Учқудуқлик чилангарнинг иқтидорини кўринг. Қойилмисиз? (фото)
Суратдаги от ҳайкалини кўряпсиз-а? Унинг муаллифи донғи кетган ҳайкалтарош эмас, балки оддий чилангар йигит: Анвар Сулаймонов. Йигирма олти ёшда. Учқудуқлик. НКМК Шимолий кон бошқармасида ишлайди. У ясаган от ҳайкали Учқудуқдаги «Олтин кўл» мажмуасига қўшимча кўрк бериб турибди.
Анвар отни ясаш учун 35 кун вақт сарфлади. Каркас тайёрлаш учун 15 кун вақт керак бўлди. Отнинг тана қисми темирдан. Металл чиқиндиларини бир-бирига пайвандлаб тайёрлади. Ҳайкал 400 кило тош босади. Ёллари металл троссдан. Оёқлар тик туриши учун 102 см.ли трубадан фойдаланди.
Анварнинг айтишича, отнинг калласи танасига мос тушмагани учун 3 марта қайта тайёрлашга тўғри келди. У ҳайкалтарош эмас, балки бу ҳунар унинг «хобби»си. У яна от ҳайкали ясамоқчи. Бу галгиси оқ рангда ва эртакдагилардагидек қанотлари бўлади. Эътиборлиси шундаки, Анвар бу иши учун ҳеч қандай рағбат олмади. Фақат истироҳат боғига дам олиш учун келаётганлар қизиқиш билан унинг «оти» ёнида суратга тушаётганларини кўрса, қувончини ҳеч нарса билан тенглаштирмайди.
Ҳақиқий иқтидорлар ёнимизда... Уларни ўз вақтида илғай олсак бас!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter