Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина: улкан ядро фалокати рўй беришига бир баҳя қолди

Украина: улкан ядро фалокати рўй беришига бир баҳя қолди

Европадаги энг йирик АЭСда рўй берган ёнғин.

Фото: Reuters

Дунё йирик ядро ҳалокатидан омон қолди, дейди ғарблик дипломатлар.

Гап шундаки, Россия қўшини жума куни Энергодар шаҳрида жойлашган Запорожье атом электростанциясини ўққа тутган. Оқибатда Европадаги энг йирик АЭСда ёнғин келиб чиққан.

Стратегик объектда ёнғин чиқиши ортидан Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россиядан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди ва ядро объекти портлагудек бўлса Чернобиль авариясидан ўн карра кучли фожиа рўй беришидан огоҳлантирди.

Украина президенти Владимир Зеленский зудлик билан дунё етакчилари ҳамда Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик  (МАГАТЭ) раҳбариятига қўнғироқ қилди. МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси ҳарбийларни АЭС теграсида қалтис ҳаракатлар содир этишдан қайтарди.

Запорожье АЭСда рўй берган фавқулодда ҳолат БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам муҳокама қилинди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Запорожье АЭС ўққа тутилганини рад этди ва рус қўшини объектни ўз назоратига олиб, хавфсизликни таъминлаётгани, радиоактив моддалар тарқалиши хатари йўқлигини қайд этди.

Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица АЭСга қилинган ҳужумни ядро террорчилиги деб атади. Дипломат, шунингдек, россиялик ҳамкасбининг баёноти ёлғон эканини урғулади. Сергей Кислица АЭСнинг ядро хавфсизлигига масъул бир неча ходими Россия аскарлари томонидан ўлдирилганини маълум қилди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд эса россиялик ҳарбийларнинг хатарли ҳаракати сабаб дунёда улкан ядро ҳалокати рўй беришига бир бахя қолганини таъкидлади. АҚШ вакили АЭСдаги фавқулодда ҳолат нафақат Украина ёки Россия, балки бутун Европа учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

Кўплаб мутахассислар ҳам ядро реакторларидаги жиддий носозликлар Чернобиль ёки Фукусима каби ҳалокатли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Айни пайтда Украина томони АЭСлар бўйлаб 30 км радиусда ҳарбий ҳаракатларни буткул чеклашни талаб қилмоқда.

Запорожье АЭС 1986 йилда барпо этилган бўлиб, 6 та энергия блокига эга. Аввалроқ Украинадаги бошқа бир ядро объекти – Чернобиль АЭС Россия назоратига ўтгани хабар қилинган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг