Акс-садо: «Устоз – отангдек улуғми... ўзи?»
«Изза бўлган, хор бўлган устоз...» мақоласини ўқиб, шу саволни ўзимга бериб кўрдим...
Яқинда 8-синфда ўқийдиган ўғлимнинг мактабига ота-оналар мажлисига бордим. Бу сафар мажлис ўзгачароқ ўтди — ота-оналар, уларнинг фарзандлари, ўқитувчилар бир синфга йиғилдик. Ўқитувчилар бирма-бир сўз олиб, ўз фанлари бўйича яхши ўқийдиган ўқувчиларни мақташди, ўзлаштиролмаётганларини номма-ном санашди. Шунда бир ўқитувчи синфдаги учта қиз боланинг исмларини айтиб, шу қизлар доим дарсимга халал беришади, ҳеч тинчлантира олмайман, деди. У гапини тугатар-тугатмас ўша қизлардан бирининг онаси даст ўрнидан туриб ўқитувчига бақира кетди. Ўқувчилар олдида озгина даханаки жанг бўлди. Директор ўқувчиларни чиқариб юборишни маъқул кўрди.
Фарзандларимиз мажлисдан чиқиб кетганидан сўнг ўша онанинг айтганларидан тўғриси шокка тушиб қолдим. «Мен, — деди аёл ўзгача ғурур ва тап тортмаслик билан, — қизимга шундай тарбия бераман. Сенга кимдир эътироз билдирса, юзинг-кўзинг дема, гап қайтар, керак бўлса шаллақилик қилиб овозини ўша заҳоти ўчириб қўй! Нима, тўғрида, ҳозирги замонда сал бўш келсанг бошингга чиқиб олишади. Болага, айниқса, қиз болага ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўргатиш керак. Бўлмаса, лаллайиб оғзидаги ошни олдириб қўяди бу ҳаётда...»
Мажлис ўтганига анча кун бўлса-да ҳамон ўйланаман. Наҳотки, айрим «тарбиячи» ота-оналар болага ҳуқуқ ва бурчларини ўргатишни тарбиясизлик, бетгачопарлик қилиш билан бир тушунча деб ўйлашса? Шундоғам ҳурмати тушиб кетган ўқитувчилар обрўсига путур етказибгина қолмасдан бола тарбиясида нотўғри унсурларни омма олдида тарғиб қилган ўша аёлнинг оила муҳити қандай бўлса? Умр йўлдошига бўлган муносабати-чи? Қўни-қўшниларга-чи? У қиз эртага ким бўлиб улғаяди? Қандай келин бўларкин?..
Биз ҳам ўқувчи бўлганмиз. Бизнинг мактабимизда ҳам, синфимизда ҳам тўполончи, шўх ва тарбиясиз синфдошларимиз бўлган. Бу табиий жараён ҳам – беш қўл баравар эмаску. Туман марказидан келган рус миллатига мансуб ёшгина аёл ўқитувчи айнан ўша тарбиясиз ўқувчилар қилиқларидан безиб кетиб қолгани ҳамон ёдимда. Оқибатда нима бўлди? Рус тилини ўрганмоққа чин дилдан киришган ўқувчилар малакали ўқитувчисиз қолишди. Натижа эса ўзингизга маълум.
Мактабни таълим ва тарбия маскани сифатида тилга олиб ўрганганмиз. Шу билан ота-оналик мажбуриятларимизни ўзимиздан соқит қиламиз гўё. Кечирасизлару бола тарбияни аввало ўз уйида олиши керак. Мактаб эса таълимга урғу бериши керак. Чунки фарзандларимизнинг келажакда қандай инсон бўлиб камол топиши аввало ўзимиз учун муҳим. Мактаб боринг ана ўн йил амаллаб ўқитиб берар. Кейинчи?! Айни шу саволни ҳар бир ота-она доим ўзига бериб туриши даркор.
Усмонжон Йўлдошев,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter