Халқ банки янги хизмат турларини тақдим этмоқда

Акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан бугун, 29 май куни «Банк фаолиятида замонавий ахборот-технологияларини янада кенг жорий этиш, электрон банк хизматлари кўрсатишни кенгайтириш масалалари» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Анжуманда Халқ банки томонидан замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалиётга жорий этилган янги хизмат турлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, мижозлар ўз ҳисоб-рақамларини дунёнинг исталган нуқтасидан бошқаришлари мумкин бўлган, интернет банкинг, ҳисоб-рақамларни мобил алоқа воситасига ўрнатилган махсус дастурий таъминот орқали дунёнинг исталган нуқтасидан бошқариш имконини берувчи — «Корпоратив Мобил банкинг» хизмат турлари таништирилди.
Бундан ташқари мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда банк томонидан кўрсатилаётган масофавий интерактив хизматлар жозибадорлигини ошириш мақсадида «Интернет банкинг» ва «Корпоратив Мобил банкинг» тизимлари фойдаланувчилари ҳисоб рақамларидан пул ўтказиш жараёнида филиал бош бухгалтери иштирокисиз ҳамда филиал вакиллик ҳисоб рақамидаги маблағлар бўлиш бўлмаслигидан қатъи назар амалга оширишлари мумкин.
«Бугунги кунда Халқ банки томонидан 30 мингдан ортиқ мижозга масофадан туриб, турли банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Жисмоний шахслар томонидан банк пластик карталари ва банк депозит ҳисоб варақлари бўйича банк ҳисоб варақларини масофадан бошқариш тизимларидан, жумладан, муқобил тўлов хизматлари – CLICK, M-BANK, PAYMEдан фойдаланувчи мижозлар сони 3 миллионга етди», – дейди Халқ банки Ахборот технологиялари департаменти директори Улуғбек Диёров.

Халқ банки томонидан электрон банк хизматлари кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш мақсадида яқинда Тезкор хизматлар маркази ишга туширилган эди. Анжуман давомида журналистлар ушбу марказ фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Маълумот ўрнида, ушбу марказда юртимиз молия бозори талабидан келиб чиқиб, замонавий банк хизмат турлари ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади. Ушбу марказда тажрибали ходимлар молия бозори талабидан келиб чиқиб, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда янги банк хизмат турларини ишлаб чиқади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter