Украина томони ўзбекистонликларни урушда иштирок этмасликка чақирди
Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси мурожаат билан чиқиб, фуқароларни урушда иштирок этмасликка чақирмоқда.
«Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларида олиб борилган жанговар ҳаракатлар пайтида Россия армияси хорижий фуқароларни урушга жалб этмоқда.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, вақтинча ишғол қилинган Донецк вилояти Горловка шаҳрида жойлашган Россия кучларининг бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари борлиги аниқланган.
Ушбу шахслар Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган Украина ҳудудига қурилиш ишларини олиб бориш учун келган. Мариупол (Украина) шаҳрига етиб келганидан сўнг, уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва бу фуқаролар Россия Федерацияси кучлари сафига кўнгилли сифатида сафарбар қилинган», – дейилади элчихона хабарида.
Элчихона, ўз навбатида, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясининг Украинага қарши урушида қатнашмасликка ва вақтинча босиб олинган ҳудудларига бормасликка чақиради. Шунингдек, ушбу қоидаларни бузганлар Украина қонунлари ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter