Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Украина уруши Хитой режаларини йўққа чиқармоқда» – иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул

Яқин бир ой ичида жаҳон сиёсатида кўплаб муҳим воқеалар рўй берди. Жорий йилнинг март ойида Хитой раиси Си Цзинпин Россияга давлат ташрифи билан борган бўлса, апрель ойининг бошида Франция президенти Эммануэл Макрон Хитойга келди.

Биз бугун Хитойнинг глобал сиёсатда тутаётган ўрни ва Украина урушига Хитойнинг таъсири ҳақида суҳбатлашамиз. Бугунги суҳбатдошимиз иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул.

– Нега сўнгги вақтларда Хитойга Европа раҳбарлари серқатнов бўлиб қолди?

– Бунинг асосий сабаби Хитой Украина-Россия урушида модераторлик ролини бажармоқчи. Бу ролни яқин-яқингача Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон бажариб келаётган эди. Аммо Туркияда рўй берган зилзила ва президентлик сайловининг май ойига кўчирилиши Эрдўғоннинг модераторлик имкониятларини бироз чеклади. Ҳозир Туркия раҳбари ўзининг ички муаммолари билан банд бўлиб қолди. Энди бу ролни Хитой қўлга киритмоқчи бўляпти. Хитой раҳбарининг март ойида Москвага сафар қилишининг асосий сабаби ҳам Россиянинг режасини ўрганиб, ўзининг тинчлик ўрнатиш дастурини жаҳонга эълон қилиш эди. Хитойнинг шу позицияси Европа лидерларининг Пекинга серқатнов бўлиб қолишига асосий сабаб ҳисобланади.

– Кўплаб таҳлилчилар «Европа Хитой орқали Россияга босим ўтказмоқчи», деган фикрни илгари суришмоқда. Ҳақиқатдан ҳам Европа Хитой орқали Россияга босим ўтказмоқчими?

– Россияга Хитой орқали босим ўтказиш қанчалик тўғри эканлигини билмайман. Лекин Хитойни ўзи урушни тезроқ тугатиш тарафдори. Чунки Хитой Украина-Россия урушидан жуда катта иқтисодий зарар кўрмоқда. 2022 йилда, 43 йиллик тарихда илк бор Хитойнинг ялпи ички миллий маҳсулоти (ЯИМ) 3 фоизга тушиб қолди. Бу статистик маълумотни Хитойни ўзи эълон қилди. Аслида режа бўйича, Хитой иқтисоди 2022 йилда 6,5 фоизга ўсиши керак эди, лекин бундай бўлмади. Пандемия даврида ҳам Хитой иқтисодиёти стагнацияга юз тутганди. 2021 йилда Хитой иқтисоди 8,1 фоизга ўсган.

Украина уруши Хитой иқтисодиётига бевосита таъсир ўтказмоқда ва Хитойнинг тузган режаларини йўққа чиқармоқда. Уруш Хитой маҳсулотларини Европага чиқиши учун муаммо туғдиряпти. Хитой шу вақтга қадар асосий маҳсулотларини Қозоғистон ва Россия орқали Европага олиб борган. Ҳозир Хитой бошқа айланма йўллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Айни шу сабабдан ҳам Хитой урушда модераторлик вазифасини ўз қўлига олмоқчи, лекин халқаро таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу иш ҳали бери ҳал бўлмайди. Чунки Хитой раҳбари Москвада Путин билан учрашганидан кейин, Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам суҳбатлашиши керак эди. Аммо бу мулоқот тўхтаб турибди.

Жорий йилнинг март ойида Си Цзинпин Москвага борганида ўз олдига бошқа мақсадларни қўйган эди. Россия раҳбарияти эса Хитойдан бошқа нарсани кутганди. Президент Путин Хитойдан ҳарбий ёрдам олиб, урушни ютиб чиқишни кўзлаганди, аммо Путиннинг бу мақсади амалга ошмай қолди. Хитойни мақсади эса Россияга ҳарбий ёрдам бериш эмас, балки урушни тезроқ якунлаш эди. Шу ерда ҳар икки томоннинг мақсадларида фарқлар борлиги кўриниб қолди. Хитой раҳбари Москвага келганида Россия матбуоти буни «биз Хитой билан абадий дўстмиз, улардан ёрдам оламиз», дея талқин қилди. Бундан Ғарб лидерлари анча хавотирга туша бошлади. Шу хавотир натижаси ўлароқ, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Хитойга етиб келди.

Бир ҳафталар олдин Хитойнинг Европа Иттифоқидаги элчиси Фу Цун матбуот конференцияси чақирди. Унда элчи Фу Цун Хитой Украина урушида ҳеч қайси томонда эмаслигини, Хитойнинг Россияга ҳеч қандай ҳарбий ёрдам бериш режаси йўқлигини, Россия матбуотида янграган гаплар аслида бир риторика эканлигини айтди. Бу янгилик дунё матбуотини анча жунбушга келтирди.

Яқинда Хитой раҳбари генералларга урушга тайёргарлик кўриш кераклигини билдирди. Шу сабали ҳам Тайван муаммоси яна қўзғалиб қолмайдими?

– Ҳақиқатдан ҳам Хитой раҳбари генералларга армия урушга тайёр туриши кераклигини айтди, аммо таҳлил марказлари бу гапларни жиддий эмаслигини таъкидламоқда. Хитой вақти-вақти билан бундай гапларни айтиб туради. Мао Цзедун Хитой раҳбари бўлган давр (1943-1976 йиллар)да Хитойнинг АҚШ билан алоқаларини яхши бўлмаган. У ҳар доим Американи огоҳлантириб тураркан. Бу огоҳлантиришлар жуда қўрқинчли бўлар эди. Бу, айниқса, Ветнам уруши вақтида кучайган. Ўшанда Хитой АҚШни 570 марта огоҳлантирган. Айтмоқчи бўлганим, сиёсатда бундай риторик гаплар бўлиб туради. «Хитой яқин орада Тайванга ҳарбий агрессия қилади», деган фикрлар нотўғри. Хитой яқин ўртада ўз атрофида ҳеч қандай ҳарбий эскалацияни келтириб чиқармоқчи эмас. Унинг иқтисодий аҳволи бунга йўл қўймайди.

– Россиянинг ядро қуролини Беларус ҳудудига жойлаштириш ғоясини Хитой қандай қабул қилган бўлиши мумкин?

– Москвадаги келишувда томонларнинг эълон қилган декларацияда ядро қуролини қандай бўлишдан қатъий назар тарқатмаслик ҳақида гапирилган. Россия Хитой билан келишувда мана шу мажбуриятни олган эди, аммо Си Цзинпин Москвадан кетганидан сўнг, Путин тактик ядро қуролини Беларус ҳудудига жойлаштиришни айтди. Бундан ташқари, жорий йилнинг январь ойида БМТ хавфсизлик кенгашида расман ядро қуроли бўлган 5 та давлат, шу жумладан, Россиянинг ўзи ҳам ядро қуролини тарқатмаслик ва ишлатмаслик ҳақида меморандум эълон қилган эди.

– Жорий йилнинг март ойида Саудия ва Эрон дипломатик алоқаларни тиклашга келишиб олди. Бунда Хитой ўртада туриб воситачилик қилди. Кўп ўтмасдан Саудия Арабистони Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га тўлиқ аъзо бўлиш тўғрисидаги меморандумни маъқуллади. Нега Саудия АҚШдан узилиб, Хитой томон юзланмоқда?

– Хитойнинг бундай тинчликсеварлигининг ортида жуда катта иқтисодий манфаатлар турибди. Саудия Эрон билан дипломатик алоқа ўрнатишидан олдин, Хитой ва Саудия ўртасида узоқ муддатли нефть келишуви имзоланди. Россия ҳам Хитой билан шундай шартнома имзоламоқчи эди, лекин Хитой Россия билан эмас, Саудия билан ҳамкорлик қилишни афзал кўрди. Бундан ташқари, яқинда Эрон ва Хитой нефть савдоси бўйича келишувга эришди. Бу Россиянинг иқтисодий манфаатларига катта зарба бўлди.

Саудия ва Эронни яраштиришдан асосий мақсад Хитойга Яқин Шарқда тинчлик керак. Бу жуда қийин иш эди. Икки давлат ўртасида диний, геосиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликлар бор, лекин шунга қарамай Хитой бу икки мамлакатни келиштира олди.

Яқин-яқингача Саудия Арабистони Яқин Шарқда АҚШнинг энг яқин ҳамкори эди. Ҳозир Саудия ташқи сиёсатда бир томонга қараб қолмаслик учун ташқи сиёсатини диверсификация қилмоқда.

– Яқинда Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) кутилмаганда нефть қазиб олишни кунига миллион баррелга қисқартиришга қарор қилди. Бу қарор Хитой, Россия ва Европа иқтисодига қандай таъсир қилади?

– ОПЕКнинг нефть қазиб олишни туширишининг асосий сабаби Европа ОПЕК давлатларидан нефть сотиб олишни тўхтатди. Шундан сўнг ОПЕК давлатлари бир кунлик нефть қазиб олишни 1 миллион 280 минг баррелга туширди. Бу 2020 йилдаги коронавирус давридаги қазиб олиш ҳажми билан тенг. Қазиб олиш туширилгач, дастлаб нефть бозорида нарх кўтарилди, лекин бироз вақт ўтгач нефть нархи жойига қайтди.

– Вақт ўтиши билан юань долларга тенглаша оладими?

– Бугунги кунда жаҳон савдосининг 50 фоизи долларда, 30 фоизи еврода, қолган 20 фоизи бошқа валюталарда амалга оширилади. 2021 йилда жаҳон савдосида юаннинг улуши 4 фоизни ташкил қилди.

Бундан ташқари, АҚШ иқтисоди коронавирус давридан кейин 3,8-4 фоизга ўсди. Хитой иқтисоди эса 2022 йилда 3 фоизга ўсди. Хитой 2030 йилга қадар АҚШни иқтисодий жиҳатдан қувиб ўтишни режа қилган, бироқ йилдан-йилга Хитойнинг иқтисодий ўсиш сурати пастга тушиб кетмоқда. Агар Хитой Американи қувиб ўтмоқчи бўлса, ҳар йили Хитой иқтисоди 7 фоизга ўсиши керак. Ана шунда Хитой АҚШга етиб олиши мумкин.

Сардор Али суҳбатлашди 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг