Вернер Бэр: «Ҳозир Ўзбекистонда кузатаётганларим Германияда 1-2 ой аввал бўлган вазиятга ўхшайди»
Германиялик инфекционист олим, микробиолог, тиббиёт фанлари доктори Вернер Бэр «COVID-19» тарқалишининг олдини олиш бўйича консультант сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Коронавирусга қарши курашиш штабида бўлиб турибди. Бэр Германиянинг микробиологик лабораторияларини аккредитация қилувчи органи (DAkkS)нинг эксперти ҳам ҳисобланади. У мамлакатимизнинг турли ҳудудларида коронавирусга чалинган беморларни самарали даволаш бўйича зарур тавсияларини бермоқда, натижада даво-муолажаларини коррекция қилишга эришилмоқда. ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда немис мутахассиси Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга баҳо берди.
– Бир ой давомида юртимиздаги эпидемиологик вазиятни ўрганиш имконингиз бўлди. Уни қандай баҳолайсиз?
– Аслида бу менинг Ўзбекистонга иккинчи ташрифим. Биринчи марта май ойида келгандим. Ўша пайтдаги ва ҳозирги вазиятни таққослайдиган бўлсам, айни вақтда янги касалланиш ҳолатларининг қайд этилиши сезиларли даражада ошган. Шунингдек, ўз юртим ва Ўзбекистондаги ҳолатни таққослаш имкониятига эгаман. Германияда коронавируснинг биринчи қайд этилиши сизнинг мамлакатингизга қараганда олти ҳафта олдин бошланган. Яъни, ҳозир Ўзбекистонда кузатаётганларим Германияда 1-2 ой аввал бўлган вазиятга ўхшайди. Ушбу таққослаш имкониятининг ўзига хос афзалликлари ва ижобий томонлари мавжуд. Чунки мен Германияда тўплаган тажрибамни маълум вақт силжиши билан мос равишда Ўзбекистонда қўллаш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман.
– Германия ва Ўзбекистонда одамларнинг эпидемиологик вазиятни қабул қилишида фарқ кузатдингизми?
– Йўқ, аксинча. Одамларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилсак, улар Германиядагига жуда ўхшаш. Яъни, дастлаб одамлар вирус хавфини жиддий қабул қилишди, тартиб-интизомга қатъий риоя этишди. Аммо вақт ўтиши билан фуқаролар бўшашдилар: ораларидаги ижтимоий масофани сақламай, ниқобларни тўғри тақмай қўйишди. Мен ҳозир ҳудди шунга ўхшаш вазиятни бу ерда ҳам кузатмоқдаман. Куни кеча меҳмонхона деразасидан шундай ҳолатни кузатдим: фаввора ёнида ёшлар ниқобни тўғри тақмаган ва ижтимоий масофани сақламаган ҳолда дам олишяпти.
Афсуски, Германияда одамлар тартиб-интизомга риоя қилишни унутган ўша пайтда вируснинг қайд этилиши анча ўсди. Вазиятдан фойдаланиб, юртингиз аҳолисини огоҳликка чақирмоқчиман. Агар орангизда шундай бефарқ одамлар кўпаядиган бўлса, 1-2 ой ичида касалликни янги юқтирганлар сони кескин ортиши мумкин. Шунинг учун ҳам эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишлари зарурлигини айтмоқчиман. Вазиятни назорат қилиш одамларнинг ўз қўлларида.
– Турли ҳудудлардаги беморларни даволаш жараёнида ҳам бевосита иштирок этяпсиз.
– Бирмунча муддат Самарқандда бўлдим. Тошкент шаҳридаги «COVID-19»ни даволашга ихтисослашган клиникаларда ҳам шифокорларга ўз фикрларимни маълум қилдим. Айтиш лозимки, тиббиёт муассасаларида оғир ҳолатдаги беморларни даволаш учун ҳам барча шароитлар яратилган. Аммо, бу янги вирус ва уни даволашда шифокорларнинг тажрибаси энди-энди ошиб бормоқда. Бу йўналишда хорижлик, вирус анча олдин тарқаган давлатлар мутахассислари билан ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.
Энг ачинарлиси, одамларнинг ўз уйларида даволанишга интилишлари ва қўлланиши керак бўлмаган дори-дармонларни қабул қилишларидир. Натижада улар оғир аҳволда реанимация бўлимларига ётқизилишини кузатдим.
– Маълумки, уйда даволанганлар асосан антибиотикларни тартибсиз қабул қилган. Тўғрими?
– Ҳа, бунинг оқибатида клиникага келган бундай беморларда ўпка зарарланиши кузатилди. Ўйлайманки, бунинг яна бир сабаби, антибиотиклардан ҳамма ўзи билганича фойдаланиш имконияти мавжудлигида. Дорихоналарингизда уларни бемалол сотиб олиш мумкин. Табиийки, уларни қабул қилиш кетма-кетлиги ва комбинацияси ҳам мутлақо бузилган. Масалан, Германияда, умуман Европада пневмониянинг у ёки бу шаклини даволаш учун шунга мос кўрсатмалар мавжуд. Афсус билан айтиш лозимки, Европа давлатларида қабул қилинадиган антибиотикларнинг энг кучлиси Ўзбекистонда деярли биринчи навбатда қўлланилади. Яъни, бу ерда даволанишни, баъзида эса ҳатто профилактикани ҳам деярли резерв антибиотиклардан бошлашади.
— Коронавирус инфекциясининг енгил турида тана ҳарорати 38 даражагача кўтарилмоқда. Бундай ҳолда ҳароратни туширишдан наф борми?
– Иситма – тананинг нормал ҳимоя реакциясидир. Aгар иситмани туширишга ҳаракат қилсак, иммун тизимини бирмунча заифлаштирган бўламиз.
– Ушбу касалликнинг организм учун асоратларини ҳам кузатгандирсиз?..
– Агар статистикага қарайдиган бўлсак, коронавирус инфекциясидан вафот этганлардан кўра соғайганлар сони кўпроқ эканини кўрамиз. Aммо ундан тузалганларнинг барчаси бутунлай соғиб кетяпти, дея олмаймиз. Баъзи одамлар вирусни енгади, лекин унинг асоратлари қолади. Масалан, айримларида ҳид ва таъм билиш сусаяди, буйрак хасталиклари пайдо бўлади, неврологик муаммолар, яъни хотира ва концентрациянинг бузилиши кузатилади. Коронавируснинг шу каби инсоннинг ҳаёт тарзини бироз бузадиган турли хил асоратлари мавжуд эканига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, касалликдан кейин ёки терапиядан сўнг қандли диабет касаллиги бор одамларда қанд миқдорининг ошиб кетиши ачинарли ҳолдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter