Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқаро хоккей федерацияси ва Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбарлари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

Халқаро хоккей федерацияси ва Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбарлари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

7 август 2023 йилда Тошкентда Халқаро муз устида хоккей федерацияси (IIHF) вице-президенти Айваз Оморканов ва Ўзбекистон хоккей федерацияси Президенти Бахтиёр Фазилов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар Ўзбекистонда бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) ва Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) билан биргаликда ташкил қилинган хоккей оромгоҳи доирасида бўлиб ўтди. Унда 30 дан ортиқ Осиё мамлакатларидан ташриф буюрган 100 дан кўп ёш хоккейчилар иштирок этмоқда. 

Учрашув давомида Айваз Оморканов ушбу тадбирни ташкил этиш даражасини юқори баҳолади ва Ўзбекистон хоккей федерацияси томонидан қисқа муддат давомида амалга оширилган улкан ишларни, Хумо Аренасида ривожланган хоккей инфратузилмаси мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

IIHF дан келган меҳмон фурсатдан фойдаланиб Бахтиёр Фазиловни Ўзбекистон ёшлар хоккей жамоасининг тарихий муваффақияти билан шахсан табриклади. Улар жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Осиё ва Океания чемпионатида илк бор иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдилар. Шунингдек, ЎХФ раҳбарига хоккейнинг ривожланишига қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

Бахтиёр Фазилов таъкидлаганидек, бундай ғалабалар мамлакатда хоккейни оммалаштиришга олиб келмоқда ва биринчи навбатда болалар ўртасида спортга қизиқишни уйғотмоқда.

Учрашув давомида Халқаро хоккей федерацияси томонидан 18 ёшгача (U-18) бўлган спортчилар ўртасида навбатдаги Осиё ва Океания чемпионатини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказиш имконияти тўғрисида таклиф билдирилди.

Ушбу таклифни Ўзбекистон хоккей федерацияси раҳбари қўллаб-қувватлади ва турнирни Ўзбекистонда ўтказилиши нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиёда хоккейни янада ривожлантиришга туртки беришини, спортчиларимиз ва мухлисларимиз учун ҳақиқий байрам бўлишини таъкидлади. Шуни қўшимча қилиш керакки, ҳозирда U-18 республика терма жамоаси янги мавсумга фаол тайёргарлик кўрмоқда ва Омскда (Россия) ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Шунингдек, хоккей мухлисларини Тошкентнинг «Ҳумо» жамоаси иштирок этадиган бўлажак ўйин мавсумида Pro Hokei Ligasy чемпионатининг қизиқарли учрашувлари кутмоқда. Жамоамиз учун чемпионат 9 сентябр куни ташқи ўйинлар билан бошланади, биринчи мезбон учрашувлари 19 ва 20 сентябр кунлари Ҳумо Аренада бўлиб ўтади.

Мунтазам мавсум давомида камида 50 та ўйин ташкил этилиши кутилмоқда, улардан 25 таси Ҳумо Аренада бўлиб ўтади.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг