Хитой махфий лагерлар тармоғини кенгайтирмоқда – ОАВ
Хитой маъмурияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида уйғур ҳамда бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни тутқунликда сақлаш учун махфий лагерларни кўпайтирмоқда. Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute, ASPI) эълон қилган сўнгги тадқиқотда шу ҳақда сўз боради. Қайд этилишича, мусулмонларни «қайта тарбиялаш лагерлари» тармоғи жаҳон ҳамжамияти тасаввур қилганидан ҳам каттароқдир.
Расмий Пекин 2019 йил декабрда қайта тарбиялаш марказлари тугатилганини маълум қилган эди. Аммо тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатмоқда.
ASPI сунъий йўлдошдан олинган фотосуратлар, қурилиш бўйича тендер ҳужжатларини ўрганиб чиққан. Институт вакили Натан Русерга кўра, Шинжон-уйғур мухтор ўлкаси ҳудудида сўнгги ойларда камида 60 та лагерь қуриб битказилган ва 14 таси айни пайтда қурилмоқда. Мухтор ўлка бўйича 380 дан ортиқ лагерь экани гумон қилинаётган объектлар аниқланган.
АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитойда 2017 йилда бошланган тозалаш сиёсатидан кейин Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни ёпиқ лагерлар тутқунликда сақламоқда.
Давлат департаменти ҳисоботида қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган.
Мўъжиза туфайли тутқунгоҳлардан озод бўлган ва хорижга чиқиб кетишга муваффақ бўлган собиқ маҳбуслар лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани ҳақида сўзлаб берган.
ASPI таҳлилларига кўра, махфий лагерлар қўриқлаш даражасига кўра 4 даражага бўлинади. Тикан симли баланд бетон девор билан ўралган, саноқсиз кузатув камераси ва миноралар билан жиҳозланган 3- ҳамда 4-даражага эга лагерлар қаттиқ тартибда қўриқланади.
Аввалроқ Австралия стратегик сиёсат институти Хитой ҳукуматининг босими остида ўн минглаб уйғур ҳамда бошқа элатларга мансуб мусулмонлар қуллик шароитида меҳнат қилаётгани, мусулмонлар мажбуран ишлатилаётган корхоналар орасида BMW, Samsung, Apple, Lenovo, LG, Dell, Nike, Zara, Adidas, H&M каби дунёга машҳур савдо брендлари ҳам борлиги ҳақида тақдиқот эълон қилган эди.
Жаҳон ҳамжамияти Хитой ҳукумати Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмонларни халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақлаётгани борасида хавотир билдириб келмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.
Жорий йил июнь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Ушбу қонунга кўра, Хитой ҳудудида яшовчи мусулмон элатлар ҳуқуқларини бузишга алоқадор бўлган ташкилот ва шахсларнинг маблағлари музлатилади, уларнинг Қўшма Штатлар ҳудудига кириши чекланади.
Франция президенти Эммануэль Макрон жорий йил 22 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида халқаро ҳамжамиятни Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмон элатлар тақдирига оид хавотирли маълумотларни тафтиш этиш учун БМТ ваколати остида халқаро комиссия жўнатиш лозимлигини айтди.
Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter