«Халқимизни ушбу тарихий воқеа муносабати билан чин дилдан қутлайман» — Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бахшичилик санъати намояндалари ва мухлисларига табрик йўллади.
«Барчангизни халқаро миқёсдаги катта хушхабар – шу йил 16 декабрь куни ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни асраш ҳукуматлараро қўмитаси томонидан Бахшичилик санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани муносабати билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу муҳим ва қувончли янгилик маданият арбоблари, устоз бахшилар ва иқтидорли ёшларимиз, фольклор санъатининг барча ихлосмандлари, кўпмиллатли халқимиз учун албатта ғурур ва ифтихор бахш этади.
Бу юксак эътироф дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданиятига, ранг-баранг ижодий мактаблар ва изчил ривожланиш силсиласига эга бўлган ноёб бахшичилик санъатига улкан ҳурмат-эътиборининг ёрқин ифодасидир.
Дарҳақиқат, халқ оғзаки ижодининг ушбу гўзал ва бетакрор намунаси мамлакатимизда минг йиллар давомида ривожланиб, баланд чўққиларга кўтарилди. Бахшичилик санъати юртимиздаги турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш йўлида беминнат хизмат қилиб келди ва бугунги кунда ҳам бу шарафли вазифани тўла адо этмоқда. Ёшларни она юртга, миллий-маданий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни адолат ва инсонийликка чорлаш, баркамол авлод бўлиб вояга етишида эзгулик элчилари бўлган бахши, оқин ва жировларнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир.
Бахшичилик санъати ижрочидан бир вақтнинг ўзида ҳам моҳир шоир, ҳам истеъдодли хонанда, ҳам уста созанда ва актёрлик маҳоратига эга бўлишни талаб этишини, бунинг учун нафақат туғма қобилият, айни вақтда юксак ижодий салоҳият, тинимсиз изланиш зарурлигини яхши биламиз.
Ўзбекистон замини Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил бахши, Ислом шоир, Пўлкан шоир, Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Боборайим Маматмуродов, Абдуназар Поёнов, Қора бахши Умиров, Шомурод Тоғаев, Қодир бахши Раҳимов, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметов, Абдуқаҳҳор ва Абдумурод Раҳимовлар каби ўнлаб бетакрор истеъдод соҳибларини етиштирди ва бу анъана изчил давом этмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда самарали фаолият олиб бораётган 250 нафардан ортиқ соҳа вакиллари орасида 25 нафарга яқини “Ўзбекистон халқ бахшиси” ва “Қорақалпоғистон халқ бахшиси” унвонлари, 1 нафари “Дўстлик ордени”, 11 нафари “Шуҳрат” медали, 7 нафари “Ниҳол” мукофоти, 2 нафари “Келажак бунёдкори” эсдалик нишони билан тақдирланганини қайд этиш лозим.
Мамлакатимизда ушбу қадимий санъат турини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида сўнгги пайтда қабул қилинган Президент фармонлари ва Ҳукумат қарорлари соҳа ривожига янги ҳаёт бағишлаганини таъкидлаш ўринлидир. Жумладан, юртимизда ЮНЕСКО шафелигида ҳар икки йилда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш яхши анъана тусига кирди. 2019 йил апрель ойида Термиз шаҳрида ўтказилган биринчи ва жорий йил сентябрь ойида Нукус шаҳрида ташкил этилган иккинчи фестиваль минтақа ва халқаро ҳамжамият маданий доираларида катта қизиқиш уйғотди.
Бугунги кунда мамлакатимизда бахши-шоир ва оқинлар ўртасида халқаро кўрик-танловлар мунтазам ўтказиб келинмоқда, таълим муассаларида бахшичилик санъати сирларини ўқитиш, келажак авлодларга етказиш борасида ҳам катта ишлар қилинмоқда. Энг муҳими, бундай кенг кўламли чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ҳозирги вақтда республика бўйича бахшилар синфи 115 тага етиб, уларда таълим олаётган ўқувчиларнинг умумий сони 1500 дан, ўқитувчилар сони эса 245 нафардан ортиқни ташкил этаётгани бу йўналишдаги ишларимиз кўламидан далолат беради.
Ҳурматли ватандошлар!
Бахшичилик санъатини ривожлантириш йўлида эришган натижаларимиз ва уларнинг халқаро эътирофи бизни руҳлантириб, улкан марраларга чорлайди. Биз бу ноёб маданий меросни асраш, ривожлантириш ва оммалаштириш, жумладан, бахшиларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун янги имкониятларни сафарбар этамиз. Бу борада энди бизга ЮНЕСКО бошчилигида халқаро ҳамжамият ҳам мададкор бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни, бутун халқимизни ушбу тарихий воқеа муносабати билан чин дилдан қутлайман.
Юртимизда бахшичилик санъати янада равнақ топсин, бахши, оқин ва жировларимизга эса жонажон Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишда янги ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлсин!», дейилади табрикда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter