«Uzcard» ва «Humo» ўртасида яширин жанг бошландими?
Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг сентябрида «Uzcard» тўлов тизими қарийб 3 кунга ишдан чиққан эди. Бунинг натижасида аҳоли пластик карталаридаги ўз пулларини ишлатиш имкониятини вақтинча йўқотганди. 19 сентябрда эса Президентнинг Ўзбекистонда янги миллий тўлов тизимини яратиш ҳақидаги қарори қабул қилинганди. Ушбу қарор асосида «Humo» Ўзбекистон миллий тўлов тизими яратилди.
Янги тизим бозорга кириб улгурмасиданоқ, «икки қўчқорнинг боши бир қозонга сиғмай» бошлаганга ўхшайди. ЯУПМ тарқатган маълумотдан шундай таассурот уйғонмоқда.
Ягона Умумуреспублика Процессинг Маркази (ЯУПМ) оммавий ахборот воситалари орқали «Uzcard» банклараро тўлов тизими фойдаланувчиларига банк хизматларини кўрсатишдан бош тортилгани ҳамда бир қатор банк ходимлари томонидан «Humo» тўлов тизимининг қизиқишлари тарғиб этилган ҳолатлар қайд этилганини маълум қилди.
«Humo» банклараро Миллий процессинг маркази (БМПЦ) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузурида ташкил этилиб, ҳозирда мамлакат бўйлаб терминал тармоқни жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. БМПЦ тизимини жорий этиш ишлари давомида банк ходимлари томонидан «Humo» БМПЦ фаолияти билан боғлиқ равишда «Uzcard» банклараро тўлов тизимининг фаолияти тўхтатилиши борасида асоссиз маълумотлар тарқатилиши кузатилди, дейилади хабарда.
Компаниянинг таъкидича, «Uzcard» банклараро тўлов тизими 17 миллондан ортиқ пластик карталарга хизмат кўрсатмоқда ҳамда фаол ишламоқда. ЯУПМ ҳуқуқий норма, норматив ҳужжат, дастурий-техник ишланмаларга асосланган ҳолда ташкилий-техник инфраструктурага мувофиқ провайдерлик вазифасини бажаради. ЯУПМ ҳамда банклар ўртасидаги шартномага асосан, ҳамкорлар томонидан тарқатилаётган асоссиз маълумотлар эгаси жавобгарликка тортилади.
Бугунги кунга келиб, «Uzcard» банклараро тўлов тизим иштирокчилари томонидан ЯУПМ ҳамда банк ўратасидаги шартномани бекор қилиш сўровлари қайд этилмаган.
«Uzcard» банклараро тўлов тизими фойдаланувчилари, жумладан, савдо-хизмат ташкилот вакилларидан қуйида келтирилган ҳолатларда мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази ва ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат этишларини сўраган:
- тижорий банклар томонидан «Uzcard» ҳисоб терминаллари мажбурий тарзда қайтариб олиниши;
- тижорий банклар ва савдо-хизмат ташкилотлари томонидан «Uzcard» пластик карталарига хизмат кўрсатишдан бош тортиш;
- банк ходимлари томонидан амалдаги «Uzcard» пластик карталарни «Humo» тўлов тизими карталарига алмаштиришга қаратилган тарғибот;
- «Uzcard» пластик карталарига хизмат кўрсатиш, жумладан, карталардан нақд пулни ечиб олишдан бош тортиш;
- «Uzcard» банклараро тўлов тизими фойдаланувчилари орасида асоссиз жамоатчилик фикрини ва компанияга тегишли салбий имиджни шакллантиришга тегишли ноқонуний хатти-ҳаракатлар кузатилиши.
Нима ҳам дердик. Фойдаланувчиларга маҳаллий бозорда ҳалол рақобат қилувчи бир нечта компания бўлгани яхши. Таклиф ва хизмат сифатига қараб, истеъмолчи ўзига маъқулини танлайверади. Носоғлом кураш натижасида бир монополнинг ўрнида иккинчиси пайдо бўлиши эса, ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Аксинча, вазият янада ёмонроқ кўриниш олади, холос.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter