болалар заҳарланган бўтқани ейишини яхши билган, шунга қарамай, қабиҳ режасидан қайтмаган.
Суд Ван Юннинг жиноий важлари «жирканч» эканлигини, жиноятни содир этиш усуллари жиддий оқибатларга олиб келганини ва у қонунга биноан қаттиқ жазоланиши кераклигини маълум қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter