Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Хижолатда қолган» тадбиркор 114 оиланинг коммунал қарзларини ёнидан тўлаб берди

«Хижолатда қолган» тадбиркор 114 оиланинг коммунал қарзларини ёнидан тўлаб берди

Фото: «Meduza»

Бу йил Флорида (АҚШ)нинг Галф-Бриз шаҳри аҳли коронавирус пандемиясидан ташқари, вайронкор «Салли» тўфонидан ҳам анча азият чекиб, моддий қийинчиликларга дуч келди, ёзмоқда «Epochtimes».

Кучли шамол Галф-Бризни Пенсакола шаҳри билан боғловчи кўприкни қулатиб ташлади (баржа келиб урилган). Кўп уйларга ҳануз брезент том вазифасини ўтамоқда. Жуда кўпчилик бир чақасиз қолди.

Вазиятни тўғри тушунган коммуналчилар қарздорларни ичимлик суви, иссиқ сув ва газдан узмай туришга ваъда беришди — фақат икки ойга. Икки ой ҳам ўтиб кетди, бироқ қарзини узолмаганлар талайгина. Ана шундай танг вазиятда тадбиркор Майкл Эсмонд кўпларнинг жонига оро кирди.

Қурилиш ва бассейнларни таъмирлаш билан шуғулланувчи 74 ёшли америкалик 114 оиланинг 7615 долларлик коммунал қарзларини ўз ёнидан тўлади, ёзмоқда СNN.

«Мамлакатимиз ва шаҳримиз энг қийин дамларни бошдан ўтказаётган бир чоғда орамизда саховатли ва меҳрибон, бошқаларга ёрдам қўлини чўзаётган инсонлар борлиги қандай яхши», — шаҳар коммунал хизматлар тўловлари бўйича инспектори Оливер Эсмондга шундай таъриф берди.

Майкл Эсмонд эса хижолатда, негаки, бу йил бизнеси янада юришиб кетиб, ҳар қачонгидан даромади мўл бўлди. Ва «айбини ювиш учун» топганларидан муҳтожларга улашишга аҳд қилди.

«Ҳар доим ҳам ҳозиргидек омадим чопмаган, қачонлардир коммунал қарзларни узиш, уч нафар қизимни боқиш менга ҳам осон бўлмаган. Газ компанияси газни ўчириб кетганидан кейин бутун қишни совқотиб ўтказганмиз», — дейди Майкл Эсмонд.

Унинг айтишича, гази ўчирилган қиш — у умрида кўрганларининг энг қаҳратони эди...

Муҳтожлик, қаҳратон қишда совуқда қолиш нима — Эсмондга бегона эмас. Ҳамшаҳарларига қайишади, қўлидан келса ёрдамини аямайди.

Дарвоқе, ўтган йили Эсмонд 36 оиланинг 4600 долларлик коммунал қарзларини узишда ёрдам бериб юборган экан.

Бу йилги тўфон ва пандемия сабабли янада кўпроқ одамларга ёрдамлашмоқчи. Шу ердаям америкача топқирликни қаранг: Эсмонд коммунал хизматлар билан олдиндан келишиб қўйган — одамларнинг уйларига коммунал қарздорлик ҳақидаги хабар ўрнига Янги йил куни тўловлар қоплангани ҳақидаги табрик откриткалари жўнатилади. Байрам байрамдай бўлсин дейди-да!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг