Хитой Украинадаги вазиятни ўнглаш режасини эълон қилди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш режасини эълон қилди.
12 банддан иборат ҳужжатда тинчлик музокараларини қайта бошлаш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, шунингдек, томонларни барча мамлакатлар суверенитетини, БМТ Низомини ҳурмат қилишга ва совуқ уруш менталитетидан воз кечишга чақирди.
«Мулоқот ва музокаралар Украина инқирозининг ягона самарали ечимидир. Инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшадиган барча саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш керак. Халқаро ҳамжамият тинчлик музокараларини осонлаштиришга тўғри ёндашишга содиқ қолиши лозим», — дейилади ҳужжатда.
Режада гуманитар инқирозни бартараф этиш, тинч аҳоли ва ҳарбий асирлар ҳимоясини таъминлаш, шу жумладан, уларни алмашиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш таклиф қилинган. Шунингдек, атом электр станциялари хавфсизлигини таъминлаш, ядровий можаролар ва кимёвий ёки биологик қуроллардан фойдаланиш хавфини камайтириш зарурлигига эътибор қаратилади.
Келишувнинг иқтисодий масалалари доирасида Қора денгиз келишуви бўйича дон экспортини осонлаштириш, бир томонлама санкциялар ва жаҳон иқтисодиётидан сиёсий мақсадларда фойдаланишни тўхтатиш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларини тиклаш таклиф қилинган.
Режа якунида Пекин можаро тугаганидан кейин Украинани қайта тиклашга ёрдам беришга чақирди ва бу ишда конструктив роль ўйнашга тайёрлигини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter