Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖССТ коронавирус бўйича Туркманистондаги ўн кунлик миссиясини тугатди: хўш, нималар аниқланди?

ЖССТ коронавирус бўйича Туркманистондаги ўн кунлик миссиясини тугатди: хўш, нималар аниқланди?

Фото: «Yandex»

Маълумки, Туркманистонда бирорта ҳам коронавирус ҳолати расман қайд этилмаган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари коронавирус пандемияси даврида мамлакатдаги вазиятни баҳолаш учун 6 июль куни Туркманистонга етиб келишганди. Бугун, яъни 15 июль куни олиб борган ишлари бўйича ўз хулосаларини билдиришди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси фавқулодда вазиятлар бўйича етакчи мутахассиси доктор Катрин Смолвуднинг сўзларига кўра, Туркманистон соғлиқни сақлаш тизими коронавирусга қарши курашиш учун яхши тайёргарлик кўрган.

ЖССТ делегацияси ўтган ҳафта душанба куни ўн кунга Туркманистонга ташриф буюрганди.

«Туркманистон соғлиқни сақлаш тизими COVID-19 га қарши курашиш учун яхши тайёргарлик кўрган. Биз Туркманистон соғлиқни сақлаш инфратузилмаси ҳар қандай касалликнинг кенг тарқалиши ва кўпайишига дош бера олиши учун фавқулодда режаларни фаоллаштиришни ва ушбу тизимни бутун мамлакат бўйлаб янада кучайтиришни тавсия этамиз», — деди Смолвуд ЖССТнинг республика бўйлаб миссияси якунига бағишланган пресс-брифингда.

У, шунингдек, тиббиёт ходимларини тинимсиз ўқитиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича чора кўриш кераклигини таъкидлаган.

«Биз турли даражадаги уч-тўртта шифохонага ташриф буюрдик. Юқумли ва кўп тармоқли госпиталлар шулар жумласидан. Туркманистон яхши шифохоналар инфратузилмасига эга, деб айта оламиз. Улар жуда яхши жиҳозланган. Биз респираторли касалликлардан қийналаётган кўп беморларни кўрмадик, шифохоналар ҳам тўлиб-тошмаган. Шунга кўра ҳаммаси коронавирус беморларини қабул қилишга тайёр», — деб қўшиб қўйди ЖССТ эксперти.

Туркманистон ҳукумати мамлакатда янги типдаги коронавирус билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаганини хабар берган. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазирлиги мулкчилик шаклидан қатъи назар, мамлакатдаги барча корхона, ташкилот ва муассаса ходимларини юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларга амал қилишга чақирган. Бу чора-тадбирлар тиббий ниқоб тақиш, қўлқоп кийиш, транспорт, хона, қўлларни мунтазам дезинфекция қилишдан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг