Умар ал-Башир ўлимга ҳукм қилиниши мумкин
Суданнинг собиқ президенти, айни пайтда ҳибсда сақланаётган Умар ал-Башир ўлимга ҳукм қилиниши мумкин, дейилади «Взгляд» хабарида. Ал-Башир 1989 йилги ҳарбий тўнтаришда қатнашиб, ҳукуматни ағдаришда айбланяпти.
Ал-Баширни ҳукумат тепасига олиб келган 1989 йил 30 июнидаги ҳарбий тўнтариш суриштирувини олиб бориш учун мамлакат бош прокурори Тож ал-Хибер қўмита ташкил қилди. Судан конституцион тузумига дахл қилганликда айбланган ҳарбийлар ва фуқароларни судга тортишда айнан ушбу тергов натижалари асос бўлади, дейилади «Independent Online» хабарда.
«Агарда собиқ президент айбдор деб топилса, ўлимга ҳукм қилиниши ёки умрбод қамоқ жазоси олиши мумкин», дейилади нашр хабарида.
Ҳукуматни тўнтариб, Суданни 30 йил бошқарган президент Ал-Баширнинг ўзи ҳам 2019 йил апрель ойида тўнтарилди. 2020 йилнинг 1 январь куни 76 ёшини қарши оладиган собиқ президент коррупция, пулларни ўзлаштириш, молиявий фирибгарлик, чет эл фондлари билан ноқонуний битимлар тузиш, терроризмни молиялаштириш ҳамда намойишчиларни ўлдиришга ундаш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter