Ваҳшийликни видеога олиб интернетга тарқатганлар қамоққа олинди – ИИБ
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги савдо марказларидан бирида қонга булғанган пичоқни кўтариб, икки кишини ўлимига сабаб бўлган фуқаронинг тасвири акс этган видео ҳамда фотолавҳалар тарқалди ва омма орасида турлича муҳокамаларга сабаб бўлди, дейилади Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб боришган. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигитлар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилгани маълум бўлган.
«Бу ҳам етмаганидек, ушбу фуқаролар билан аҳоли орасида бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатиш қанчалик тўғри?!
Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтади. Фақатгина бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳридаги савдо дўконларидан бирида мудҳиш қотиллик рўй бергани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter