Акциядорларнинг навбатдаги умумий йиғилишида «Ўзмиллийбанк» АЖнинг 2021 йилдаги фаолияти якунлари муҳокама қилинди
28 май куни «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖда Банкнинг 2021 йилдаги фаолиятига бағишланган акциядорларнинг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида банк раҳбариятининг 2021 йил учун йиллик ҳисоботи ўқиб эшиттирилди.
«Ўзмиллийбанк» АЖнинг 2022 йил 1 январь ҳолатига активлари 89,9 трлн. сўмни, кредит портфели 74,0 трлн. сўмни, ўз капитали 14,8 трлн. сўмни, жалб қилинган депозитлари – 22,1 трлн. сўмни ташкил этди. Банкнинг режалардаги кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилган.
Шунингдек, йиғилиш давомида халқаро аудиторлик ташкилоти «Ernst & Young» МЧЖнинг 2021 йил якунлари бўйича Банк фаолияти ҳақидаги ҳисоботи ўқиб эшиттирилди.
Йиғилишда банк Кузатув кенгашининг янги таркиби тасдиқланди. Кузатув кенгашининг янги мустақил аъзоси сифатида - «Ernst & Young»нинг Россия ва МДҲ бўйича катта маслаҳатчиси Стюарт Лоусон тайинланди.
Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»даги Қонуни талабларига асосан, «Ўзмиллийбанк» АЖнинг Бошқарув Раиси ва Бошқарув аъзолари билан меҳнат шартномаларини узайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Банк акциядорлари Бошқарув Раиси ва Бошқарув аъзолари билан шартномаларни узайтиришни бир овоздан маъқулладилар.
Учрашув якунида акциядорлар томонидан Банкда трансформация жараёнини жадаллаштириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича вазифалар аниқлаб олинди ҳамда Банкнинг молиявий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича мақсадлар белгилаб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter