Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Венада хаста ўқитувчи туфайли мактабни хавфсиз жойга кўчиришди

Венада хаста ўқитувчи туфайли мактабни хавфсиз жойга кўчиришди

Фото: «Liveinternet.ru»

Бугун, яъни 26 февраль куни Австрия пойтахти Вена шаҳрида ўқитувчи аёлда коронавирус борлиги гумон қилиниб мактабни хавфсиз жойга кўчиришди, деб хабар берди «OE24» телеканали.

Маълум қилинишича, Йозефштадт туманида жойлашган гимназия хавфли жойдан кўчирилган. Маълумки, ўқитувчи аёл яқинда Италияда бўлиб қайтган: у коронавирусни юқтирган бўлиши гумон қилинмоқда.

Сешанба куни Австрияда дастлабки иккита коронавирусни юқтириш ҳолати тасдиқланди. Гап Инсбрукда (Тироль федерал ери) истиқомат қилувчи италиялик эр-хотин ҳақида бормоқда: улар ҳам яқинда ватанида таътилда бўлиб қайтишганди. Уларнинг ҳаётига ҳеч нима хавф солмаяпти. Австрия канцлери Себастьян Курцнинг сўзларига кўра, мамлакат коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик учун барча чораларни кўрмоқда.

Чоршанбага ўтар кечаси Бад Кляйнкирххайм (Каринтий федерал ери) шаҳрида 56 ёшли италиялик аёл квартирасида ҳаётдан кўз юмган. Телеканал хабарига кўра, у Италиянинг Фриули-Венеция-Жулия ҳудудида таътилда бўлиб, жума куни Каринтийга қайтиб келган. Тез ёрдам шифокорининг фикрича, у коронавирусни юқтирган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Тиббий текширув натижалари бир кун давомида маълум бўлади.

Шунга қарамай, эҳтиёт чоралари кўрилган: италиялик аёл яшаган турар-жой комплексининг атрофи ўраб олинди, шу ерда яшовчи аҳолига бинодан чиқиш тақиқлаб қўйилди. Шунингдек, улар тиббий текширувдан ўтмоқда. Австрия ва Италия ҳукуматлари аёл ўлимидан олдин кимлар билан мулоқотда бўлганини аниқлашга уринмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг